Маҳоратли қалам, журъатли сўз

/
Йигирманчи асрнинг буюк қалам соҳибларидан бири Чингиз Айтматов ўзбек халқининг ҳам севимли ёзувчиси эди. Шу боис давлатимиз раҳбарининг адиб таваллудининг 90 йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори китобсевар халқимизни, кенг адабий жамоатчиликни ғоят хушнуд этди.
Чингиз Айтматовнинг қисса ва романлари, ўткир мушоҳадали публицистик чиқишлари, нуфузли анжуманлардаги маърузалари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, чунки уларда бир миллатга ёки мамлакатга эмас, бутун инсониятга, ер юзида тинчлик-тотувликни сақлаб қолишга доир умумбашарий муаммолар қаламга олинади. Айтматов халқнинг тилида ва дилида турган, ечими топилмаса вазият янада мураккаблашадиган иллатларга эътибор беради. Адибнинг бадиий асарлари каби публицистик чиқишлари ҳам жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши, ўқувчида, жамоатчиликда залворли фикр уйғотишининг сабаби ҳам шунда. Ёзувчи ижодига доир муҳим тадқиқотлар олиб борган адабиётшунос олим Қ.Бобулов: “Чингиз Айтматовнинг қирғиз адабиётига кириб келишини ҳеч ким сезмагандек ва ҳатто, унинг дастлабки ҳикояларига ҳеч ким эътибор бермагандек бўлди. Аммо зийракроқ ўқувчи қирғиз адабиёти остонасида аниқ гражданлик ва ижодий позицияга эга бўлган истеъдодли адиб турганини пайқаши қийин эмасди”, деб ёзган эди.
Айтматов журналистикага ҳам шундай кириб келди. Унинг дастлабки танқидий-таҳлилий мақолалари талабалик йилларига тўғри келади: қишлоқ хўжалик институтининг студенти, бўлажак зоотехник кутилмаганда луғатлар, олий ўқув юртлари учун тайёрланган дарсликлар, турли қўлланмалари ва рус ёзувчиларнинг қирғиз тилига ўгирилган асарларида йўл қўйилган нуқсонларни жиддий танқид қилиб майдонга чиқади. Дастлабки ҳикоялари, сўнг “Жамила”, “Юзма-юз”, “Эрта келган турналар” каби қиссалари муаллиф номини оламаро машҳур қилади. “Жамила”нинг француз тилига ўгирилиб, Парижда чоп этилиши бу асар ҳақидаги тор қобиқли раддияларга чек қўйди.
Айтматов ижодкорликка рус, қирғиз ва бошқа миллий адабиётлардаги тажрибаларни чуқур ўзлаштирган, мағиз-моҳиятини чаққан ҳолда кириб келди, десак хато бўлмайди. Муҳими шундаки, у собиқ тузумнинг қон-қонимизга, онг-шууримизга сингиб кетган мафкуравий қадриятларидан воз кечиш, адабиётни, ижодий тафаккурни янги инсонпарвар ўзанларга буриш пайти келганини бошқалардан кўра эртароқ англади, буни мақолаларида, асарларида ошкора баён эта олди.
Чингиз Айтматов асарларининг муҳим хусусияти уларнинг бадиий мукаммал, таъсирчан, ҳаётга, конкрет воқеликка, одамларнинг ўй-хаёлларига бевосита боғлиқлигида деб айта оламиз. Муаллиф ўз бошидан кечирган, ўзи гувоҳ бўлган, ўзини ўйлантирган ва безовта қилган мавзуларни қаламга олади. Ёзувчилик виждони, инсонийлик бурчи жим туришга, бефарқ бўлишга йўл бермайди ва бу ҳолатни ўқувчига ҳам юқтиради. Айтматовни ўқир эканмиз, бизнинг ҳам бефарқ кўзларимиз очилгандай, виждонимиз, онг-тафаккуримиз уйғонгандай бўлади. Масалан, табиатни, ноёб ўрмонларни асраш тўғрисидаги ташвишли мулоҳазаларидан кейин ўқувчи кўнглида ҳам: “Тўғри-да, ўрмонда дарахтлар ўзи униб, ўзи ўсиб ётибди, гўё эгаси йўқдай, хоҳлаган киши кесиб, пайҳонлаб кетаверади. Ҳар бир дарахтнинг тагига биттадан қоровул қўйишнинг иложи йўқ. Қоровул одамнинг виждонида бўлиши керак”, деган фикр уйғонади.
Айтматовнинг публицистик асарларида ижтимоий-фалсафий мушоҳада, воқеа-ҳодисаларнинг маънавий-ахлоқий таҳлили, хусусан, дунёда кечаётган муҳим сиёсий жараёнларнинг теран таҳлили бирламчилик қилади. Унинг уруш ва тинчлик мавзусидаги чиқишларини мутолаа қилганимизда адиб кўз ўнгимизда халқаро муносабатлардан яхши хабардор сиёсатдон сифатида гавдаланади, қишлоқ хўжалиги муаммоларидан баҳс очганида, ўтмиш тарих, буюк аждодларнинг маънавий мероси, бу бебаҳо хазинанинг бугунги ва келажак авлодлар тарбиясидаги аҳамияти, таълим-тарбия соҳаларида қалам тебратганида бу соҳаларни ҳам етук мутахассис даражасида билишига амин бўламиз. Публицистик асарларида урушни лаънатлаш, инсониятни бу ёвуз хатардан халос қилиш ғояси алоҳида аҳамият касб этади. Иккинчи жаҳон урушида бевосита иштирок этган ёки болалик йиллари айни шу қийин даврга тўғри келган кўплаб адиблар, чунончи Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Иброҳим Раҳим, Назармат, Мавлон Икром ва бошқалар ҳам бу мавзуга қўл уришган, аммо Айтматов бу мавзуда ҳам ўзининг дангал, бугунги ва келажак авлодларга сабоқ бўларли огоҳлик сўзини айта олди. Гарчи, бадиий асарларида жанггоҳлардаги тенгсиз олишув, танк ва снарядларнинг даҳшатли ўкириклари тасвирланмаган, бирор-бир тепалик ёки муҳим стратегик иншоот учун кураш қандай кечгани тасвирланмаган бўлса-да, уруш ва унинг инсон онг-шуурида намоён бўладиган, бу қирғинбаротдан кейин дунёга келадиган авлодлар тақдирини белгилайдиган, улар ҳаётига ҳам ўзининг совуқ кўланкасини соладиган фожиаларни кўрсатиб берди.
Собиқ иттифоқ мафкураси айни авжига чиққан ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида Болгария ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан София шаҳрида “Ёзувчи ва дунё: Хельсинки руҳи ва маданият арбобларининг бурчи” мавзусида дунё адибларининг халқаро учрашуви бўлиб ўтади. Ана шу нуфузли анжуманда қирғиз адиби сўзлаган нутқни, ҳеч муболағасиз, маънавий жасорат деб баҳолаш мумкин. Негаки, Айтматов кутилмаганда жаҳоннинг икки қудратли давлати ўртасида олиб борилаётган шиддатли қуролланиш пойгасининг оддий халқ турмуш тарзига аянчли таъсирини баён қилди. Адоқсиз бу пойганинг тинчлик, тотувлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларига мутлақо хизмат қилмаслигини, аксинча, қурол-яроғларнинг, хусусан, оммавий қирғин, биологик ва бактериологик воситаларнинг кўпайиши ер юзида ҳаётнинг, омонликнинг ўзини сақлаб қолишни ҳам катта хавф остида қолдиришини исботлаб берди.
БМТ махсус қўмитасининг апартеид сиёсатига қарши сессиясида қатнашган адиб бу сиёсатни ХХ асрнинг энг шармандали воқелиги, деб баҳолади. Бу сиёсатга бефарқ бўлиш, бировларнинг бошқа бировларга нисбатан адолатсизлигини, зўравонлигини, жирканч мақсадига эришиш учун қурол кучидан фойдаланаётганини, меҳнатни биров қилиб, ҳузурини бошқалар кўраётганини, одамлар ўз ерлари неъматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини мутлақо оқлаб бўлмайди, деди. “Жамила”, “Момо ер”, “Эрта келган турналар”, “Сомон йўли” каби асарларида урушни бор овози билан лаънатлади.
“Момо ер” асари қаҳрамони Тўлғанойнинг урушга жўнатган азамат ўғилларидан бирови ҳам қайтмайди, келини Алиман бошқа бировдан ҳомиладор бўлиб қолади. Қўшни қўшнининг уйига ўғриликка тушади. Бу — қаттол урушнинг даҳшатлари. «Урушга даъвоим кўп,— дейди Тўлғаной. — Отилган ўқ, тўкилган қон тарихнинг ҳисобида, лекин одамларнинг завол топган умри-чи? Уни кимнинг бўйнига қўйиб, тарихнинг қайси бетига ёзамиз? Бунинг учун ким жавоб беради?!».
Асарнинг бош ғояси — инсоннинг буюклиги, ҳаёт чархпалагининг ҳамиша айланиб туришини кўрсатишдан иборат. «Уруш одамни қаттиққўл қилади, тошбағир, шахсиятпараст, ҳайвон қилади, деб ким айтади? Йўқ, уруш, қирқ йил қирғин келтирсанг ҳам, неча-нечаларнинг ажалини етказиб, ўртаб, қийратиб, яксон қилсанг ҳам, одамни сен тобе қилиб, бўйсундира олмайсан. Одам умид қилган ҳамма яхшиликларидан ажралса ҳамки, қандай бўлмасин, бировга яхшилик қилсам дейди, уни суяб, турғизсам дейди, уни озгина бўлса ҳам бахтли қилолсам дейди”. Асар қаҳрамони Тўлғаной тилидан айтилган бу ҳайқириқ публицист-ёзувчининг ҳам ҳайқириғидир.
Тўлғанойнинг Ер билан суҳбатидан: “Ҳа, бойчечак очилган кўклам кунлари далага эндигина қўш чиқарган кезлар эмасмиди? Кун тегмаган камарларда қурт-қумурсқалар ҳали ҳам карахт ухлаб ётган бўлса ҳам, майин шабада эсиб, ер селгиб, кун сайин майсалар ниш уриб, баҳор яқинлашмоқда эди. Оҳ, баҳорни қўмсаб, доннинг сепилишини орзиқиб кутаётган деҳқон далам! Намиққан юзларинг кўкимтир ранг олиб, оламнинг чор атрофига ястаниб, аллақаерларингда кумуш ранг таратиб, тўшакда ётган жувондек балқиб турганингдан, бепоён далам!”, “Ажойиб азаматлар, тоғ нураса бўлмасмиди, кўл қуриса бўлмасмиди! Сувонқул билан Қосимим, ота-бола иккови ҳам қандай деҳқон эди! Дунёнинг таянчи шунга ўхшаш заҳматкашлар эмасми: элни тўйғизганлар ҳам, ёв келганда қўлга қурол олиб, мамлакатни қўриқлаб, қон тўкканлар ҳам ўшалар. Агар уруш бўлмаганда, Сувонқул билан Қосимим қанча одамларга ризқ-рўз бериб, мушкулини осон қилиб, экин экиб, қанча хирмон кўтариб, қанча ишни бажарган бўларди. Ўзлари ҳам эл меҳнатидан ҳузур-ҳаловат кўриб, одамнинг қанча роҳатига шерик бўлишар эди. Ўйлаб қарасанг, қизиқ, айланайин она-Ер, уруш бошланар экан-у, у урушда одамзотнинг энг асл, ҳунари бор азаматлари ўз ишини ташлаб, бирининг қонини бири тўкиб, бирини бири ўлдиришга сафарбар бўлишар экан. Мен бунга кўникмайман, умрбод кўника олмайман. Табиат томонидан яратилган энг олий мавжудотларнинг энг буюги — одамзот, дунёни ўзига бўйсундирган ким — одамзотми, шундай экан, бир-бирига бунчалик зиён келтирмай, тинч-тотув яшолмайдими? Сирдош далам, жавоб бер, айт жавобингни”.
Бу саволга она-Ер шундай жавоб қайтаради: “Қийин савол бердинг-ку, Тўлғаной. Мен билганимдан бери, одам одам бўлиб яратилганидан бери урушгани урушган. Баъзан урушда мутлақо қирилиб ном-нишонсиз кетган эллар ҳам бўлган, кули кўкка совурилиб, тирик жон қолмай, хонавайрон бўлган шаҳарлар ҳам бўлган. Неча асрлар одамзот изига зор бўлиб, бўм-бўш ётган вақтларим ҳам бўлган. Ҳар гал уруш чиққанда, гап уққанларга, урушманглар, қон тўккунча ақл ишлатинглар, деб айтаман. Ҳозир ҳам айтадиган сўзим шу: “Эй, одамлар, дунёнинг тўрт бурчагида яшаётган одамлар, сизга нима керак — Ерми? Мана мен — Ерман, мен барча одам боласига етаман, талашишларингнинг кераги йўқ, менга иноқлик керак! Меҳнат керак! Шудгорга битта дон ташласаларинг, юз дона қилиб бераман, хипчин санчсаларинг, чинор қилиб бераман, боғ қилсаларинг, мева тугиб бераман, мол ёйсаларинг, пичан бўлиб бераман, уй қурсаларинг, девор бўлиб бераман, уруғ-аймоқларинг кўпайса, ҳаммаларингга жой бўлиб бераман. Мен тугамайман, мен хасис эмасман. Мен конман, ҳаммаларингга етаман...”
Бу сўзлар моҳият эътиборига кўра, худди бугун ёзилгандек, асарда бугуннинг муаммолари кўтарилгандек туюлади.
Чингиз Айтматовнинг барча асарлари ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган, кўп бор нашр этилган, серқирра ижоди илмий жиҳатдан чуқур ўрганилган. Бунда Асил Рашидов, Иброҳим ўафуров, ўайбулла Саломов, Акмал Саидов, Сайди Умиров, Париза Муҳаммаджонова каби таниқли олимларнинг хизмати катта. Адибнинг қисса ва романлари бизни йигирманчи асрнинг буюк истеъдод эгаларидан бири — ёзувчи, публицист ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг маънавий олами билан ошно этди, ижтимоий-сиёсий, фалсафий-эстетик қарашлари билан таништирди. Айтматовнинг ижод лабораторияси ёш ўзбек адиблари учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлди, икки ёндош, қондош мамлакат халқлари орасидаги азалий дўстлик ришталари, адабий, маданий алоқалар адибнинг маҳоратли қалами, журъатли сўзи, беғубор қалби боис янада ривож топди. Таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар Президентимизнинг ташаббуси билан икки халқ ўртасида қайта тикланаётган яхши қўшничилик, манфаатли ҳамкорлик алоқаларига янгича руҳ бағишлаши шубҳасиз.
Аҳмаджон Мелибоев

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари, ёшларни талабаликка ва мустақил ҳаётга тайёрлайдиган ўқув даргоҳлари саналади. ...
01 янв 1970
25 нафар имконияти чекланган шахсларга ногиронлик аравачалари топширилди.
01 янв 1970
Амударё тумани маркази Манғит шаҳарчасининг “Янгиобод” маҳалласидаги 713 хонадонда жами 3598 нафар фуқаро истиқомат қилади. ...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди....