ШАФФОФЛИК — АДОЛАТ ЙЎЛИ

/
Ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Ёшларнинг илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ўзининг кўлами ва сифати билан алоҳида аҳамиятга эга. Айниқса, олий таълим муассасаларига иқтидорли, билимли йигит ва қизларни ўқишга қабул қилиш масаласи йиллар давомида халқимизни ўйлантириб келаётган долзарб муаммолардан бири саналади.
Атрофимиздаги айрим нопок, товламачи, фирибгар кимсаларнинг ноўрин хатти-ҳаракатлари туфайли халқимизда тест синовларига нисбатан ишонч йўқолди. Телефон, шпаргалка, чип каби воситаларга ружу қўйилди. Энг ёмони, салбий йўллар билан ўқишга олиб кириб қўйишнинг хуфиявий механизми шаклланди.
Президентимиз фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлабоқ бу иллатларга қарши муросасиз кураш бошланди. “Коррупция тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши, пора берган ҳам, пора олган ҳам қонун олдида бирдек жавобгар саналиши ҳақидаги бандлар юқоридаги каби ноқонуний йўлларни ахтараётган кимсаларнинг ҳаракатларига бирмунча чек қўйди.
Тажрибадан маълумки, салбий ҳолатларнинг сезиларли қисми ижодий имтиҳонлар билан боғлиқ ҳолда юзага келади. Ижодий ишларга нохолис ёндашиш, уларни баҳолашда таниш-билишчилик, гуруҳбозлик, маҳаллийчиликка йўл қўйиш олий таълим муассасаларидаги ижтимоий муҳитнинг бузилишига, жиноятчиликнинг келиб чиқишига сабабчи бўлаётган эди. Бу йилги тест синовларига алоҳида тайёргарлик ишларининг ташкиллаштирилиши, ижодий имтиҳонларда адолат, ҳалоллик ва шаффофликнинг таъминланиши ота-оналар ва абитуриентларнинг ҳақли эътирофларига сабаб бўлмоқда.
Таассуфки, шунча янгиланишларга, таълим соҳасидаги ислоҳотларга қарамасдан олий таълим муассасаларининг девори тагида ғимирлаб юрган, лақма кимсаларни ўз тўрига илинтириш пайида бўлган фирибгарлар ҳамон орамизда топилиб турибди.
Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар, кўзингизни очинг. Имтиҳонлар жараёни тегишли давлат органлари назоратида турибди.
Имтиҳон жараёнлари барчага очиқ-ойдин кўрсатилиб, имтиҳон олувчилару абитуриентларнинг хатти-ҳаракатлари ташқаридан кузатиб турилади, синовларда шаффофлик, адолат таъминланади. Шаффофлик ва адолат эса энг мақбул йўлдир.
Валижон САЪДИЕВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...
01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳудудларида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши учун мингдан ортиқ оромгоҳ фаолият кўрсатиб келмоқда....
01 янв 1970
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кўлами янада кенгайди. ...