“Ўзбеккино”: Кеча, Бугун, Эртага

/
Куни кеча “Ўзбеккино” Миллий агентлиги киностудияларида ишлаб чиқарилаётган тарихий ва замонавий мавзудаги бадиий фильмлар, шунингдек, ҳужжатли ва мультипликацион фильмларнинг ҳажмини ошириб бориш ва сифат жиҳатидан юксак даражага кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Фурқат Зокиров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 август куни зиёлилар билан учрашуви миллатимиз маданий-маънавий ҳаётида туб бурилиш даврини бошлаб берганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан ўтган вақт давомида агентлик марказий аппарати ҳамда унинг тасарруфидаги тузилмалар, давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди. Миллий киноматографияни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Киноарбоблари уюшмаси ташкил этилди.
Бугунги кунга келиб, бадиий кенгаш томонидан тасдиқланган ва ишлаб чиқаришга туширилган “Имон Абу Исо Термизий” (буюк муҳаддис Имом Термизий ҳаёти ҳақида бадиий публицистик фильм), “Саид ва Саида” (Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ва унинг турмуш ўртоғи Саида Зуннунованинг пок муҳаббати ва аччиқ қисмати ҳақида бадиий фильм), шунингдек, Абу Муъин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Абдухолиқ ўиждувоний, Абдураҳмон Жомий сингари буюк зотларнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмлар ҳам суратга олинмоқда. Бир сўз билан айтганда, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 2017-2018 йилларда турли мавзу ва йўналишларда 64 та фильм ҳаракатга туширилди. Улардан 23 таси тўлиқ метражли, 4 таси қисқа метражли, 26 таси ҳужжатли ва 7 таси мультипликацион ҳамда “Зумраша” болалар ҳажвий киножурнали тўпламларидир.
ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Анжуманда алоҳида қайд этиб ўтилдики, ўзбек киноижодкорлари бугунги кунда қирғизистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда улуғ адиб Чингиз Айтматовнинг машҳур асари асосида “Сарвқомат дилбарим”, ҳиндистонлик киночилар билан эса “Шоду хуррамлик” бадиий фильмларини суратга олишмоқда.
ЯНГИ ЖУРНАЛ ТАҚДИМОТИ
Таъкидлаш керакки, анжуманда “Кино санъати” журналининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Журнал ҳақида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев шундай дейди:
— Ўзбек кино санъати истиқлол туфайли янги ҳаётини бошлаган бўлса, эндиликда ўз тараққиётининг кейинги босқичига кириб бормоқда. Табиийки, бу жараён замонага ҳамоҳанг янгича қараш ва янгича ёндашув тамойилларини талаб этади. Миллий кинематографиянинг сон ва сифат жиҳатидан яхшиланишида қатор омиллар таъсири мавжуд. Айтиш мумкинки, шулардан энг муҳими ва кўп йиллардан бери зарурий эҳтиёжга айланиб улгургани — бу фильмларимизнинг — у хоҳ бадиий бўлсин, хоҳ ҳужжатли ёки анимацион — савиясига холис баҳо бериб, шу орқали унинг ютуқ ва камчиликларини таҳлил этиб, аниқ ташхис қўйиб борадиган, юртимизда кино санъати ҳақида фикр билдириш мумкин бўлган, том маънода минбар вазифасини ўтовчи нашр — журналнинг ташкил топиши эди. Президентимизнинг 2017 йил 29 декабрда кино соҳаси вакиллари билан ўтказган йиғилишларидан сўнг мазкур санъат турини ривожлантириш бўйича аниқ режа-топшириқлар белгилаб олинди. Уларнинг орасида махсус матбуот нашри — киножурналини ташкил этишга алоҳида урғу берилгани ҳақиқатда бу ишнинг ортга суриб бўлмас вазифа экинлигини яна бир карра тасдиқлади. Энг муҳими, биз интиқлик билан кутган журнал — “Кино санъати”нинг нишона сони чоп этилди. Ўйлаймизки, унинг саҳифалари борган сари янгиланиб, бойиб, мазмунга тўлиб, атрофига миллионлаб ўқувчиларни жипслаштириб, узоқ йиллар давомида мароқ ва иштиёқ билан ўқилади.
ВА НИҲОЯТ ПРЕМЬЕРА
Шу ўринда журналистлар учун ташкил этилган матбуот анжумани ўзига хос ўтганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдим. Чунки одатда матбуот анжуманларида уни ташкил этган соҳа вакиллари ўз олдига қўйган мақсадлари, бажарган ишлари ҳақида маълумот беришади ва журналистлар билан савол-жавоб тариқасида мулоқот қилишади. “Ўзбеккино” МА томонидан ташкил этилган матбуот анжуманининг ўзига хослиги шунда эдики, аввал одатдагидек маълумот берилди. Журналистлар билан савол-жавоб қилинди. Кейин журнал тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот асносида ҳам мухбирлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ундан кейин эса журналистларга “Исломхўжа” бадиий-публицистик фильми премъера қилинди. Буни бир ўқ билан икки эмас, уч қуённи уриш деса бўлади.
Энди премьерага келсак, маълумки, ХХ аср бошларида нафақат Хоразм музофоти, балки бутун Марказий Осиё ҳудудида, ҳатто Чор Россияси амалдорлари орасида ҳам юксак нуфузга эга бўлган Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжа ўз даврининг тараққийпарвар, халқпарвар, давлат ва жамоат арбобларидан бири эди. Унинг ҳаёти суиқасд натижасида фожиали якун топганини ҳам кўпчилик яхши билади. Лекин қарийб бир асрдан зиёд вақт давомида ҳали-ҳануз жавобини кутаётган қотиллик тафсилотларини ўрганишга бел боғлаган тадқиқотчи-тарихчи орадан бир асрлик фурсат ўтаётганига қарамасдан, мавжуд ҳужжатларга асосланиб, масалага холисона ёндашиб, асл айбдорлар қиёфасини очишга ҳаракат қилади.
Биз шу пайтгача бадиий-публицистик ёки ҳужжатли фильм деганда бошловчи ва икки-уч нафар олимнинг ўзаро (узундан узоқ ва зерикарли) суҳбатини тасаввур қилишга ўрганиб қолганмиз. Тўғри, суҳбат жараёни зерикарли бўлмаслиги учун режиссёрларимиз зўрма-зўраки бўлса-да, фильмни ўша даврга оид тасвирлар билан бойитишга ҳаракат қилишарди.
“Исломхўжа” эса том маънода бадиий-публицистик фильмга айлангани билан томошабин-журналистларнинг олқишига сазовор бўлди. Ижодий жамоа — режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва актёрлар ансамбли ўз олдиларига қўйган мақсадни аъло даражада бажаришгани таҳсинга лойиқ. Актёрларимизнинг ижро маҳорати шу даражадаки, бир соатдан ошиқ давом этадиган фильм давомида томошабин киприк қоқмайди. Яна бир эътиборли жиҳати, ва ниҳоят, ўзбек фильмларида ҳам сўзбозликдан қочиб, актёрлар нигоҳи билан ишлаш бошланибди.
Сўзимиз сўнггида айтмоқчи бўлганимиз, “Исломхўжа” янги босқичга кўтарилаётган “Ўзбеккино”нинг ташриф қоғози сифатида баҳоланса арзийди.
Бобур ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Чиннинг географик ўрни ғаройиб: бир томонда адоғи йўқ сокин саҳро ястаниб ётади, ундан нари кўм-кўк водийлар бошланади. ...
01 янв 1970
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўл...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимиз раҳбарининг топшириғи асосида давлат идораларининг биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолд...