Дунёни янгилаган китоблар

/
Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар, хусусан, математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг халқимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Бу бебаҳо бойликлардан баҳраманд бўлиш, уларни мутолаа қилиш, ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали илм-фан соҳасини янада ривожлантириш, халқимизнинг иқтисодий тараққиётини юксалтириш, дунё тамаддунига ҳисса қўшадиган илғор илмий янгиликлар яратиш бугунги кундаги энг асосий масалалардан бирига айланган эди. Шунинг учун мамлакатимиз Президенти томонидан 2017 йилнинг 13 сентябрида “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” қарор қабул қилинган эди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 май кунги “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юқоридаги қарорнинг изчил давоми бўлди.
Бошқачароқ айтганда, ушбу қарорларда аждодларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама илмий ўрганиш, тарғиб этиш натижасида халқимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, илм-фан соҳасида улуғ мутафаккирларимиз бошлаб берган яратувчанлик, бунёдкорлик, кашфиётчилик анъаналарини қайтадан шакллантириш билан боғлиқ мақсадлар ифодасини топди.
Кейинги қарорда китобхонлик маданиятини ошириш учун халқимиз, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик танловларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга, бу танловларни, энг аввало, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Огаҳий, Бердақ сингари улуғ мутафаккирлар асарлари, “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш” сингари халқ оғзаки меросининг дурдоналари асосида ўтказиш борасида тавсиялар берилган. Танловлар ғолибларини тақдирлаш, мусобақалар жараёнларини матбуот саҳифаларида, радио ва телевидение орқали кенг ёритиб бориш белгиланган. Не бахтки, эндиликда китоб ўқиганлар қораланадиган, жазоланадиган эмас, тақдирланадиган, мукофотланадиган замонлар келди. Аждодларимиз халқимизнинг китобхонлик маданияти ана шундай даражада ниҳоятда юксалишини орзу қилиб ўтгандилар.
Китобхонлик маданиятини тарғиб қилишнинг йўллари кўп. Бунда ушбу ишни муваффақиятли амалга ошираётганлар, яхши китобларни нашр қилаётганлар, уни тарғиб-ташвиқ қилаётганларни улуғлашдан тортиб, қадимий, ноёб ва нодир асарлар хусусида маълумотлар бериш, уларнинг тарихи ва тақдири ҳақида сўз айтиш, бадиий адабиёт, илм-фан соҳасининг мукаммал дурдоналари билан китобхонларни таништириб бориш ҳам китобхонлик маданиятининг узвий қисми ҳисобланади.
Шу сабабли газетамизда юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида қилинаётган улуғвор ишларга ҳисса қўшиш мақсадида “Дунёни янгилаган китоблар” деб номланган янги рукн остида мақолалар бериб боришни ният қилдик. Бунда буюк мутафаккирлар томонидан яратилган энг машҳур асарлар ҳақида ижодкорлар, олимлар, китобхонларнинг мақолалари, мушоҳадалари, таҳлилий мулоҳазалари бериб борилади. Бу тарихимизнинг, маънавиятимизнинг, адабиётимизнинг энг яхши намуналарини газетхонларимизга таништиришда муҳим роль ўйнайди, деб ўйлаймиз. Ушбу сонда энг машҳур асарлардан бири ҳақидаги мулоҳазаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
 
Фохиранинг тарихидан хабардормисиз?
Китоблар инсон тафаккурининг жавоҳирлари, аждодларнинг авлодлар учун қолдирган ўлмас мероси сифатида эъзозланади. Улар барча даврларда халқлар ўртасида тамаддун ришталарини боғлайди. Ҳаётнинг тараққий этишига, инсониятнинг камолотга етишишига ҳисса қўшади. Ўз бағрида тарих хотирасини абадийлаштиради. Шунинг учун барча даврларда шарқнинг буюк мутафаккирлари “Энг яхши машҳур асарлар, бебаҳо китоблар инсониятнинг ер юзида яратган беқиёс, мангуликка дахлдор ёдгорликлари”, дея эътироф этишган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Бухоронинг олис ўтмиши, қадимияти, тақдири ҳақида VIII асрдан XVI асргача шарқ мутафаккирлари, алломалари, муаррихлари томонидан яратилган асарлар 8 минг жилддан ошиқни ташкил қилади. Ана шу асарлардан баъзилари ниҳоятда ноёб бўлиб, IX-XI асрлар оралиғида битилган. Булар орасида Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ал-ўунжор, Абу Мансур ал-Барсахий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфарнинг «Бухоро тарихи’’ асарлари, Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабийнинг «Шайхлар қомуси», Абу Комил ал-Банорийнинг «Музофот», Абу Саъд ал-Идрисийнинг «Мукаммал китоб», Абу Ҳотамнинг «Жароҳат ва адолат» китоблари алоҳида ўрин тутади. Афсуски, бу асарларнинг оз қисми бизнинг давримизгача етиб келган. Шундай ёзма ёдгорликлардан бири Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асаридир. Ушбу асарни XII аср алломаси Фахриддин Абу Абдуллоҳ ар-Розий «Илмлар тўплами» китобида Бухоро тарихи, ўтмиши ҳақида маълумот берувчи энг қадимий ва бирламчи манба деб атайди. Ҳақиқатан ҳам шундай, бу китоб ҳозирги пайтда ҳам Бухоро тарихи тўғрисида яратилган дастлабки асарлардан бири сифатида улуғланади. У нафақат мамлакатимизда ёки шарқ ўлкаларида, балки дунё тарихидаги энг қадимий ва машҳур асарлардан бири, деб эътироф қилинади.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асари 943-944 йилларда араб тилида ёзилган. Ушбу асар қадимий манбаларда кўп тилга олинади, аммо унинг муаллифи ҳақида маълумотлар ниҳоятда кам сақланиб қолган. XII асрда яшаб ўтган муаррих Абдукарим ас-Самъоний «Насабнома» асарида «Унинг тўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шариқ Бухоро аҳлидан, Наршах қишлоғидан, 899 йилда таваллуд топиб, 959 йилда вафот этган’’, деб маълумот беради. «Бухоро тарихи»нинг араб тилида ёзилган қўлёзмаси бизнинг давримизгача етиб келган эмас. Унинг ҳозирги кундаги мавжуд нусхаси асарнинг араб тилидан форс тилига таржима қилиниб, қарийб уч аср давомида бир неча бор таҳрир, қисқартириш, қўшимчалар киритиш асосида тайёрланган қўлёзмаси ҳисобланади. Асарнинг сўзбошисида айтилишича, 1129 йилда Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Кубовий Наршахийнинг китобини дўстларининг илтимосига кўра араб тилидан форсийга таржима қилган, асарнинг баъзи жойларини қисқартирган ва қўшимчалар ҳам киритган. 1178-1179 йилларда эса Муҳаммад ибн Зуфар форсий таржимадаги асарни иккинчи марта қисқартириб баён этган. Лекин асарда 1220 йилгача бўлган тарихий маълумотлар ҳам мавжуд. Демак, форсий таржимадаги бу асарга 1179 йилдан кейин ҳам қўшимча маълумотлар киритилиб, номаълум ҳаммуаллифлар томонидан таҳрир қилинган. Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асари ана шундай қўшимчалар, қисқартиришлар, ўзгартиришлар асосида форсий тилда тарихимизнинг ноёб бойлиги сифатида бугунги кунгача етиб келган.
Асарда Бухоро шаҳри, арки, мудофаа деворларининг барпо этилиши, воҳада бу шаҳардан олдин пайдо бўлган кентлар, шаҳристонлар тақдири, шаҳарни бошқарган ҳукмдорлар, бу ерда яшаган халқларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, бунёдкорлик фаолияти ҳақида турли хил маълумотлар берилади. Муаллифлар олис ўтмиш хусусида сўз юритганда шаҳар тақдири билан боғлиқ ривоятлар, ҳикоятларни тарихий воқеалар билан уйғунлаштириб юборадилар. Натижада тарихий жараён ойдинлашади. Айтайлик, асарда Сиёвушнинг отасидан қочиб Афросиёб ҳузурига келиши, Афросиёбнинг унга қизи ва мулкининг бир қисмини бериши, Сиёвушнинг (баъзи манбаларда Афросиёбнинг) Бухоро ҳисорини қурдириши, Афросиёбнинг бир туҳмат туфайли Сиёвушни ўлдиртириши ҳикояти Сиёвушнинг шаҳардаги сомонфурушлар дарвозаси ичкарисига дафн этилиши, оташпарастлар ҳар йили бу ерда Наврўз тонгида йиғилиб марсия куйлашлари, ушбу марсия халқ орасида «оташпарастлар йиғиси» деб аталиши воқеалари билан боғланади. Муаллифлар бу воқеалар бўлиб ўтганига уч минг йилдан ортиқ вақт ўтди, деб ёзадилар. Агар бу воқеалар ҳақиқатга яқин деб тан олинадиган бўлса, Бухоро шаҳристонининг барпо этилиши 4 минг йиллик тарих билан тенглашади. Шу билан бирга, воҳада Бухоро шаҳристонидан олдин барпо этилган қалъалар ҳам мавжуд бўлган. Муаррихлар Ромтин, Вардона, Баркад, Аркуд, Варахша, Бойканд, Нур, Таровча, Зандана кентларини ана шундай жойлар сифатида келтирадилар. Бухоро аркининг қурилиши ҳақида асарда ғаройиб маълумотлар бор. У неча марта қурилмасин, вайрон бўлаверади. Шундан кейин олимлар, ҳукамолар йиғилиб, бу қасрни осмондаги етти қароқчи юлдузлар шаклида еттита тош устун устига қуришга қарор қиладилар. Натижада қаср бузилмайдиган бўлади. Ҳозирги замон илми бу тарих ҳақиқатининг илмий асосга эга эканлигини исботламокда. «Бухоро тарихи» асари нафақат ўзининг қадимийлиги, балки унда юртимизнинг, халқимизнинг олис ўтмиши ёритиб берилганлиги билан ҳам ниҳоятда қадрли ҳисобланади.
Маълумки, тарихий асарлар учун аксар ҳолларда бир мамлакат тарихидаги муҳим факт ва маълумотларни ёки унинг ҳукмдори ҳаёти, фаолиятини ёритиш асос қилиб олинган. Воқеалар тизими ҳам шунга қараб белгиланган. Наршахий «Бухоро тарихи» асарида бу қоидага қатъий амал қилмаган. У ўз асарига шаҳар ҳаёти ва ҳукмдорлар фаолияти тўғрисида маълумотлардан ташқари кўплаб қизиқарли воқеалар, ҳодисаларни ҳам киритган. Бу эса асарнинг тарихий қимматини оширишга хизмат қилган. Масалан, муаллиф асарида шаҳарнинг турли даврларда Нумижкат, Бумискат, «Мадинат ас-суфрия» (Мис шаҳар), «Мадинат ут-тужжор» (Савдогарлар шаҳри)г Фохира номлари билан аталганини, Бухоро эса унинг асосий номи бўлганлигини келтиради. Бухоро воҳаси шарқнинг ҳунармандчилик марказларидан бири эканлиги, Занданада тўқилган матолар дунёга машҳурлиги,, шаҳарда «Байт ут-тироз» тўқимачилик корхонаси фаолият юритганлиги ҳақида маълумот беради. Шунингдек, асарда ҳозирги «Мароғи атторон» масжиди ўрнида бўлган Моҳ бозори ҳақида, шаҳар регистони ўрни тўғрисида, эндиликда Чор Бакр номи билан машҳур Жўйи мўлиённинг тарихи хусусида, шаҳарнинг Шамсобод, Кашкашон (Кўшки муғон) деган масканларининг обод бўлиши борасида, Бухоро воҳаси атрофига 782-831 йилларда қурилган «Канпирак девор», 850 йилда шаҳар атрофига тикланган еттита дарвозали мудофаа девори ва бошқа воқеалар ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Булардан ташқари, асарда Хитой подшоҳининг қизи Бухорога келин қилиб олиб келингани, у билан биргаликда бир бут келтирилиб Ромтинга ўрнатилгани, Бухоро ҳукмдори Абрўйнинг халққа жабр қилгани учун Бойкентда банди қилиниб, қовоқари тўлдирилган қопга солиб қийнаб ўлдирилиши, эрта баҳорда деҳқонлар Наврўзи 21 мартда келиши, оташпарастлар Наврўзи эса ундан беш кун кейин нишонланиши, «Байт ут-тироз»да тўқилган битта дарпарда Бухоронинг ҳалифаликка тўлайдиган барча хирожига тенг келиши ҳақидаги бошқа асарларда учрамайдиган ноёб маълумотлар ҳам мавжуд. Буларнинг ҳаммаси асарнинг илмий, тарихий қадр-қимматини янада оширган.
Бу ҳолатни “Бухоро тарихи” асаридан келтирилган қуйидаги парчаларда ҳам кўришимиз мумкин. “...Хожа Имом Абу Хафс Кабир Бухорий Имом Муҳаммад Ҳусайн Шайбонийга шогирд бўлган. Бухоро вилоятида унга тенг бўлган бирор киши бўлган эмас. У Бухоронинг мутааххирлари жумласидан бўлиб, ҳам зоҳид, ҳам олим эди. Бухоро ўша киши туфайли «Қуббат ул-ислом» — «Ислом динининг гумбази» деб аталган. Бухоро аҳолисининг исломий жабҳада илмли бўлишига, Бухорода илм кенг тарқалиши ва имомлар, уламоларнинг ҳурматли бўлишларига у киши сабаб бўлган. Унинг ўғли Абу Абдуллоҳнинг илми шу даражада эдики, Ҳаждан қайтиб келаётганлар ундан масала сўрар эдилар”.
“Саид ибн Халаф ал-Балхийни 828 йил 16 августда қозиликка тайинладилар. Бу киши қозиликни шундай олиб бордики, Худойи таолонинг яратган бандаларига адолат, инсоф ва шафқат қилиш борасида уни мисол қилиб кўрсатардилар. У яхши қонун-қоидалар ўрнатди. Токи кучлик киши заиф кишига зулм ўтказмасин учун тўғонлар қурдириб, Бухоро сувини адолат ва инсоф юзасидан тақсим қилишни у киши асослаган.
«Мухтасари Кофий»нинг муаллифи марҳум Абул Фазл ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марвазий ас-Суламий кўп йиллар давомида Бухорода қозилик қилди ва заррача ҳам ўзига айб юқтирмади: у барчага адолат ва инсоф юзасидан иш кўрар ҳамда унинг даврида олимлик ва зоҳидликда бутун дунёда ҳам унга тенг келадиган киши йўқ эди...
Бу китобнинг мусаннифи айтади: агар Бухоро олимларининг ҳаммасини зикр қилсак, улар номининг ўзи бир нечта дафтарни ташкил этади”.
«Бухоро тарихи» асарида милодий VII асрдан то XI асргача бу воҳа ва шаҳарда хукмдорлик қилган шахслар ҳаёти, фаолияти муфассал ёритилган. Абрўйнинг ўлимидан кейин Бухорода туркийлардан Шери Кишвар давлатни 20 йил бошқаради. Ундан сўнг давлат тепасига бухорхудотлар ўтиради. Улар салкам юз йил ҳукмдорлик қиладилар. Айни шу даврда Бухоронинг турли жойларини вардонхудотлар, хунукхудотлар ҳам бошқарадилар. Бухоронинг араблар томонидан забт этилиши ва ўлкага ислом динининг кириб келиши ана шу даврларда бошланади. Шаҳарда дастлабки Жомеъ масжиди ва Ийд намозгоҳининг курилиши ҳам ана шу даврларга тўғри келади. Асардаги энг муҳим ва қизиқарли, тарихий аҳамиятга молик маълумотлардан бири — Муқанна ҳаракати, унинг фаолияти билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг ўрин олганлигидир. Тарихдан маълумки, қадимий битикларда Муқанна ва унинг ҳаракати хусусида турли маълумотлар берилган. Уларнинг қайси бири ҳақиқат эканлигини англаш қийин кечарди. «Бухоро тарихи”да эса Муқаннанинг кимлиги, унинг фаолияти, оқ кийимликлар ҳаракати, бу ҳаракатнинг моҳияти, Муқаннанинг ҳалокати тўлалигича очиб берилган. Шу маънода асарни бу мавзуни ёритиб берувчи дастлабки ва асосий манбалардан бири, дейиш мумкин. Шунингдек, асарда Бухорода салкам 200 йил давомида ҳукмдорлик қилган Сомонийлар давлати вакилларининг ҳаёти ва фаолияти ҳам батафсил келтирилган. Хуллас, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахийнинг «Бухоро тарихи» асари жаҳон тарихининг бир қисми бўлган юртимиз, Марказий Осиё, шарқ тарихини бағрида ёрқин акс эттирувчи энг қадимий ва энг ишончли, шунингдек, улуғ шаҳар қадимиятини ўрганишда муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун бу асарнинг ноёб нусхалари дунё кутубхоналари ва қўлёзмалар хазиналарида кўплаб сақланади. Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида бу асарнинг 20 дан ортиқ нусхаси мавжуд. Асарнинг форсий тилдаги матни 1892 йилда Шефер томонидан Парижда, 1904 йилда Мулло Султон томонидан Бухорода, 1939 йилда Мударрис Ризавий таҳрири остида Теҳронда нашр қилинган. Асарнинг Николай Ликошин томонидан рус тилига қилинган таржимаси 1897 йилда Тошкентда, Роберт Фрайнинг инглиз тилига таржимаси асосида 1954 йилда Кембрижда, Насруллоҳ Тарозийнинг араб тилига таржимаси асосида 1963 йилда Мисрда китоб ҳолида чоп этилган. Ушбу тарихий асар ўзбек тилига Абдуфаттоҳ Расулов томонидан илмий изоҳлари билан ўгирилган. Бу асар 1966 йилда илк бор ўзбек тилида нашр этилган. Кейинчалик, 1991 йилда Тошкентда “Камалак” нашриётида “Мерос” рукни остида Абу Тоҳирхожанинг “Самария”, Баёнийнинг “Шажараи Хоразмшоҳий”, Ибратнинг “Фарғона тарихи” асарлари билан биргаликда китоб ҳолида нашрдан чиқарилган. Ушбу маълумотлар Наршахийнинг "Бухоро тарихи" китоби, ҳақиқатан, дунёни, тарихни янгидан кашф этувчи асарлардан бири сифатида бугунги кунда халқимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилишини яққол кўрсатади.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тўй ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатлар...
01 янв 1970
Журналистика касби бу соҳага кирган кишидан доимий ҳаракатда бўлишни, бугуннинг гапини тушдан кейинга ҳам қолдирмасликни талаб қилади. ...
01 янв 1970
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. ...
01 янв 1970
Кейинги йиларда юртимизда кекса авлод вакилларини эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш нафақат ҳар бир фуқаронинг, давлат сиёсатининг ҳа...