ТОМОРҚА — ХАЗИНА

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 октябрдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларни ҳудудларда татбиқ этиш борасида Тошкент вилоятида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича Тошкент вилоят ва туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди. Хусусан, Паркент тумани ҳокимининг аҳоли томонидан экин экиладиган ерлардан унумли фойдаланишни ташкил этиш бўйича кўрсатмаси асосида маҳаллаларда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.
Туманда аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш ва интенсив усулда ҳосилдорликни ошириш орқали маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга эришилмоқда. Шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш, кам таъминланган оилаларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ва озиқ-овқат дастурларининг бажарилиши юзасидан тўртта сектор назорати йўлга қўйилган. Сектор штаблари фуқаролар йиғинларида ташкил этилгани мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Штаб аъзолари томонидан тумандаги барча хонадонлар тўлиқ хатловдан ўтказилди. Унинг натижалари ва уй эгаларининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, туман ҳокимининг экинларни жойлаштириш бўйича жорий йил 12 февралда қарори эълон қилинди. Ушбу қарор беш кун муддатда барча хонадонларга тарқатилиб, унинг ижроси бўйича назорат ўрнатилди.
— Қайта хатловдан ўтказилиши натижасида туман ҳудудидаги 54 та фуқаролар йиғинларида 25344 та хонадонда аҳоли томорқалари борлиги маълум бўлди, — деди «Новдак» фуқаролар йиғини раиси Икром Пўлатов. — Аҳолининг умумий ер майдони эса 2742,2 гектарни ташкил қилади. Шундан 707,6 гектари иморат ости ерлар, 1479,2 гектари кўп йиллик дарахтзорлар, қолган 556 гектарини эса экин майдонлари ташкил этади. 2018 йил ҳосили учун экин майдонларига аҳоли этиёжи учун зарур помидор, бодринг, пиёз, сабзи, шолғом, булғор қалампири, дуккакли экинлар, қовоқ, картошка, кўкатлар ва бошқа экинлар экилди.
«Новдак» фуқаролар йиғини ҳудудидаги қайси хонадонга кирманг, экин майдонларидан унумли фойдаланаётганига кўзингиз тушади. Томорқада экинлар униб, чиройли манзара ҳосил қилган. Оила бошлиқлари мўл ҳосил олиш илинжида ҳар куни ерга ишлов бериш билан банд. Инсон ерга меҳр кўрсатса, она замин ўз марҳаматини дариғ тутмайди. Буни новдакликлар жуда яхши тушунишади. Биз маҳаллада томорқадан қандай фойдаланишаётганини кўриш учун меҳнат фахрийси Айём Тошпўлатов хонадонига кирдик. Айём ота ердан ҳосил олиш ҳадисини олганлардан.
— Ҳовлимизнинг 6 сотих майдонини экиладиган ер ташкил қилади. Шуни иккига бўлганмиз. 4,5 сотих жойда кичикроқ боғ барпо қилдик, — дейди А.Тошпўлатов.— Боғда олма, гилос, анжир, бодом, ўрик ва бошқа мевали дарахтлар парвариш қилинмоқда. Олти ёшдан ўн ёшгача бўлган тойфи, ҳусайни ва “Ризамат ота” навли узумларимиз ҳам яхши ҳосил беради. Ёз ва куз фаслларида меваларни бозорга чиқарамиз. Ҳарна оила даромадига ҳисса бўлади-да. 1,5 сотих ерга помидор, бодринг, пиёз, картошка сингари сабзавотлар экилган. Бу йил об-ҳаво деҳқонлар кутгандек, бўлаяпти. Паркент ерларига чўп суқсангиз ҳам униб кетаверади. Яхши эътибор бўлса йилига икки-уч маротаба ҳосил йиғиштиришингиз мумкин. Ҳар йили деҳқончилик ортидан 5-6 миллион сўмлик соф даромад оиламиз бюджетига қўшилмоқда.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Паркент тумани аҳолиси томорқадан фойдаланиш бобида катта тажрибага эга. Боқибеғамлик уларга бегона. Ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, топаётган даромадларидан чиройли иморатлар солиб, тўйлар қилишади.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўз юртингнинг бетакрор ва сўлим гўшаларига саёҳат қилиш инсон маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган омиллардан саналади....
01 янв 1970
Қўнғирот нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки мамлакатимизнинг энг шимолий тумани ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Шарқнинг улуғ шоирларидан бири Муҳаммад Ризо Огаҳий баҳорнинг юртимизга кириб келишини ана шундай таърифлаган эди....
01 янв 1970
Дунёда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга ҳамоҳанг равишда мамлакатимизда ҳам ахборот-коммуникация технологияларидан барча соҳаларда кенг фой...