Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини

/
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлиги соҳа ислоҳотларида янги босқични бошлаб берганлиги билан бирга, ёш авлод таълим-тарбияси нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини ҳам яққол ифодалайди.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, жорий йилда “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси амалиётга изчил йўналтирилди. Мазкур лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар, шаҳар, туманлардаги партия депутатлик гуруҳлари, фаоллари жойларда Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бошқармалари, бўлимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда иш олиб боришди.
Хусусан, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчаларга қамраб олиниши ва уларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ҳолатлари ишчи гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.
Шу мақсадда республикамиздаги давлат, нодавлат ташкилотларига қарашли бўлган жами 5748 та МТМлардан 1787 тасида ўрганишлар ўтказилиб, натижалар таҳлил қилинди.
Албатта, соҳада кечаётган ислоҳотларни ушбу муассасалар фаолиятига татбиқ қилиб, ижобий натижаларга эришаётган МТМлар бошқаларга ибрат кўрсатмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим даргоҳларида ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, ўрганишлар олиб борилган ҳудудларда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 1 023759 нафарни ташкил этиб, шулардан 371478 нафари, яъни 36,2 фоизи МТМларга қамраб олингани маълум бўлди.
Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтсак. Асака туманида фаолияти ўрганилган 25 та МТМларда 6777 нафар кичкинтойлар тарбияланмоқда, аммо шу ҳудудлар миқёсида боғча ёшидаги 22080 нафар болалар қамраб олинмаган, Марҳамат туманида ўрганилган 27 та боғчада 3178 нафар бола тарбияланаётган бўлса, 13036 нафар бола МТМга жалб этилмаган, Беруний туманида 1967 нафар бола 17 та МТМда, шу ҳудудда боғчага қамраб олинмаган болалар сони 8170 нафарни, Булунғур туманида ўрганилган 9 та МТМда 602 нафар тарбияланувчи қайд этилиб, ҳудуддаги 3-7 ёшдаги 1758 нафар бола МТМларга қамраб олинмаганлиги аниқланди.
Ҳар бир соҳа тараққиётида кадрлар таъминоти, мутахассисларнинг билим ва малакаси қай даражада эканлиги муҳим ўрин тутади. Ишчи гуруҳларининг ўрганишларида МТМларда олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори эканлиги ҳам маълум бўлди.
Масалан, 1787 та МТМда меҳнат қилаётган педагог-тарбиячиларнинг умумий сони 23236 нафарни ташкил этиб, уларнинг 6076 нафари (26,1 фоиз) олий маълумотли педагоглар, 14292 нафари (61,5 фоиз) ўрта-махсус маълумотли, 2611 нафари (11,2 фоизи) ўрта маълумотли ҳамда 257 нафари мутахассислиги бўлмаган кадрлардан иборат.
Мазкур МТМлардан 388 таси замонавий таълим дастурлари ва технологиялари билан таъминланганлиги кузатилди. Аммо бу кўрсаткич ўрганилган МТМларда атиги 21,7 фоизни ташкил этаётганлиги бугунги тараққиёт талаблари, шиддати нуқтаи назаридан қараганда бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўплигини англатади.
Маълумки, бугунги кунда боғчаларда таълим-тарбияни ташкил этишда “Болажон” ва “Билимдон” таянч дастурлари асосида машғулотлар олиб борилмоқда. Жумладан, Қоровулбозор туманидаги 1-,2-,3-, 4-,5-,6-сонли МТМларнинг ўқув-тарбия жараёнида инглиз ва рус тили тўгараклари ташкил этилган бўлса, Жондор туманидаги 4-сонли “Қалдирғоч” номли МТМда машғулотлар замонавий кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Косон туманидаги “Кўзмунчоқ” номли ихтисослашган МТМ тарбиячилари жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологиялардан фойдаланган ҳолда болаларга инглиз тилини ўргатишни йўлга қўйган бўлса, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 4-сонли МТМда болаларни соғломлаштириш мақсадида бадиий гимнастика тўгараги ташкил этилган. Тарбиячилар томонидан “Зумрадойлар давраси” ва болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида ҳафтасига 2 марта куннинг иккинчи ярмида “Моҳир қўллар” тўгараклари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Ўрганишлар давомида боғчалар фаолиятида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан бугунги кунга қадар 47 та халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Мавжуд муаммолар вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган ҳолатларда халқ депутатлари вилоят Кенгаши даражасида кўриб чиқилди.
Хусусан, халқ депутатлари Сурхондарё, Бухоро вилоятлари Кенгаши сессиялари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида партия депутатлари ташаббуси билан ўрганишлар натижалари муҳокама этилди. Сессия қарорлари ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Муҳими, ҳудудларда Кенгашлар сессияси қарорларига биноан, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник баъзасини яхшилаш учун ажратилган маблағлар миқдорини қайта кўриб чиқиш бўйича мақсадли йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланди. Шунингдек, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш борасида назорат ўрнатиш ҳамда илғор услубларни тарғиб қилиш бўйича жамоатчилик, мутахассислар ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат жамоатчилик штаблари ташкил этиш чоралари белгиланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, партия фаоллари ўрганишлар натижаларини таҳлил этган ҳолда бир қатор аниқ таклифларни ҳам илгари сурмоқда. Жумладан:
— вилоятлар, туман (шаҳар)ларнинг эҳтиёжлари асосида олий таълим муассасаларида мактабгача таълим йўналиши бўйича кундузги, кечки ва сиртқи ўқиш шакллари бўйича мутахассислар тайёрлаш квоталарини қайтадан кўриб чиқиш;
— маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида 5-7 ёшли МТМга қамраб олинмаган болалар учун ҳафтада 2 маротаба ҳудудда жойлашган МТМнинг мутахассис педагоглари кўмагида беғараз мактабга тайёрлов курсларини ташкил этиш;
— МТМлардаги мактабга тайёрлов гуруҳлари (5-7 ёшли) учун ягона бўлган замонавий давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш. Бунда хорижий тиллар ҳамда бошланғич ҳуқуқий билимлар бўйича машғулотлар ташкил этишга алоҳида эътибор бериш;
— МТМлардаги мавжуд мактабга тайёрлов гуруҳларини марказлашган ҳолда замонавий ўқув қуроллар билан таъминлаш;
— МТМ мудирларининг боғча жойлашган МФЙ (ҚФЙ,ОФЙ, ШФЙ)да мактабгача таълим муассасаси фаолияти юзасидан ҳисобот бериб бориш тизимини йўлга қўйиш.
Қайд этиш жоизки, ушбу таклифлар мутасадди ташкилотларга тақдим қилинди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон ўз умри давомидаги барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шундай экан, келажагимиз бунёдкорларининг эртанги камолоти уларни болалигидан бошлаб соғлом ва билимдон, мустақил фикрлайдиган, қатьиятли қилиб вояга етказишимизга боғлиқ албатта.
Муҳаммаджон ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одатда аксарият жиноятчилар ўз қилмишларининг жиноят эканлигини, унинг ҳуқуқий оқибатларини билсалар-да, ноқонуний хатти-ҳаракатдан тийилмайдилар. ...
01 янв 1970
Юртимизда эришилаётган ҳар бир муваффақиятимиз, илм-маърифат, спорт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларнинг ривожланиши ўқитув...
01 янв 1970
Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга мурожаат этдик....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...