Янги ҳайдовчилик гувоҳномаси қай тартибда берилишини биласизми?

/
Сўнгги пайтларда амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилмоқда. Хўш, бу янгиликдан кўзланган мақсад нима? Қолаверса, аҳоли орасида амалдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришда қайта имтиҳон топшириш керак экан, деган гап-сўзлар юрибди. Хуллас, турли миш-мишларнинг олдини олиш ва муштарийларимизни қизиқтираётган шу ва шу каби бошқа бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусовга мурожаат қилдик.
— Шу кунга қадар амалда бўлиб келаётган ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришдан кўзланган мақсад нима?
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, республикамиз ҳудудида янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини жорий этишдан кўзланган мақсад, ушбу гувоҳномаларнинг Йўл ҳаракати тўғрисидаги Конвенция (Вена шаҳри, 1968 йил 8 ноябрь) тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида яратилишини самарали ташкил этишдан иборат.
— Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштиришнинг охирги муддати қачонгача?
— Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2020 йил 31 декабргача кўзда тутилган. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017 — 2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.
2021 йил 1 январдан эътиборан эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
— Янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси аввалги гувоҳномадан нимаси билан фарқланади ва унинг афзаллиги нимада намоён бўлади?
— Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси халқаро стандартлар тавсиялари асосида бир қатор ҳимоя воситаларига эга пластикдан тайёрланган бўлиб, гувоҳноманинг ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами ва ахборот-маълумот базаларидан бевосита алоқасиз маълумот олиш ва ошириш имконини берувчи махсус электрон белги (NFC Смарт-карта) билан таъминланган бўлиб, унда ҳайдовчи ҳақидаги барча маълумотлар электрон тарзда жамланади ва ЙПХ инспектори махсус қурилма орқали уларни ўқиш имкониятига эга бўлади.
— Ҳайдовчилар гувоҳномаларини қайта расмийлаштираётганда тест синовларидан ўтишлари қонунда белгиланганми ва бу жараён пуллик амалга ошириладими? Агар пуллик бўлса, маблағ миқдори қанча?
— Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунасига алмаштириш бугунги кунда, фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони ҳамда тўлов квитанцияси асосида амалга оширилади.
Транспорт воситаларини охирги 12 ой давомида бошқарган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тегишли имтиҳонларсиз алмаштирилади.
Қуйидагилар транспорт воситаларини 12 ой мобайнида бошқарганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб ҳисобланиши мумкин:
а) ишлаётган ҳайдовчилар учун меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки ишлаётган жойида унга бириктирилган автотранспорт тури кўрсатилган маълумотнома (буйруқдан кўчирма);
б) шахсий транспорт ҳайдовчилари учун уларга тегишли бўлган транспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси;
в) ишончнома ёки ижара шартномаси билан автомобиль бошқарган шахслар учун автомобиль рўйхатдан ўтганлиги ҳақидаги қайд этиш гувоҳномаси ва уни бошқариш учун нотариал идора томонидан тасдиқланган ишончнома ёки ижара шартномаси.
Транспорт воситасини охирги 12 ой давомида бошқармаган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширганларидан сўнг алмаштирилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш (алмаштириш) учун республикамизда жорий этилган энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
— Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ЙҲХББга тақдим этган фуқароларга ҳужжат қанча муддатда расмийлаштирилади ҳамда мазкур вақт мобайнида вақтинчалик автомобилни бошқариш учун рухсатнома бериш кўзда тутилганми?
— Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига алмаштириш учун ҳудудий Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим(бўлинма)ларига мурожаат этилган куннинг ўзида алмаштириб берилади.
Суҳбатни “Adolat” мухбири
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ ёзиб олди.
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади....
01 янв 1970
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади.
01 янв 1970
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсла...
01 янв 1970
Бугунги озод ва обод турмушнинг рангин манзараларини ўз кўзларим билан кўриш бахти менга насиб этмаган, — дейди Мардон бобо Маматқулов....