Ҳаётга муҳаббат тимсоллари

/
Тақдирнинг сиру синоатлари, инсоннинг яшашга бўлган иродаси-ю, масъулиятини ҳар лаҳзада синовдан ўтказиб турадиган қийинчиликлари кўп. Бу мушкулотларни сабр-бардош, ақл-заковат билан енгиб ўтган киши ҳаётда шукроналик билан яшаш бахтига мушарраф бўлади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган пайариқлик Зуҳра Усмонова истеъдодини рўёбга чиқариш учун ўзида беқиёс куч ва матонат топа олган ана шундай инсонлардан. У қўллари ўзига бўйсунмай, қалам тутолмагач, оёғининг бармоқларини ишга солиб, бир-биридан нафис, жозибадор расмлар чизди ва турли нуфузли кўргазмаларда асосий совринларга эга бўла олди.
Зуҳра Усмонованинг ижодкор сифатида тасвирий санъатга кириб келиши, санъат орқали ўзини таниб, иқтидорини намоён эта олганининг ўзи бир мўъжиза! Болаликдан иккала қўли фалаж бўлиб қолган инсоннинг рассомлик қилиш учун ўзида куч топганини ҳаётда соғлом кишилар қатори яшашга ва яратишга бўлган иштиёқ, дейиш мумкин.
Эндигина ўн саккиз ёшга қадам қўйган Пайариқ қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчиси З.Усмонова ёшлар ўртасида ўтказилган “Юрт келажаги” танловининг Самарқанд вилоят босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, Тошкентда ташкил этилган “Юксак маънавиятли авлод” кўргазмасида миллий руҳни намойиш этган рассом номинацияси бўйича республика ғолиби сифатида диплом билан тақдирланди. Унинг турли танлов-кўргазмаларда сазовор бўлган фахрий ёрлиқлари ва дипломлари ижодхонасининг деворларини нафис расмлари қатори безаб турибди.
Зуҳра Усмонова билан суҳбатлашганимизда у натюртморт чизишни, табиат манзаралари ва қишлоқлар ҳаётини бор бўйича акс эттиришни, улуғ аждодларимиз портретларини яратишни хуш кўришини ва чарчоқларини шундай ёқимли машғулот билан енгиб ўтаётганини таъкидлади. Унинг Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур портретларига оид чизмалари, “Боғимдаги товус”, “Қишлоқда ёз” деб номланган картиналари рангларнинг беғуборлиги, тиниқлиги билан ажралиб туради.
...Неча кундан буён димиқиб ётган осмон ниҳоят булутларни ишга солди. Ерга орзиқиб кутилган биллур томчилар шувиллаб тўкилди. Иссиқдан ҳансираган дала ва экинзорлар қайтадан кўкариб, бўй-бастини кўрсатди. Рассом қизнинг зийрак нигоҳлари кузатган бу манзара “Даладаги деҳқон” картинасида мантиқий кетма-кетлик билан ўз ифодасини топганки, кўриб табиатга бу қадар яқинликдан ҳавасга тушасиз. Ҳа, Зуҳра ҳар гал расм чизишдан аввал ҳаётни, табиатни, одамларни синчков нигоҳлари билан кузатади. Ўз муносабатини ёрқин рангларда намоён этишга интилади.
— Менинг ҳаётга бўлган умид ва ишончимни қайтадан мустаҳкамлаган, жамиятда ўз ўрнимни топишимга кўмаклашган инсонлардан беҳад миннатдорман, — дейди Зуҳра Усмонова. — Улардан бири Пайариқдаги 17-мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, устозим Ўктам Омонов. У кишининг маслаҳат ва ёрдами билан тасвирий санъатда қобилиятимга ишонч ҳосил қилдим. Бугунгача юздан ошиқ картина яратган бўлсам, деярли ҳаммасида устозимнинг ҳар бир сўзи, зукко нигоҳини сезиб тургандек бўламан.
Зуҳранинг ўз танлаган йўлидан бориб, мақсад сари курашишга туртки берган яна бир олижаноб инсон — Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори Султон Аҳмедовдир. Ўтган йили кузда рассом қиз яшаётган “Қийра” қишлоғига келган ректор Зуҳранинг ижодий ишлари билан танишиб, унинг маҳорату матонатига тасаннолар айтди. Коллежни тамомлагач, Архитектура-қурилиш институтига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишни маслаҳат берди. Шу биргина самимий сўз Зуҳрани тинимсиз ижодий изланишга, ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун янги куч-ғайрат топишга руҳлантирди.
Ёш мусаввирнинг онаси Гуламза Бўрибоева ва отаси Қувондиқ Бўрибоев фарзандининг камолоти учун астойдил қайғуришади. Унинг мустақил ҳаёт сари қўяётган ҳар бир қадамини зийраклик билан кузатиб, қўлидан келган барча ёрдамни беришга интилишади.
— Шунинг учун мен меҳрибон онажоним ва ғамхўр отажонимнинг расмларини алоҳида меҳр-муҳаббат билан чизишга интилганман, — дейди Зуҳра. — Уларнинг ҳар бири менинг тарбиям йўлида чеккан заҳмату машаққатларини тиллоларга алмаштириб бўлмайдиган олижаноб инсон.
Онасининг айтишича, қизи гўдаклигида тиббиёт ходимларининг муолажа пайти эҳтиётсизлиги туфайли тақдирнинг ана шундай машаққатли синовлари бошланган. Тиббиёт юксак ривожланган бугунги даврда қизи Зуҳранинг соғлиғи қайта тикланишига ота-она умид қилишади.
Зуҳра Усмонова яшаётгани Пайариқ туманидаги “Бирлашув” маҳалласидаги 736 хонадонда 4 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўролбой Тулкибоевнинг таъкидлашича, бу ерда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, рассом қизни тарбиялаётган Қувондиқ Бўрибоев хонадонига зарур моддий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда. “Адолат” СДПдан халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайланган депутат Алишер Муқимов партия фаоллари билан биргаликда Бўрибоевлар хонадонига ташрифимиз чоғида маҳалла етакчиси тез орада бу оиланинг уйини ҳашар йўли билан таъмирлашга киришмоқчи эканликларини маълум қилди. Бу ҳам қишлоқдошлар қалбида ниш урган эзгулик ва меҳру оқибатнинг ифодаси. Айниқса, депутат А.Муқимов пойтахтимиздаги нуфузли клиникаларда 2-гуруҳ ногирони З.Усмонованинг имтиёзли даволаниши учун амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилишини айтганида, шояд рассом қизнинг соғлиги тикланса, деган умид барчанинг дилидан кечди.
Ҳа, инсон атрофдагиларининг меҳру муҳаббати билан қалбан улғайиб, ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Зеро, инсон умри меҳру оқибат билан гўзал ва сермазмундир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Эътироф этиш керак, бу галги Мурожаатнома ҳам инсон...
01 янв 1970
Наманганда “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Банк кредити ёрдамида барча зарур техникаларни сотиб олганмиз, артезиан қудуқ қазиб сув чиқарганмиз...