Чирой очаётган қишлоқлар

/
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган улуғ мақсадлар, улкан вазифалар барча юртдошларимиз қатори Сурхон аҳлини ҳам руҳлантирди.
Маълумки, Президентимиз шу йилнинг 18-19 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида воҳада олиб борилаётган ободончилик ишлари билан яқиндан танишар экан, воҳа қишлоқларининг инфратузилмасини замон талаблари даражасида ташкил этиш, аҳолининг турмуш шароитларини ҳар томонлама яхшилаш бўйича ҳам зарур кўрсатмаларни берган эди.
Зеро, бугун тараққиёт кучайган, давр одамлар олдига янги талаб ва эҳтиёжларни қўяётган экан, барча соҳаларда янгиланиш ва ўзгаришларни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш эса бугуннинг энг долзарб вазифасига айланди.
Шу кунларда Музработ туманидаги учта маҳаллада бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Амударё бўйида жойлашган Сарҳад массиви илгари қум барханларидан иборат эди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида бу ерларга одам оёғи етиши билан қақраб ётган чўл чекинди. Асрий қумликлар ўрнини яшилликка бурканган боғ-роғлар, экин майдонлари эгаллади.
Массивдаги “Юртим жамоли” маҳалласида айни пайтда 689 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 4 минг 200 нафарга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Йиллар давомида маҳаллада уй-жойлар, ишлаб чиқариш объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, йўл-коммуникация тармоқлари архитектура талаблари асосида қурилмаганлиги массив қиёфасига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, кўпгина муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари биринчи галда бу ердаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг ички йўллари, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан бошланди. Коммуникация тизимини янгилаш, эски бинолар ўрнига замонавийларини бунёд этиш, маҳалла гузарида аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда замонавий хизмат нуқталарини барпо этиш асосий мақсад қилиб қўйилди.
Бу ерда фаолият кўрсатаётган учта қурилиш ташкилотида иш унумдорлигига эришиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Жиззах вилоятидаги “Манас” маҳалласида қисқа вақт ичида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ойнаи жаҳон орқали кўрган маҳалла вакиллари ва ёшлари бу ишга астойдил бош қўшдилар. Ҳар ким қайта қуриш ва таъмирлаш мақсадида ўз ҳовлисидаги ноқонуний қурилган биноларни бузишга киришди. Шу кунларда маҳалла улкан меҳнат майдони — ҳашаргоҳга айланган десак, муболаға бўлмайди. Бузиш билан бир вақтнинг ўзида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Маҳалланинг қоқ марказидан ўтувчи “Шароф Рашидов” кўчаси чеккаларига қуриб ташланган ноқонуний ва кўримсиз бинолар ўрнида замонавий хизмат нуқталари бунёд этилмоқда. Кўчани кенгайтириш, электр тизимини янгилаш, пиёдалар учун йўлаклар барпо этиш ишлари архитектура талаблари асосида амалга оширилмоқда. Шу атрофда жойлашган ва жиддий таъмирга муҳтож 2 та икки қаватли уйда 40 та оила истиқомат қиларди. Ушбу уй атрофида ноқонуний қурилган иморатлар олиб ташланиб, бинонинг том қисми янгиланди, дераза ромлари янгисига алмаштирилиб, девор қисмини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
— Ҳозир бу ерда қилинаётган ишлар ҳар қандай кишини шошириб қўяди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муқаддас Нуралиева. — Аҳоли вакиллари, фаоллар ҳам қурувчиларга яқиндан ёрдам кўрсатишмоқда. Қишлоғимиз шаҳар қиёфасига кираётганидан ҳамма хурсанд.
Ушбу массивдаги “Янги диёр” маҳалласи катта ҳудудни ўз ичига олган. Маҳалланинг бир чеккасидан кирсангиз, иккинчи чеккасигача 50 километрдан кўпроқ йўл босишингизга тўғри келади. “Обод қишлоқ” дастури ана шу гўшани ҳам қамраб олди. Бу эса маҳаллада яшовчи 4 минг 300 нафардан кўпроқ аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Ҳудудда ташкил этилган қурилиш штаби ва тикилган 11 та чодирда масъул ташкилотлар, кўчма тиббиёт нуқтаси, газ, сув, электр таъминоти корхоналари, давлат хизматлари агентлиги, халқ қабулхонаси, кадастр ва архитектура ташкилотларининг ходимлари иш олиб боришмоқда.
Ҳудудни зарур техникалар ва қурилиш материаллари билан мунтазам таъминлаш, иш унумдорлигига эришиш қатъий назоратга олинган. Аҳолининг уй-жойларини таъмирлаш, эски ҳамда ноқонуний қурилган иморатларни бузиш ва уларни қайта тиклаш учун 50 тонна цемент, 1000 дона шифер ва бошқа қурилиш ашёлари имтиёзли нархларда етказиб берилди. Шағал, қум ва ғиштлар бепул берилмоқда.
Шунингдек, ушбу массивдаги “Ат-Термизий” маҳалласини ҳам лойиҳа доирасида кўркам манзилга айлантириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Эътироф этиш керакки, “Обод қишлоқ” дастури бўйича “Сарҳад” массивидаги учта маҳаллада 32 километр ички йўлларни қайта қуриш, 25 километр ичимлик суви учун қувурлар тортиш, 55 километр жойда симёғочларни ва очиқ симларни алмаштириш, 4 та мактаб, 1 та касб-ҳунар коллежи, 4 та мактабгача таълим муассасаси, 1 та оилавий поликлиникада бунёдкорлик ишларини олиб бориш, савдо дўконлари, кўплаб маиший хизмат нуқталари ва бозор қуриш каби аҳоли учун қулайлик туғдирадиган кўплаб ишларни амалга ошириш режалаштирилган.
Исроил ШОМИРОВ,
“Сурхон ёшлари” газетаси бош муҳаррири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Туркистон” санъат саройида “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори остидаги тантанали маросим бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ҳукмдорлар саройининг қурилиш санаси 20 асрдан кам эмасди.
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда ...