Ички туризм маҳаллий бюджет манбаларидан биридир

/
Ўз юртингнинг бетакрор ва сўлим гўшаларига саёҳат қилиш, асрларга тенгдош бўлган тарихий обидаларини зиёрат қилиш, гўзал табиатнинг бебаҳо инъомларидан баҳраманд бўлиш инсон маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган омиллардан саналади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири сифатида ички туризмни жадал ривожлантириш, фуқароларни мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан таништириш мақсадида қабул қилинган “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлди.
Қарорга мувофиқ, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бир қатор жамоат ташкилотларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда туризм инфратузилмасининг бандлигини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар ҳамда жалб этилган ташкилотлар миқёсида турлар ва экскурсияларни ташкил қилиш жадвалларини тасдиқлаш вазифасининг юклатилиши кўп минг сонли нуронийларимиз, ёшлар ва хотин-қизлар билан бир қаторда турли меҳнат жамоаларида хизмат қилаётган юртдошларимизнинг мамлакатимиз туризм салоҳиятидан баҳраманд бўлишларига кенг имконият беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қарорда ёшларни туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ахборот-тарғибот тадбирларининг мунтазам ўтказилишини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилганлиги келгусида юртимизда туризм соҳаси бўйича ҳам янги тадбиркорлар авлодининг камол топишига пухта замин яратади.
Маънавий тарғибот ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар ва ОАВ “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ташқи реклама воситаларини (шит-баннерлар ҳамда ташқи экранлар учун роликлар) тайёрлаш ва ўрнатиш йўли билан ички туризмни кенг тарғиб қилишда фаоллик кўрсатиши туризм соҳасидаги ташкилий-амалий ишлар самарадорлигини оширади.
Мамлакатимиз фуқароларига туристик экскурсия турлари учун тўловлар билан боғлиқ харажатлар масаласида етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизи қамраб олиниши таъминланган ҳолда — хайрия маблағлари, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети кўрсаткичларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши кучли ижтимоий ҳимоя барқарор эканидан далолат беради.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, пенсионерлар ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун — ўз маблағлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг маблағлари ва хайрия маблағлари, фаол хотин-қизлар учун — ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ва хайрия маблағлари ҳисобидан, маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун эса ўз маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тенглик асосида қопланиши белгиланганлиги инсон манфаатлари устуворлигининг бир ифодаси бўлиб, барча юртдошларимизнинг туризм хизматидан баҳраманд бўлиш имконини кенгайтиради.
Ички туризмни янада ривожлантириш ҳамда туризм инфратузилмаларини такомиллаштириш мақсадида ҳудудларда кичик туризм зоналарининг ташкил этилиши ўз-ўзидан янги иш ўринлари барпо этилишида ижобий аҳамият касб этади.
Айни пайтда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг муҳим аҳамиятини фуқаролар ўртасида тарғиб этишда партиямизнинг барча бўғиндаги тузилмалари, ҳар бир сафдошимиз фаоллик кўрсатишни мақсад қилган.
Ривож ОТАРБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси ўринбосари 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожланмоқда. Инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган алоҳида тарбияга муҳтож оила фарзандлари, ички ишлар профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар ҳамда фаол ...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўтаринки руҳда, фуқароларнинг сиёси...
01 янв 1970
Яқинда вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари Қибрай туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар била...