ҚУЧОҚ ОЧИБ, ХАЛҚ ИЧИГА БОРГАНДА...

/
ТУНЛАР УХЛАМАДИМ, КУНДУЗ ЎТИРМАДИМ...
Қадимги аждодларимиздан қолган тош битикларда боболаримизнинг буюк раҳнамолари халқни халқ қилиш учун “тунлар ухламадим, кундуз ўтирмадим”, деб, қилган ишларини ёзиб кетишган. Бу халқ учун ўзини қийнаса, буюк давлат барпо бўлишининг тарихий далилларидан бири. Халқ ризолиги учун тунлари ухламай, кундузи ўтирмай меҳнат қилаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун барчамизни ўзни аямасликка, садоқатли меҳнатга чорламоқда. Яқинда – Наманган вилоятига ташриф давомида ҳам Президентимиз раҳбару масъулларга ҳар куни ўзимизга “Мен ўз лавозимимга муносибманми?” деб сўраб, муносиб ишлаш ва яшашни эслатди.
Токи бошланган ҳар бир иш ниҳоясига етсин. Пишиқ, кафолатли, натижали бўлсин. Бунинг учун бир маънавий талабга жавоб берсак, бас. Ҳа. Айнан маънавий талаб – Ватанга садоқат талаби! Бу – ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмаслик, ўзимиз ўзимизни алдамаслик, ҳалол-пок меҳнат қилиш. Ана шунда кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз.
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик, – деган эди азиз шоиримиз Чўлпон. Шоирнинг армони ушалди. Халқ билан жонли мулоқот, давлатнинг халққа хизмат қилиши мумкинлигини кўзларимиз кўраётир. Йиллаб тўпланиб қолган муаммолар одамларнинг тилидан эшитилди. Рўйхат қилиб, қатъий назоратга олиниб, ижроси таъминланаяпти. Бу, албатта, ўзини қийнашни, катта маблағ, сафарбарликни талаб қилади ва шундай бўлаётир.
2018 йилнинг 29 апрелида 10 та ишчи гуруҳдан иборат давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари Сирдарё вилоят Боёвут туманига йўл олишди. Туманда “Обод кўнгил” лойиҳаси жорий этилмоқда. Уйма-уй, ҳар бир хонадонга кириб, аҳоли билан олиб борилган мулоқотлар ва ўрганишлар натижасида бир қанча муаммолар жойида ҳал этилди. Бемор, ногирон, фахрийларимиз ҳолидан хабар олинди. Уларга даволаниш учун ордер ажратилиб, совға-саломлар берилди, ногиронлик бўлса, жойида расмийлаштирилди.
Айниқса, маънавият ва маърифат, фарзанд тарбиясига эътибор қаратилди. Одамларнинг кайфияти, дунёқараши, йўл, ичимлик сув, томорқадан фойдаланиш, томорқа учун сув, уй-жойга эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, ишсиз ёшларни ишли қилиш каби муаммолар назоратга олинди. Имкон даражасида ўз жойида ҳал этилди. Бир сўз билан айтганда, Боёвут аҳлининг кўнгилларини обод қилиш бўйича вилоят, туман ҳокимликлари, маҳалла, мутасадди ташкилотларнинг амалий ёрдами билан бир ҳафтада анча ишлар амалга оширилди.
Боёвутда ислоҳотлар шиддати уфуриб турибди. Афсуски, кўплаб ижтимоий, маънавий-маърифий, иқтисодий муаммолар йиллар давомида тўпланиб қолган. Газ, ичимлик сув, электр таъминоти, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар, тадбиркорлик, ободончилик, таълим-тарбия, китобхонлик, обуна масалалари бўйича юзлаб муаммолар аниқланди. Хатланди. Бир қисми жойида ҳал этилди. Қолганлари “Йўл харитаси”га киритилиб, ижрога йўналтирилди.
МУАММОЛАР МАЪНАВИЯТДАН (МИ)?!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишини “мақтов ва қарсакбозлик” даври тугагани, энди “садоқат билан ишлаш” зарурлигини таъкидлаш билан бошлаган эди. Эътибор қилсак, бу қиёсий, дастурий таъкидда жуда муҳим урғу бор. Унда икки давр белгиланиб, уларга тавсиф берилган. “Мақтов ва қарсакбозлик” ва “садоқат билан ишлаш” даврларига. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасликка, ўзимиз ўзимизни алдамасликка даъват, талаб бор. Бу бежиз эмас. Чунки орамизда “шу иш яхши битсин, одамларга нафи тегсин”, деб ҳалол ишлаётганлар кўп. Афсуски, қутулиш учун, номига, йўқ нарсанинг расмини чизиб, кўзларни бўяб, “Бажардик”, деб қалбаки ҳисобот бераётганлар ҳам бор.
Тумандаги муаммоларнинг “ичига кириб”, калавасининг учини қидирдик. Ип бизни бир пайтлар туманда шу ишни ҳал қилиш учун масъул бўлган идорага, идора раҳбарининг ишга муносабатига – маънавиятига бошлаб борди.
Ўзига ишониб топширилган ишга муносабатида одамнинг садоқат ё хиёнати сезилиб туради. Садоқат ё хиёнат эса одамнинг маънавиятидан сўзлайди. Бу нималарда кўринади? Ўзининг тўғридан-тўғри, функционал вазифаларини бажармаслик ёки чала, номига бажариб, “бажарилди”, деб ҳисобот беришида. Ўзини алдаб, қарсак чалишида кўриниб туради. Ана шунда муаммонинг “ҳомила”си пайдо бўлади. Ҳаракатсиз, лоқайдликда ўтган, ойлаб бажарилмаган ўн иш ўн муаммони туғдиради. Яхши иш бошланаётганида мамнун одамлар умидвор кутишади. Кута-кута, натижа бўлмагач, рози одамлар норози одамларга айланади. Демак, халқимизни норизо қилаётган ҳар бир муаммо – адо этилмаган вазифа, бурчнинг, ўзини ўзи алдашнинг далили.
Бунинг маънавиятга қандай алоқаси бор? Бевосита. Чунки соҳа қандайлигидан қатъий назар, ҳар бир ишни ташкил қилувчи, бажарувчи, битирувчи – одам. Ишнинг сифати, натижаси ёмон, юзаки, хўжакўрсинга қилингани масъулларнинг унга муносабати қандай бўлганидан сўзлаб туради. Масъулиятсизлик, кўзбўямачилик, бефарқлик, қатъиятсизлик, лоқайдлик, ўз-ўзига хиёнат, ўз-ўзини алдаш, камчиликларни яшириш, хаспўшлаш – ишга муносабатнинг кўринишларидир. Айни вақтда булар тўғридан-тўғри маънавий иллатлардир. Хуллас, қайд қилинган ҳар бир муаммо – оқибат. Сабаб эса маънавиятда. Тумандаги соҳа раҳбарларининг, аҳолининг маънавиятида. Уларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларига муносабатида. Юқоридаги ўйлар, таҳлиллар муаммоларни ҳал қилишни, уларнинг бундан кейин яна пайдо бўлишининг олдини олишни маънавиятдан, тарбиядан бошлаш кераклигини кўрсатиб беради.
БИРГА ҚУРИШНИНГ МАЪНОСИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бахтимизни, келажагимизни меҳнаткаш, меҳрибон халқимиз билан бирга қурамиз, дейдилар. Бирга сўзида кўп маъно бор. Бунда Бирга деганда нафақат жисмоний, балки, аввало, фикрий, ғоявий бирлик назарда тутилгани аниқ. Чунки жисмоний бирлик – ғоявий бирликка, ниятлар бирлигига боғлиқ. Бу бирлик бебаҳо неъмат, ўз-ўзидан бўлмайди. Бир географик ҳудудда яшашнинг ўзи бирлашиш дегани эмас.
Қуриш – икки қўлнинг иши. Бири халқ бўлса, иккинчиси — давлат. Бугун давлат халқ хизматига жадал киришди. Энди халқ ҳам фаоллашуви керак. Чунки халқ ҳаракат қилиб бой бўлса, давлат бой бўлади.
Халқнинг бой бўлиши ҳам унинг маънавиятига бориб тақалади. Мияни тўйдирмай қоринни тўйдириб бўлмайди. Чунки халқ “қандай бойиш” йўлларини билса, ўрганса, амал қилса, бой бўлади. Одамга миллион сўмдан бериб турган яхшими ё миллионларни ишлаб топишга ўргатган яхшими? Иккаласи ҳам яхши. Одамларга маблағ, моддий ёрдам бериш қандай мароқли! Лекин одам соғ бўлса, якка-ёлғиз ё кекса бўлмаса, уни муҳтожликдан ўзини ўзи ҳимоя қилишга ўргатиш минг савоб.
Келинг, буни интернет “тили”да баҳолаб кўрайлик. Кимга нечта “лайк” қўйсак адолатли бўлади? Менимча, биринчи саховатли одамга 1-2 та “лайк” қўйсак, иккинчи одамга миллионлаб “лайк” қўйишга тўғри келади. Шунда доно ўзбек мақоли тилга келади: “Қўлдан берганга қуш тўймас”. Хитойлар “Дўстингни бир марта тўйдирмоқчи бўлсанг, балиқ бер. Дўстим доим тўқ юрсин, десанг, қармоқ бер”, дейди. Қўлдан берганга муштдек қуш тўймас экан. Одам қандай тўйсин?!
Нега айрим соғ, ёш йигит-қизларимиз бировнинг бераётган қўлига қарашга, қўл узатиб олишга муҳтож бўлиб қолишган? Нега уларнинг кўпчилик синфдошлари шод, фаровону, улар ночор? Туғилганида, мактабга қадам қўйганида улар тенг эдилар-ку. Нега бундай бўлди?
КЎРГАН, ЭШИТГАНЛАРИМИЗДАН
Нуронийлар билан суҳбат қуриб, маслаҳатлар сўраймиз. Меҳнат фахрийси Валерий Қиличев: “Энг яхши қурилиш материалларини тўплаб, энг яхши усталарни бир ерга тўплаб, “Қуринглар”, дейилса, улар: “Нимани?”, деб сўрайди. Қўлига лойиҳа берилса, қуришади. Тарбия ишида очиқ, аниқ лойиҳа, жавоб, қўлланма бўлиши керак. Президентимизнинг тарбия, мафкура ҳақида айтаётган фикрлари ҳамма жойда бир хил тушунилиб, бир хил амалга оширилиши керак. Ўқитувчиларимиз болаларимизда қандай фазилатларни тарбиялаш талаб этилаётганини ёддан билишлари керак.
Муҳтарам Президентимиз қайта-қайта “Халқни уйғотиш керак”, деб бежиз айтмайдилар. Халқимиз уйғонаяпти. Менинг хомчўтим бўйича 20 фоизи уйғонди. Ухлаётган одамлар – бефарқ, лоқайд одамлар. Эртага соат 10 да нима қилишини билмайдими, демак бу одам ҳали ухлаяпти. Уларни “Сиз нима қилаяпсиз? Атрофда нималар бўлаяпти, билаяпсизми? Қаранг! Қани туринг, ўзингиз учун ишланг, томорқангизга нималар экдингиз? Мана бундай қилинг”, деб ўргатиб, шатакка олайлик.
Фидойи бўлинг, фидойи бўлолмасангиз, ўзингиз учун ишланг, ишламасангиз, ишлаётганга қарашинг, қарашмасангиз, унга яхши гапиринг, яхши гапиролмасангиз, лоақал ёмон гапирманг, жим туринг, ўзингизни боқинг, ўзингизни боқолмасангиз, боққанга раҳмат айтинг, шукр қилинг”, десак, яна кўпроқ одамлар уйғонади”, дейди.
Кўзи очиғу, уйғонмаган, боқиманда ака-ука, опа-сингилларимиз ҳали кўп экан. Бир хонадонга бордик. Дарвозага киришдаги ариққа мағзава тўкилган. Ичкаридан она ва бири 25, бири 30 ёшли қорувли икки ўғлон чиқди. Онахон ўғиллари беҳунар, ишсизлиги, уларга 415 минг сўм маошли иш таклиф қилингани, бу камлигини айтиб, маоши каттароқ иш топиб беришни сўради. Илтимоси қайд қилиниб, назоратга олинди. Хайрлашаётиб, гап орасида “Опа, шу мағзава дарвоза олдига тўкилибди. Эртага ҳаво исиса, ҳиди чиқади. Бир ўра кавлаш керак экан-да”, дедик. Шунда она “Ўзи шуни илтимос қилмоқчи эдик. Шунга ёрдам берингизлар”, деди...
Хулоса ўзингиздан.
Ҳар бир тумандаги намунавий оилалардан мисоллар олиб, шу туманда тарғиб қилмоқ керак. “Бекат” маҳалласида Ҳазратқул бобо Исломов хонадонига бордик. Ҳовли чиннидек. Ҳазратқул бобо чўккалаб олиб!, кетмон чопаяпти. Ҳовлисида барқ уриб турган 17 туп мевали дарахт, 12 хил сабзавот экинни санадик. Ота дадил, ҳазилкаш. “Ёшим 92 да. Отам болалигимдан меҳнатга ўргатган. Болаларим “Сизга нима етмайди? Пенсия олсангиз. Қўйинг кетмонни. Ётиб, ҳузур қилиб дам олинг”, деб ёзғиришади. “Мен ётиб эмас, ишлаб мазза қиламан. Ишламасам, қўл-оёғим оғрийди”, дейман. Тушунишмайди. Кўчатларнинг яхшисини ўзим Қўқондан олиб келиб экканман. Худога шукр. Ишлаган яхши яшаяпти”, дейди отахон. Уйининг ёнида тозалаб қўйилган, тешадек бўлиб қолган 2 та кетмончани кўрсатиб, “Мана шулар ҳам катта-катта кетмон эди. Мен уларни еб битирдим”, дейди кулиб.
Одамларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш қайта-қайта кўтарилаётгани бежиз эмас экан. Масалан, ичимлик сувдан фойдаланишда кўпчилик ўзининг истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳам, бурчларини ҳам яхши билмайди. “Сув минораси, насосини ўзимиз таъмирлаб ишлатсак, сувга нега пул тўлашимиз керак?”, деб норози. “Сувоқава” корхонасидан эмас, давлатдан. Корхона бошлиғидан “Аҳолига сувдан фойдаланиш тартибларини тушунтирсангизлар бўлмайдими?”, деб сўрасак, “Ўзи сантехник штати кам. Бори ҳам банд. Энди тушунтирамиз”, дейди. “Қандай қилиб?”, десак, “Амаллаймиз”, дейди. Унга туман маънавият ва маърифат бўлими билан бирга “Сувдан фойдаланиш маданиятини биласизми?”, деган савол-жавобли тарғибот дастурини ишлаб чиқиб, ҳар бир маҳаллада эринмасдан, таъсирчан қилиб ўтказишни ўргатдик.
Сансалорлик, бюрократия ҳали яшаяпти. Мисолини 82 ёшли Карим ота Тожиевнинг гапларида кўринг: “Худога шукр, соғлиғим яхши. Бир жойда ўтиролмайман. Буни одамлар ҳам билади. Илтимос, маҳалламизнинг мана бу, мана бу ишларини идораларга бориб айтинг, дейишади. “Йўқ”, деёлмайман. Эл ташвиши билан кўп юраман. Тиббиёт бирлашмасига кўп бораман. Борсам, ёмон кўришади. Майли, ёмон кўрса кўрар, дейман. Одамлар хурсанд бўлса бўлди-да, дейман. Борсанг на ҳал қилади, на тушунтиради. “Кўриб чиқиб, айтамиз”. “Худо хоҳласа, яхши бўлади”. “Эртага келинг”. “Бу ҳафта хабар олинг”, дейдиган амалдорлар ҳали ҳам бор-да”.
Биз бугундан бошлаб ишга муносабатимизни ўзгартирсак, эртага муаммолар бўлмайди. Бунинг учун уларни бугун яширмасдан, очиқ айтиб, таҳлил қилишимиз зарур.
ЎЗИМИЗНИ ЎЗИМИЗ АЛДАМАЙЛИК
Таълим муассасаларида тарбияни ўта жиддий ислоҳ қилиб, натижага йўналтиришимиз кераклиги аниқ кўринди. Бир тажрибали устоз-педагог бу борада ажойиб таклиф берди: азалдан бизда тарбия таълимдан олдинда юрган. Шунинг учун маънавиятимиз ибратли бўлган. Буюк педагогимиз Абдулла Авлоний ҳам бежиз тарбия — ҳаёт-мамот демаган. Шунинг учун ўзлигимизга қайтиб, таълим-тарбия эмас, тарбия-таълим деб иш юритиш керак, деди.
Тарбияда кўзбўямачилик – келажакка хиёнат. Ўқитувчиларимизнинг ишга муносабатидаги иллатларни йўқотишимиз зарур. Суҳбатларда бу жиҳатдан ҳам камчиликлар яққол кўринди.
Ўқитувчиларимиз УСТОЗ даражасига кўтарилишлари учун ўз устида ишлашлари зарур экан. Халқ таълими мутасаддилари билан суҳбатда бир жонкуяр педагог куйиниб: “Яқинда мактабларнинг тарих фани ўқитувчилари орасида билим синовларини ўтказдик. Улар қийналмасин, деб саволларни 9-синф дарслигидан олдик. Биласизми, 6-синф тарих ўқитувчиларидан 60 фоизи “2” олди. Сабабини сўрасак, “Ахир биз 9-синфга эмас, 6-синфларга дарс берамиз-ку”, дейишди норози бўлиб”, деди.
Улар малака ошириб туришади-ку, дедик ҳайрон бўлиб. “Тўғри-куя, деди у хижолат бўлиб. Бунда ҳам кўзбўямачиликларимиз бор-да! “Қоида бўйича малака ошириб келган ўқитувчи очиқ дарс ўтиб бериши керак. Ўқитувчининг очиқ дарси учинчи соат бўлса, биринчи ва иккинчи соатларда дарс бўлмайди”.
– Нима учун?
– Биринчи ва иккинчи соатлар учинчи соатга тайёргарлик билан ўтади. Қандай кийиниб келиш, синфни безаш, қайси бола кимдан сўнг, қайси саволни беришини белгилаб, саволларни ёдлатишади”, дейди у бош чайқаб.
Коллежларда ҳам тарбиявий муаммолар кўзга ташланади. Боёвут ижтимоий-иқтисодиёт коллежи Ахборот-ресурс марказидамиз. Жами китоблар сони – 5783 та. Шундан 639 таси бадиий адабиёт. Бошқармадан беришса, 1-2 та бадиий адабиёт беришади. АРМ мудираси Кароматхоннинг айтишича, китобхонлик хайрия марафонларини ўтказиб, бадиий китоб сони кўпайтирилмоқда. Ўтган йили сентябрда ўтган марафонда 57 та, шу йил мартда 30 та бадиий китоб йиғишган. Дарсларга кириб, ўқувчиларга янги китоблар ҳақида хабарлар бериб борилади. Болалар ўзлари ўқиган китобларини тарғиб қилишга жалб қилинади. Ҳар ой охирида “Энг яхши китобхон”, танлови ўтказилиб, ғолиблар мукофотланиб борилаётир. Бироқ, ўқувчиларни китоб ўқишга қизиқтириш бўйича услубий тавсиялар йўқ. “Бошқармадан китобхонлик бўйича альбомлар, слайдлар қилишни талаб қилишади. Олиб қолишади, лекин ҳеч нарса беришмайди”, дейди АРМ мудираси.
Ватан остонадан, Ватан туйғуси – туғилиб ўсган жой тарихи, ҳозирини туйишдан бошланади. Бироқ, Боёвут туманида жойлашган АРМда Боёвут, Сирдарё вилояти ҳақида бирорта китоб, манба, маълумот йўқ. Тарбиявий ишларда ҳам бу масалага эътибор йўқ ҳисоби. 2-синф ўқувчисидан “Сен қаерда яшайсан?”, деб сўралганида у “Катта кўчада”, деб жавоб берди. “Қайси кўча?”, “Қайси туман?”, “Қайси вилоятда?”, деган саволларимиз жавобсиз қолди.
Бундан 100 йил илгари 12-13 ёшли ўсмир бир рўзғорни боқишга ҳар томонлама тайёр бўлган. Бугун-чи? Аксарият ўспиринларимиз мустақил ҳаётга тайёр эмасликлари кузатилмоқда. Уюшмаган ёшлар – ана шулар. Биз ёшларнинг қўлида мактаб, лицей, коллеж гувоҳномаси бор-ку, деймиз. Ҳаёт эса гувоҳнома ўзи-ўзини эплаб, яшаб кета олади, дегани эмаслигини кўрсатмоқда. Йигит-қизларимиз 20-30 ёшларда ҳам ота-она, амаки-тоға, қайнота-қайнонанинг қарамоғида, мададига муҳтож бўлмоқда. Ўзбекистон паспортини қўлига олган, мустақил ҳаётга тайёр йигит-қизнинг қўлидан нималар келиши керак? Шу масалани махсус ўрганиб чиқиб, битирувчининг 5, 10, 20 та ижтимоий-иқтисодий малакалари (ҳозир компетенциялар дейилади) рўйхатини ишлаб чиқиб, буни ҳаёт-мамот масаласи билиб, кафолатли таъминлашни йўлга қўйишимиз зарурга ўхшайди.
“BOYOVUTXTB-PEDAGOG MINBARI” НЕГА ОЧИЛДИ?
Бир мактабда бўлдик. Маънавий-маърифий ишлар бўйича масъулларга берган “Болаларнинг тарбияланганлик даражалари, маънавияти қандай? Ўтган йил қандай маънавий-тарбиявий натижалар билан якунланди? Ютуқлар нималарда кўринди? Ҳозир, 2018 йил 5 май куни болалар орасидаги қандай маънавий-ахлоқий муаммоларни бартараф қилаяпсиз? Режалар қандай?” каби бир қатор саволларимиз бежавоб қолди.
20 нафар педагог билан бўлган суҳбатда “Айтинг-чи, сизлар ўқувчилар билан ишлашда тарбиянинг қайси усулларини қўллаяпсизлар?”, деган савол билан мурожаат қилдик. Бир ўқитувчи “жазо”, иккинчиси “рағбатлантириш”, деди. Қолган 18 нафари эса хижолат бўлиб, ерга қарашди. Хижолат учун жуда катта асос бор эди. Чунки “Мен даволаяпман”, дейиш учун шифокор, аввало, ташхис қўйиши керак. “Мен тарбиялаяпман”, дея олиш учун ўқитувчи, ота-онада “фалон, фалон, фалон усуллар билан”, деган асоси бўлиши керак. Шу асосни кўра олмадик.
Ўқитувчиларимиз болаларимизни тарбияламаяптиларми? Йўқ. Тарбиялашаяпти. Фақат улар қачон, қандай тарбия усулини қўллаётганларини билишмаяпти. Чунки олдиндан “Мен бугун фалон фазилатни ўргатаман. Бошида мана бу, кейин мана бу усулни қўллайман”, деб режа қилинмайди. Тарбиявий ишлар маҳорати паст.
Ота-оналар тарбияда асосан жазо усулини қўллашаяпти. “Бунинг нимаси ёмон, болани уриб, сўкиб, қўрқитиб турмаса бўладими?”, дерсиз. Бўлади. Лекин бу кейин қимматга тушади-да. Қўрқоқ бола ёлғончи бўлади. Урсанг эти, сўксанг, бети қотади, дейди халқимиз.
Тарбиянинг 100 та усули бўлса, 99 таси яхши усул. 100-си – жазо. 99 та яхши усулни, тарбиявий жазонинг ҳам илмини билмаганимиз учун жазо методини боладан ўч олишга айлантирганмиз. Натижада оилалардан меҳр кўчиб кетаяпти. Буни тўхтатиш керак.
Шу масалани ишчи гуруҳнинг ҳар куни кечқурун бўладиган муҳокамасига қўйдик. Таклиф қизғин қўллаб-қувватланди. Вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарлигида “Тарбиячи методистлар” доимий ишчи гуруҳи тузилди. Бир ҳафта ичида 30 дан ортиқ тарбия усуллари ишлаб чиқилди. 2018 йил 5 май куни Telegramm каналида Боёвут тумани ота-оналарига бола тарбиялаш усулларини ўргатувчи Boyovutxtb-pedagog minbari гуруҳи иш бошлади. У ҳозир “Тарбиячи методистлар” гуруҳи ишлаб чиққан тарбия усулларини ота-оналарга ўргатаётир.
Боёвут туманида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, тарғибот ишларини режалаштириш натижасида кенг кўламли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ушбу дастур тўлиқ ва мукаммал амалга оширилса, юзлаб муаммолар ечим топади. Минглаб одамлардан ташвиш арийди. Юзларига табассум энади. Бу табассум ризолик, розилик аломати бўлади.
Боқувчисини йўқотган, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, мадад бериш – миллий удумимиз. “Қарапчи” маҳалласида тўшакка михланиб қолган Абдусалом Носиров, Татьяна Мураимова, “Анорзор” маҳалласида яшовчи Саодат Хўжақулова ва бошқа 20 дан ортиқ беморларнинг уйларига ногиронлик аравачалари олиб бориб берилди.
Ҳулоса ўрнида айтганда, нафақат Боёвут туманида, балки барча шаҳар туманларда жорий этилан секторлар фаолияти натижадорлиги янада оширилса, қишлоқларда яшаётган 30 миллионга яқин халқимиз беғам, беташвиш яшайди. Уларнинг турмуши обод, ҳаёти фаровон бўлади.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи
ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги пайтларда телеканалларимиз сони кўпайиб, турфа телеканалларда маза-бемаза кўрсатув ва телевикториналар оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эм...
01 янв 1970
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен &m...
01 янв 1970
Яқинлашганингиз сайин сиздан узоқлашиб борадигандек таассурот уйғотадиган қорли чўққилардан қувват олиб яшил водий сари чопқиллаб бораётган жилғала...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда...