Сени кимдан асрай, болажон?!

/
Бугун 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана бутун дунёда кенг нишонланади. Айнан шу кунда фарзандларимизга ҳар кунгидан-да кўпроқ эътибор қаратамиз, кўнгилочар жойлар, истироҳат боғларига олиб борамиз, улар учун совғалар харид қиламиз. Яқинда 10 ёшли ўғлим байрам яқинлашаётганини эслаб, “Аяжон, нега бу байрам “Болаларни ҳимоя қилиш куни” деб номланган, болаларни кимдан ҳимоя қилиш керак?” деб сўраб қолди. Бу савол кўнглимдаги оғриқли фикрларни айтишга мажбур қилди. Ўзимга “сени кимдан асрай, болажон” деган саволни бериш ва унга жавоб топиш масъулиятини юклади, назаримда.
Болажон, бугун сенинг ҳуқуқларинг бутун дунёда турли ҳужжатлар билан ҳимоя қилинган. Юртимизда ҳам болаларга алоҳида эътибор қаратиш ва ғамхўрлик қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларга таълим-тарбия бериш, саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Болалар манфаатларини ҳимоя қиладиган миллий қонунчилик мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Аксарият давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам сенинг ҳуқуқларинг ҳимоя қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиси сифатида ушбу ҳужжатнинг барча талабларини бажаришга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлайдиган юздан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатдан иборат қонунчилик базаси шакллантирилган.
Ушбу ҳужжатлар сенинг ҳуқуқ ва эркинликларинг, қонуний манфаатларингни таъминлаш, ҳаётинг ва соғлиғингни муҳофаза қилиш, сени камситишга йўл қўймаслик, шаънинг ва қадр-қимматингни ҳимоя қилишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда. Аммо бу ҳужжатлар ҳар доим ҳам сенга мадад бўла олаяптими? Унча-мунча ҳуқуқий ҳужжат ва жазолардан тап тортмайдиган катталар бу борада сенинг ҳуқуқларинг поймол бўлишига сабаб бўлмаяптими?
Бундан бир неча ўн йил олдин, ҳали мактаб партасида ўқиб-ўрганишинг керак бўлган пайтда сени пахта йиғим-теримига жалб қилишарди. Бошингдан кимёвий дорилар сепиларди. Бу юқори ташкилотлар буйруғи экани сабаб ота-онанг ҳам индамайгина рози бўларди. Лекин оммавий ахборот воситалари “Мамлакатимиз бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини қатъий бажармоқда” деб бонг урарди. Сен билим олиш ўрнига кўча тозалардинг, пахта терардинг... Яхшики, бу ҳолатга ҳозир чек қўйилди.
Яна бир оддий мисол. Онанг тонг саҳардан сенинг кийим-кечагинг, нонушта ва тушлигингни тайёрлаб, ўзи шошганча укангни боғчага олиб кетади. Аслида сенинг ёш бошинг билан уйда ёлғиз қолишингни, ёлғиз овқатланишингни хоҳламайди онанг, лекин касбига меҳри, рўзғор ташвиши уни шундай қилишга мажбур қилади. Укангни болалар боғчасидан вақтида олиб, уйга бориб, ширин таом тайёрлашни режалаштираётган онангнинг қаттиққўл, ўз таъбири билан айтганда, касбига фидойи раҳбари соат 18 га яқинлашганда муҳим топшириқ бериб қолади. Укангни боғчадан олиш, унга энагалик қилиш, кўзларинг тўрт бўлиб, ота-онангни ишдан қайтишини кутиш бора-бора сенинг кундалик вазифангга айланиб қолади. “Катта бўлиб, раҳбар бўлсам, аёлларни ярим тунгача ишлатмайман”, деб қўясан шунда ўзингга ўзинг.
Энди “дўппини бошдан олиб”, бир ўйлаб кўрайлик. Аслида болаларимизни кимдан асрашимиз керак? Ароқхўр ота маст бўлиб келиб боласини дўппосласа, жанжалкаш она овсинию қайнопалари билан мерос талашса, такасалтанг эр пул дардида хорижга чиқиб кетган хотинининг аламини қизидан олиб, хўрласа...
Ҳар қандай даврда ҳам тарбия фарзанднинг комил инсон бўлиб етишишининг муҳим асоси ҳисобланган. Фарзандга шахсий намуна орқали тарбия берилади. Умрида қўлига китоб олиб ўқимаган, бир марта бўлса-да газета варақламаган, фарзандларига китоб совға қилмаган ота-онанинг фарзанди ҳам худди ўзидек вояга етади.
Биз фарзандларимизга таълим беришдан олдин тарбия масаласини ўйлаб кўришимиз лозим. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ҳам бежиз “тарбия — ҳаёт-мамот” демаган. Энг, аввало, фарзандларимизни тарбиялашда кўзбўямачиликдан йироқ бўлишимиз лозим.
Моддий бойлик ортидан қувиб, болаларини бегоналар тарбиясига топшираётган ота-оналарнинг бугун топаётган 100 сўм пули эртага бир пул бўлиб қолишини англаб етадиган вақт ўтиб боряпти.
Шу ўринда бир-икки мисол келтирсак.
Ҳанифа опа “Фарзандимга қандай тарбия бермай, барибир яхши инсон бўлади, халқимизда “ёмондан яхши чиқди деб суюнма, яхшидан ёмон чиқди деб куюнма...” деган нақл бежиз айтилмаган”, — дейди.
Солижон ака эса “Болага қаттиққўл бўлиш керак, у қачонки ота-онасидан қўрқса, шундагина яхши одам бўлади”, дейди.
Дилором опа “Боланинг барча эҳтиёжларини қондириш керак, тарбияни мактабнинг ўзи беради”, дейди.
Баҳром ака эса “Бу менинг болам, уни тергашга на маҳалланинг, на ўқитувчиларининг ҳаққи бор”, дейди...
Кўраяпсанми, ҳамма ота-она боласига тарбия беришнинг турли усулидан фойдаланади ва ўз йўлини тўғри, деб билади. Бугун катталар дам олиш, тўй-маърака, меҳмондорчилик ва гап-гаштакларга боришни канда қилишмайди, аммо боласига эътибор иккинчи даражали бўлиб қолмоқда. Оилавий тарбиявий суҳбатлар, фарзанд учун вақт ажратиш, унинг қизиқишлари, орзулари билан қизиқиш камайиб бораётгани ҳам оғриқли жиҳатларимиздан бири.
Бугун, айниқса, ёш оилаларда жуда кўп учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг таг-замирига эътибор қаратсак, уларни кино лентасидек орқага қайтарсак, болаликда тарбиядаги бўшлиқ лавҳалари кўз олдимиздан ўтаверади. Аксарият оталар фарзандини тарбиялашда ўғил болаларга “Сен келгусида оила бошлиғи бўласан, шунинг учун илм ол, ҳунар ўрган, ҳалол ризқ топиб, турмуш ўртоғингни, бола-чақангни боқишга тайёрлан” деб уқдирмайди, панд-насиҳат бермайди.
Киприкларимиз остида асраб-авайлаб катта қилган қизларимизга “Сен келгусида уй бекаси, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўл, ўқимишли ва уқувли бўл, рўзғор илмини ўрган, хушмуомала, итоатли бўл, бир умр янги оилада яшашга тайёрлан”, дея огоҳлантиришга унчалик ҳам эътибор қаратмай қўйдик. Оналаримиз қизларига алла айтишни мерос қолдириши камайиб кетмоқда. Шунга бўлса керак, бугун айрим фарзандлар ўз отаси ўтирган уй томида бемалол юради. Кундалик ҳаётимизда учраётган бу ҳолатлар биз, катталарнинг фожиамиз, қусурларимиз аслида.
Болажон, бу фожиаларни, хатти-ҳаракатимиз, яшаш тарзимиздаги қусурларни, маънавият ва тарбиямиздаги бўшлиқларни санар эканман, сенинг ҳуқуқларинг бузилишида катталарни, ўзимизни айбдор деб билдим. Сени, аввало, ўзимиздан ҳимоя қилишимиз, ўзимиз камчиликлардан, қусурлардан халос бўлишимиз лозимлигини ич-ичимдан ҳис қилдим.
Хотиринг жам, кўнглинг тўқ бўлсин, бугун тарбия ва таълимда бўлаётган ислоҳотлар, сенинг ҳуқуқларинг ҳимояси йўлида олиб борилаётган ишлар, нафақат ёшлар, балки бутун халқнинг маънавиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар мева беришига оз қолди. Чунки сен ота-онанг, Ватанинг келажагисан. Етук инсон бўлиб вояга етишинг бизнинг ҳаёт-мамотимизни белгилаб беради.
Кел, энди бир бағримга босай, болажоним!
Шоҳида ДАМАНОВА,
“Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётда барча соҳалар каби савдо-сотиқда ҳам, аввало, ҳалол, тўғрисўз ва виждонан фаолият юритиш талаб этилади. ...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. ...
01 янв 1970
Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз....