Китобхонлар жамияти ташкил этилса...

/
Атоқли ўзбек адиби Ойбек “Китоблар инсон тафаккурининг қанотларидир”, деб ёзади. Бу ибратли гапда инсониятнинг бир неча минглаб йиллик ҳаётининг айни ҳақиқатга айланган хулосаси ифодаланган. Негаки, Ер юзида ҳаёт мавжуд экан, унинг тараққиёт, юксалиш, тамаддунсиз кечиши қийин. Тараққиёт, юксалиш, тамаддун эса дунёда олий мавжудот бўлган инсон онги, иқтидори, тафаккури ривожи, қудрати билан боғлиқ. Инсон онги, иқтидори, тафаккури юксалиши эса илм-фан, маърифат, маданият, маънавият тараққиёти орқали кечади. Бунда энг яхши китоблар илм-фан, маърифат, маънавиятни башариятга етказиб берувчи воситага, яъни инсонлар учун тафаккур қанотларига айланади. Ҳаёт кўп асрлардан бери ана шундай асосда ривожланиб, юксалиб келган. Бу ҳол XXI асрда янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
Бугун инсоният илм-фансиз, маърифатсиз, ҳаёт сабоқларини умумлаштирган китобларсиз катта ютуқларни қўлга киритиш қийин эканлигини чуқурроқ англаб етди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда давлатимиз раҳбари илм-фанни ривожлантиришга, янги технологияларни ҳаётга, ишлаб чиқариш соҳасига татбиқ этишга, маънавиятни юксалтиришга, китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада республикамизни дунёнинг энг тараққий этган давлатлари қаторига олиб чиқиш йўлидан бормоқда. Шу сабабли юртимизда илм-фанни ривожлантириш, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, китоб нашр этиш, китобхонлик маданиятини ошириш, маданий-маънавий ҳаётни юксалтиришга хизмат қиладиган ўнлаб фармонлар, қарорлар, фармойишлар, дастурлар қабул қилинди. Ана шу ҳужжатлар эндиликда илк самараларини бера бошлади.
Ушбу ҳужжатлар орасида Президентимизнинг 2017 йилдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши алоҳида аҳамият касб этади. Фармойишда мамлакатимизда китоб ва китобхонлик масаласи билан боғлиқ ҳал қилиниши зарур бўлган кўплаб масалалар қамраб олинган.
Биринчидан, ушбу ҳужжатда китоб маҳсулотларини чоп этиш масаласига эътибор қаратилган. Бу бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда, хусусан, ХХ асрнинг охирлари, XXI асрнинг бошларида юртимизда китоб чоп этиш билан боғлиқ баъзи муаммолар юзага келган эди. Бир томондан, ўша пайтлари адабиётимизда яратилган етук бадиий намуналар, аждодларимиздан мерос қолган энг яхши қўлёзмалар, илмий-маърифий асарлар нашрлари эътибордан четда қолди. Улар нашр этилса ҳам адади 2-3 минг нусхадан ошмади. Бу 10-15 миллионлик китобхонга эга халқимиз учун денгиздан томчи эди. Иккинчи томондан, баъзи бир савияси ўртамиёна ва ундан ҳам паст бўлган, “олди-қочди”лардан иборат “ижод намуналари” эса ҳомийлик ҳисобига нашрдан чиқарилди. Натижада яхши китоблар ўрнини мазмунан саёз, бачкана, бадиият талабларига жавоб бера олмайдиган нашрлар эгаллай бошлаганди. Бу салбий иллатнинг оқибатлари ҳозир ҳам озми-кўпми кўзга ташланади. Шу сабабли бугунги кунда ана шундай камчиликларни бартараф этиш, китоб маҳсулотларини чоп қилишни яхшилаш ҳаётий заруратга айланди.
Иккинчидан, мустақилликдан илгари ва истиқлолнинг дастлабки йилларида китобларни тарқатиш, китобхонларга етказиб бериш тизимида ҳам ўзига хос камчиликлар пайдо бўлди. Айтайлик, республикамизнинг пойтахти ҳамда 4-5 та йирик шаҳарларни ҳисобга олмаганда вилоятлар ва туманлар марказларидаги китоб дўконларининг аксарияти ёпилди. Қишлоқлардаги кутубхоналар, қироатхоналар йўқ қилинди. Ҳатто айрим туманлардаги кутубхоналар ҳам фаолиятини тўхтатди. Натижада китобларни тарқатиш ва китобхонларга етказиб бериш борасида бўшлиқ юзага келди. Халқимиз қандай китоблар, рисолалар, асарлар нашр қилинганидан тўла хабардор бўлолмади. Чоп этилган энг яхши асарлар, китоблар вилоятлар, туманлар, қишлоқларга етиб бормади. Фақат кейинги 7-8 йил ичида китобларни вилоятлар ва туманларга етказиб бериш, уларда китоблар савдоларини ташкил қилиш, китоб дўконларини очиш, кутубхоналар фаолиятини яхшилаш, уларнинг фондларини яратиш, ахборот-ресурс марказлари барпо этиш борасида баъзи ижобий ишлар қилина бошланди. Эндиликда бу ишларни янада кучайтириш талаб этилмоқда.
Учинчидан, халқимизнинг китобхонлик даражасини ошириш, маданиятини, маънавиятини юксалтириш яхши китобларни чоп этиш ва уларни жойларга етказиб бериш билан чекланиб қолмайди. Бу нашрларни китобхонлар қўлига етказиб бериш, аҳолининг китоб мутолаасини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳам ана шу масаланинг узвий давоми ҳисобланади. Нашр этилган китоблар ўқилса, халқимиз ҳаётида ўз изини қолдирса мақсадга етилади. Албатта, бировга китобни мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Лекин жойларда китоб мутолааси билан боғлиқ анжуманлар, танловлар, мусобақалар ўтказилса, радио ва телеэкран орқали китобларни ўқиш ташкил этилса, китобхонлик борасида кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Тўғри, бундай ишлар бугунги кунда пойтахтда ва вилоятлар марказларида бир қадар амалга оширилмоқда. Аммо бу ишлар ҳали туманлар, қишлоқлар, овуллар, маҳаллалар доирасида тўла бажарилаётгани йўқ. Китоб мутолааси жараёнида яна бир муаммони эътибордан соқит қилмаслик керак. Бу китобхонлик маданияти билан боғлиқ. Маълумки, ҳозирги пайтда кўплаб китоблар нашр этилмоқда. Улар орасида энг яхшилари билан биргаликда бадиий ва мазмунан саёз, талабга жавоб бермайдиган асарлар ҳам бор. Айни пайтда юртимизга хорижий мамлакатларда турли йўналишларда чоп қилинган ҳар хил савиядаги китоблар ҳам кириб келмоқда. Улар орасида энг сара асарлар билан бирга бадиий, илмий, диний, мафкуравий дунёқарашимизга тўғри келмайдиганлари ҳам бор. Бундай пайтда китобхонларимизнинг тўғри келган асарларни мутолаа қилавермасликлари ва ўқилган китоблари юзасидан холислик билан мулоҳаза билдиришлари, яхши ва ўртамиёна, ундан ҳам паст асарларни ажрата олишлари учун уларнинг дидини, савиясини, бадиий тафаккурини ўстириш, яъни китобхонлик маданиятини юксалтириш талаб қилинади.
Тўртинчидан, бу ишларнинг ҳаммасини муваффақиятли адо этиш учун китоб тарғиботини кенг миқёсда амалга ошириш керак. Китоб тарғиботи эса кўпроқ халқ оммаси ўртасида, китобхонлар билан юзма-юз учрашувлар, мулоқотлар, баҳс-мунозаралар тарзида амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Тўғри, ҳозир ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари, радио ва телевидение, интернет тизими орқали китоблар тарғиботига эътибор қаратилмоқда. Аммо бугунги жараён китоб тарғиботини янада кучайтиришни, уларни жонли мулоқотлар тарзида амалга оширишни заруратга айлантирмоқда.
Шунинг учун ҳам мамлакатимиз Президенти фармойишида республикамизда китоб маҳсулотларини чоп этиш, тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини ошириш, уларни тарғиб қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисидаги масалага эътибор қаратди. Мазкур комиссия юқоридаги ишларнинг ҳаммаси амалга ошишини назорат қилиши белгиланди. Шубҳасиз, бу юртимизда китоб ва китобхонлик маданиятини янги босқичга кўтаради. Айни пайтда, юртимизни чинакам китобхон ўлкага, халқимизни юксак маданиятли китобхонга айлантириш учун мамлакатимизда бу ишларга бош-қош бўладиган бир ташкилот – китобхонлар анжуманими, китобхонлар марказими, китобхонлар жамиятими ташкил этиш вақти етди, деб ўйлаймиз. Бу ташкилот ва унинг жойлардаги вакиллари китоб ва китобхонлик борасида республикамиз марказидан тортиб, унинг олис қишлоқлари, овулларида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш, турли тадбирлар, учрашувлар, анжуманларни янада кўпроқ ўтказиш имконига эга бўларди.
Халқимиз қадим-қадимдан илму маърифатни улуғлаб, китобни энг улуғ дўст деб, қадрлаб келган. Шунинг учун ўрта асрнинг улуғ шоирларидан бири:
Дунёда китоб каби азиз ёр йўқдир,
Ўткинчи замонда чин мададкор йўқдир.
Қолганда ҳар киши китоб билан танҳо
Юз роҳат етару сира озор йўқдир,

деб ёзган эди. Зеро, китобхон сифатида ўтмиши улуғ бўлган халқнинг келажаги ҳам буюк бўлишига, миллатимиз яна юксак китобхонлик даражасига, илм-фан ютуқларига эришишига шубҳа йўқ.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Меҳмонларни Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов бошчилигида вилоят фаоллари қарши олди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбия...
01 янв 1970
Мамлакатимизга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди....
01 янв 1970
Инсон дунёга келар экан, ҳазрат Навоий айтганидек, комилликка интилиши, ўз атрофидаги инсонлар таъсирида, устозлар кўмагида камолот пиллапояларидан...