Туташ тақдирлар

/
Ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг ўз олдига қўйган бош мақсади, ички ва ташқи сиёсатида яқин-узоқ йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари бўлади. Мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларда ана шу мақсад ва йўналишлар ижроси ўз ифодасини топади.
Истиқлол йилларида барча миллат ва элатларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, тинчлик-тотувлик, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда ана шундай йўналишлардан бири бўлди. Мамлакатимиз қисқа муддат ичида дунё ҳамжамиятининг фаол ривожланаётган, ташаббускор аъзоси, тинчлик-тотувлик, бағрикенглик ҳукм сураётган ҳавас қиларли мамлакатга айлангани бунинг ёрқин исботидир.
Бугунги кунда республикамизда «халқ дипломатияси» асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро манфаатли сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларга янги маъно-мазмун бағишлашга, ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Мамлакатимизда яшаб келаётган барча миллат ва элатларнинг ўтмиш тарихи, маданияти, маънавий-диний қадриятлари, миллий анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда уларни ҳар томонлама ривожлантириш тамойиллари асосида 138 та миллий маданий марказ, 34 та дўстлик жамияти фаолият юритиб келмоқда.
2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва унда кўзланган вазифаларнинг изчиллик билан амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги янги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик, яқин қўшничилик муҳитини яратишни тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони жамиятда барқарорлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оилага мансублик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантиришга қаратилган. Республика Байналмилал маданият маркази ҳамда Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг ташкил этилиши бу борадаги устувор вазифаларни бугунги талаблар даражасида амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур қўмита зиммасига жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, миллатлараро муносабатлар маданиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, миллий маданий марказларга амалий ва методик ёрдам кўрсатиш, миллати, ирқи ва диний эътиқодидан қатъи назар, фуқаролар онгида кўп миллатли ягона оила туйғусини шакллантириш, «Ўзбекистон — умумий уйимиз» тамойилини амалга ошириш, ёшларни бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, тарих, маданият, миллий анъана ва урф-одатларни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш, миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга баркамол авлодни тарбиялаш ишига муносиб ҳисса қўшиш вазифаси юкланади.
Тарихдан яхши маълумки, миллий тараққиёт йўлига ўтган ҳар қандай давлат, энг аввало, жуғрофий қўшнилари билан икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиши, маданият, санъат, илм-фан ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиши, иқтисодий, экологик муаммолар ечимини биргаликда излаши лозим бўлади. Бугунги глобаллашув шароитида изчил тараққиётга эришишнинг бундан бошқа йўли йўқ. Шиддат билан ўзгариб бораётган янги дунёнинг ёзилмаган қонунларидан бири шуки, эндиликда ҳеч бир давлат, у нечоғли бой-бадавлат бўлмасин, иқтисодий ва айниқса, маънавий муаммоларини бир ўзи, дунё ҳамжамиятидан узилган ҳолда ҳал эта олмайди.
Таассуфки, кейинги беш-ўн йил ичида бу қоидага амал қилишда жиддий нуқсонларга йўл қўйилди. Бунинг сабабларига тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ. Узоқ тарихдан бери бир водийда ёнма-ён яшаб, бир ҳаводан нафас олиб, бир дарёдан сув ичаётган қон-қардош, томирлари бир халқлар бир-бирларидан узоқлашиб қолдилар. Ўртага совуқлик тушди, йўлларга тўсиқ қўйилди, сунъий ғовлар, тақиқлар пайдо бўлди. Тақдир тақозосига кўра икки мамлакат ҳудудида яшаб қолган бир оила, бир сулола аъзолари ўртасидаги борди-келдилар, оддий инсоний йўқловлар деярли барҳам топди. Миллий истиқлол ғояларига мутлақо зид бўлган нохуш кайфият юзага келди. Не бахтки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг янги халқчил, узоқни кўзловчи инсонпарвар сиёсати бу номақбулчиликларга чек қўйди. “Оққан дарё барибир оқади” деганларидек, қисқа муддат ичида мамлакатимиз раҳбарининг яхши қўшничилик, аҳил-иноқлик, дўст-қадрдонлик сиёсати ўзининг ижобий натижаларини кўрсата бошлади. Буни қўшни Қирғизистон билан қайта тикланган бугунги кенг кўламли алоқаларимизда яққол кўриш мумкин.
Мамлакатимизда 300 мингга яқин қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг миллий маданияти, она тили, анъана ва урф-одатларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Вилоятларимизда 6 та қирғиз миллий маданий маркази фаолият кўрсатмоқда, 56 мактабда таълим қирғиз тилида олиб борилади. Телевидение ва радио орқали қирғиз тилида кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилади.
Ҳар икки давлат раҳбарларининг расмий учрашувида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида, Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда, Савдо-саноат палаталари ўртасида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида шартнома ва битимлар, чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг имзоланиши, икки мамлакат ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари билан боғлиқ муаммоларга ечим топиш учун қўшма комиссия тузишга келишиб олингани айни муддао бўлди.
Ўзбек ва қирғиз тили, маданияти ва санъатида, халқ оғзаки ижоди, урф-одат ва қадриятларида муштараклик мавжуд. Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданияти, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қисқа вақт ичида Қирғизистон театр намояндалари Фарғона водийсида, ўзбекистонлик санъат усталари Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларида ижодий сафарда бўлишди. Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Навбатдаги маданият кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Йил адоғида атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги мамлакат миқёсида нишонланади. Айни кунларда ушбу қутлуғ санага бағишланган адабий-бадиий тадбирлар мамлакатимизнинг етакчи ташкилотларида, ижодий жамоаларда, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўтказилмоқда. Театрларимиз саҳналарида Чингиз Айтматов асарлари асосида ўнга яқин спектакллар саҳналаштирилаётир. Бадиий ва ҳужжатли фильмни суратга олиш ишлари бошлаб юборилди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига биноан “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” хотира китоби нашр этилади. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий кўргазма ташкил этилгани адабий-маданий алоқаларга янгича руҳ бахш этди. Ушбу кўргазмани қўшни мамлакат раҳбарлари, сиёсий партияларнинг етакчилари, депутатлар, кўплаб ижодкорлар келиб кўришди.
Бундан анча йиллар аввал истеъдодли режиссёр Ҳамид Қаҳрамонов Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Жаннатга йўл”, “Соҳибқирон” драмаларини Ўш давлат академик драма театри саҳнасига олиб чиққан ва бу асарлар кўп вақт театр репертуарини безаб турган эди. Шу саҳнада Чингиз Айтматовнинг “Момо ер” қиссаси асосида тайёрланган спектакль намойиш этилиб, Тўлғаной образини машҳур қирғиз актрисаси, қолган образларни ўзбек актёрлари ижро этишганида, улуғ адиб бу ижодий ҳамкорликдан ғоят мамнун бўлиб, “Дўстлик ҳақида юз бор гапиргандан кўра, мана шундай амалий иш қилган маъқул” деган эди. Яна бир таниқли режиссёримиз Тоживой Исроилов Чингиз оғанинг “Қиёмат” ҳамда “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссалари асосида сермазмун спектакллар яратди. Ўшлик ижодкорлар оригинал талқинли, замонавий кино ва театр санъати декорациялари уйғунлашган сўнгги асарни қўшни Наманганда, яқинда эса Ўзбек Миллий академик драма театри саҳнасида талабчан томошабинлар ҳукмига ҳавола этишди. “Ижодий ҳамкорлигимизнинг қайта тикланиши бизга жуда катта куч-қувват берди, янги изланишларга илҳомлантирди”, дейди таниқли бастакор Зокиржон Шокиров.
Шу ўринда олис мозийга бир назар ташлаш зарур бўлади. Сомонийлар давлати парчаланганидан кейин дунё харитасида маркази Боласоғун бўлган кучли қорахонийлар давлати пайдо бўлади. Бу давр минтақада ислом динининг янада чуқур илдиз отиши билан бирга, маданият, меъморчилик соҳалари жадал суръатларда ривожлангани, кўплаб ноёб миноралар қад ростлагани билан ҳам характерланади. Ўн биринчи асрнинг ўрталарига келиб, “Шоҳ Фозил” меъморий обидаси туфайли Сафед Булон қишлоғи исломий маданиятнинг Фарғона водийсидаги маърифий марказига айланади, бу ерда меъморчилик, кулолчилик, тош ўймакорлиги ривожланади. Ҳозирга қадар сақланиб қолган қабртошлардаги ёзувлар Сафед Булонга узоқ мамлакатлардан келган исломшунос, фиқҳшунос олимлар дафн этилгани, улар орасида “Икки олам муфтийси” унвонига сазовор бўлган кишилар ҳам борлигидан далолат беради.
Сафед Булонга келган киши бу ернинг тубжой аҳолиси ўзбеклар, аммо каттаю кичик, айниқса, ёшлар қирғиз тилида ҳам бийрон сўзлашаётганига гувоҳ бўлади. Меҳмон кутиш, дастурхон ёзиш, қўноқларнинг кўнглини олишда ўзбекча-қирғизча расм-русумлар қўшилиб, бир-бирини тўлдириб, ажиб яхлитлик касб этган. Тўй маросимларида ўзбекча-қирғизча қўшиқлар, айтишув-тортишувлар биргаликда янграйди, мусибат кунлари ўзбекнинг уйига қирғиз биродари, қирғизнинг овулига ўзбек қадрдони “бовурим”, “жигарим”лаб етиб келади. Сафед Булонга ёндош Оқтом, Ёппасолди, Подак, Оққўрғон, Қўрғонча, Қашқалоқ, Қўшолмурут каби қишлоқларда ҳам бундай ҳамдардликни кўриш мумкин. Чунки бу жойларда азалдан икки туркий қавм вакиллари ёнма-ён, бир-бирларига елкадош, тақдирдош бўлиб яшаб келадилар. Бозорлари, мозорлари, ҳосил далалари, қир-ўрлари, яйлов-ўтлоқлари, сой-сўқмоқлари, тоғ-тошлари, ов қиладиган даралари бир. Қирғизларнинг тўйларида ҳам карнай-сурнай чалинади, бир қозонда йилқининг гўшти қайнаса, иккинчисида палов дамланади. Меҳмонларнинг елкасига тўн ёпилиб, бошига қалпоқ кийгизилади. Сафед Булонда туғилиб ўсган шоир Турсунбой Адашбоев бутун умрини ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги адабий алоқаларни ривожлантиришга бағишлади, икки халқ болаларининг севимли шоирига айланди. Қирғизистонда “Манас”, Ўзбекистонда “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, бугун икки ёндош халқ кечаги гинахонликларни унутиб, азалий борди-келдиларни тиклаб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб, тинчлик-тотувлик замонининг муаттар нашидасини сурмоқдалар. Бу нашиданинг умри бардавом бўлсин.
Аҳмад ОҒА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқий-демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг асосий омилларидан бири, шубҳасиз, эркин ва мустақил фикрни билдириш имкониятининг мавжудл...
01 янв 1970
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
01 янв 1970
Хусусан, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлиши лозимлиги таъкидланган: ...
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....