Ўзбек халқи учун қадрли ва суюкли адиб

/
Жаҳон миқёсида танилган буюк адиб ва йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг шахси ва ижоди билан энг кўп танишган, унинг асарларини севиб мутолаа қиладиган халқ ўзбеклар бўлса керак, десам, сира муболаға қилмаган бўламан. Чунки юртимизда Чингиз оға асарлари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби.
Адиб ҳаёти ва ижоди мамлакатимизда умумтаълим мактабларининг қуйи синфларидан то лицей ва коллежлар ҳамда олий ўқув юртларининг ўқувчи-ю талабалари томонидан чуқур ўрганилади. Дастлаб, “Оқ кема” қиссаси билан танишган ўқувчи, уни шубҳасиз, ота-онасига ҳам айтиб ёки ўқиб беради. Кейинроқ “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим” қиссалари ҳамда “Асрни қаритган кун”, “Қиёмат” романлари билан танишгач, ёзувчи ижодига қизиқиши янада ортади ва албатта, бутун оила аъзолари билан бошқа асарларини ҳам топиб ўқиш ҳаракатига тушади. Шукрки, Чингиз Айтматовнинг барча асарлари Асил Рашидов, Иброҳим ўафуров, Суюн Қораев, Маҳкам Маҳмудов, Нурали Қобул, Набижон Боқий, Ёқубжон Хўжамбердиев каби таржимонлар томонидан юксак маҳорат билан ўгирилиб, ўқувчиларга ўз вақтида етказилган.
Чингиз Айтматов ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, аввало, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, қолаверса, бутун Шарқ халқлари адабиёти ва санъатини тубдан янгилаш, чинакам халқчил, прогрессив, жаҳоннинг ривожланган адабиётлари қаторига қўшиш нияти билан кириб келди, яшади ва ишлади. Бу борада биринчи галда ўзи намуна кўрсатишга киришди. Бунинг учун инсониятни мангу қийнаб келаётган, аммо жамият тазйиқи остида айтиш мумкин бўлмаган мавзу ва муаммоларни, янгича қиёфа ҳамда қарашга эга кишилар образини яратишга уринди. Адиб инсоннинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, эмин-эркин яшаши, қилган меҳнатидан ҳам жисмонан, ҳам маънан қониқиши, кўнгил истагига кўра севиш ва севилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлигини англади ва уларни адабиётга дадил олиб кирди. Шу боис ҳам ёзувчининг қаҳрамонлари анча-мунча қолипларга сиғмайди.
Мана шу фазилатларига кўра, Чингиз Айтматов ижоди юртимиздаги оддий китобхонлар онги, дунёқараши, хулқи ва турмуш тарзига жиддий ижобий таъсир кўрсатди, уларни ҳаётда учрайдиган қийинчилик ҳамда тўсиқларни ақл ва матонат билан енгиб ўтишга ўргатди. Чунки адиб асарларида тасвирланган воқеалар, чизилган манзаралар, яратилган персонажлар тақдири худди ўзимизнинг ҳаётимиздан олингандек яқин ва тушунарли экани билан қимматлидир. Айни пайтда Чингиз Айтматов қаламга олган мавзу, муаммо ва воқеаларнинг ўзбек адиблари асарларига ўхшаши, ҳамоҳанглиги, ўзининг ғоявий йўналиши, бадиийлиги, ниятлари яқинлиги, эзгулиги билан ҳайратга солади. Бунинг сабабларини асли қадим туркий халқлар авлоди бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманларнинг тили, дили, дини, турмуш тарзи ва тарихи бир хиллигидан излаш тўғрироқ бўлади. Шу боис, уларнинг адабиёти ва маданияти ҳам бир-бирига яқиндир.
Бинобарин, икки халқ адабиёти ўртасидаги муштараклик, ҳамоҳанглик ва ўзига хосликни Чингиз Айтматов ижоди мисолида ўзбек адиблари асарларида тасвирланган ўхшаш воқеалар ҳамда қаҳрамонлар тақдири билан ўзаро қиёслаш, улар ўртасидаги фарқли томонлар ва ечимнинг ўзига хослигини тадқиқ этиш, уларнинг қондошлик ва қардошлик илдизларини аниқлаш, чуқурроқ очишга уриниш ҳозирги адабиётшунослигимизнинг кечиктириб бўлмайдиган вазифаларидандир. Бу улкан вазифанинг кичик бир бўлаги сифатида Чингиз Айтматов ва ўзбек адиблари ижоди ўртасидаги яқинликни қуйидаги йўналишларда ўрганишни мақсад қилдик:
1) асарда ифодаланган мавзу ва муаммолар яқинлиги;
2) қаҳрамонлар тақдиридаги ўхшашлик ва фарқлар;
3) воқелик баёни ва ечимдаги муштараклик ҳамда ўзига хослик.
Ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган Чингиз Айтматовнинг ижодий меросида уруш мавзуси алоҳида ўрин тутади. Дарҳақиқат, ўз даврида кўрган-кечирганлари адибнинг “Юзма-юз”, “Жамила”, “Сомон йўли”, “Эрта қайтган турналар” қиссаларида маҳорат билан тасвирланган.
Ўтган асрнинг 60-70-йилларида яратилган бу асарларда илгари сурилган ғоя, тасвирланган мавзу, муаммо, танланган қаҳрамонлар тақдири, воқеалар ечими, қарангки, ўзбек ижодкорларининг айни шу йилларда дунё юзини кўрган асарлари билан ғоятда ҳамоҳанг экан! Масалан, Чингиз Айтматов ўзининг “Биринчи муаллим” қиссаси билан танилган йиллари ўзбек ўқувчилари Парда Турсуннинг “Ўқитувчи”, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романларидаги ўзбек халқининг биринчи фидойи муаллимлари Элмурод ва ўуломжон билан танишган эди. Кейинроқ улар қаторига Йўлдош Шамшаровнинг “Чироқ” романи қўшилди. Уруш туфайли оғир меҳнат фронтида ишлаб, ота-оналарнинг юкини енгил қилган болалар тақдири акс эттирилган “Эрта қайтган турналар” қиссаси билан олдинма-кейин дунёга келган Одил Ёқубовнинг “Тенгдошлар”, “Эр бошига иш тушса” каби асарларида ифодаланган воқеалар, қаҳрамонларнинг ўй-фикрлари худди эгизакдек таассурот қолдиради. Бундай ўхшашликлар ўзбек ва қирғиз халқларининг азалдан ёнма-ён яшагани, бир мақсад сари интилгани, яхши-ёмон кунлар заҳматини биргаликда тортганининг бадиий исботидир.
Уруш йилларида шўролар ҳукуматининг мустамлакаси сифатида энг оғир кунларни Ўрта Осиё республикалари халқлари бошдан кечирдилар. Фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак, пул ва ҳатто қурол-яроғ билан таъминлаш ҳам ана шу халқлар зиммасига тушгани бугун барчага аён. Чингиз Айтматов ўзининг уруш мавзусидаги асарларида биринчи бўлиб фронтдан йироқда бўлган ҳудуд кишиларининг жамият сиёсатига муносабатини реал очиб беришга муваффақ бўлди. Коммунистик мафкура совет кишисининг идеал образини яратишни талаб қилиб турган бир пайтда Чингиз Айтматов билан Саид Аҳмад “Юзма-юз” ва “Уфқ” китобларида адабиётга “қочоқ аскар” образини олиб кирдилар. “Қочоқ аскар”ларнинг ҳолати, тақдири, уларни асраб-авайлаган яқинларининг руҳий ҳолати, ўзини ва ўзлигини намоён қилиши ҳар бир санъаткор томонидан ўз ғоявий нияти, қаҳрамон характерининг бадиий йўналиши, дунёқараши ва маҳорати нуқтаи назаридан ўзига хос тарзда ишонарли таҳлил этилган.
Урушнинг энг қизғин, фронторти жабҳасининг энг оғир кунларида жанг майдонларида жон олиб-жон бераётган эрларига хиёнат қилиб, очиқдан-очиқ бегона эркаклар билан қочиб кетган аёллар образи ҳам қирғиз ва ўзбек адабиёти намуналарида акс этган. Бу жиҳатдан Чингиз Айтматов яратган Жамила ва Дониёр қисмати билан Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси” романидаги Зуҳра ва Нозим тақдирларини таққослаш ибратлидир. Уларнинг қилмиши бир-бирига жуда ўхшаб кетса-да, “айбдор”ларга муносабат, воқелик ечими бутунлай бошқача, ҳар бир миллатнинг урф-одатига хос равишда ҳал этилади.
Агар Жамила ҳеч ким билан ҳисоблашмай, ўз ихтиёри билан Дониёрга эргашиб овулдан бош олиб кетган бўлса, Зуҳра ва Нозимжонлар тақдири донишманд Ориф оқсоқол томонидан шариат қоидаларига биноан ижобий якун топади. Бир хил воқеликнинг икки хил ечими адибларнинг ўзига хос бадиий-концепцуал мақсадидан келиб чиққанлигидадир.
Чингиз Айтматов ижодининг ўзбек адабиётига таъсири ҳақида гапирганда, аввало, икки адабиётда яратилган қаҳрамонлар характеридаги ўхшашликни эътиборга олиш лозим. Чингиз оғанинг “Алвидо, Гулсари” ва Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаларини инсоннинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўзлигини йўқотмаслиги, одамийлигини бой бермаслиги, ғайриинсонийликка қарши курашиши, ақл-фаросат билан иш тутиши, ҳар қандай иллатни дадил фош этиш, жисмоний кучни жиловлаб, маънавий устунликка эришиш ғояси бирлаштириб туради. Адибларнинг бу эзгу ниятлари Танабой билан Зиёдулла, Гулсари ва Тарлон образлари орқали илгари сурилади.
Чингиз Айтматов асарларида ифодаланган ғоявий фикрлар, инсон ва жамият, инсон ва табиат, инсон ва ҳайвонот олами, инсон ва дин, муҳаббат ва нафрат, эзгулик ва ёвузлик сингари умумбашарий муаммолар, уни ифодалашга хизмат қиладиган образлар галереяси, улар ўртасидаги ўзаро муносабатлар, зиддиятлар тасвири ўзбек ижодкорлари асарларида ҳам муҳим ўрин эгаллаётгани қувонарли. Бу жиҳатдан Исажон Султон, Улуғбек Ҳамдам, Нормурод Норқобилов асарлари характерлидир. Буюк қирғиз адибининг “Қиёмат”, “Охирзамон нишоналари” романларида илгари сурилган фалсафий ғоялар И.Султоннинг “Боқий дарбадар”, “Озод”, “Генетик” романлари мазмун-моҳиятига сингиб кетганини сезиш қийин эмас. Масалан, “Қиёмат” романи қаҳрамони Авдий Каллистратовнинг айтишича, “Бизнинг Худо ҳақидаги фикрларимиз қанчалар мутлақ ва ўзгармас бўлмасин, улар эндиликда дунё ҳақидаги янгича билимларга сира мос келмай, эскириб қолади”. Айнан шу фикр И.Султоннинг “Боқий дарбадар” романида бир гуруҳ дунё олимларининг янги одам – геномен яратиш, яъни Оллоҳнинг яратувчилик кашфиётига ширк келтириш тўғрисидаги ғояси билан ҳамоҳангдир. Ҳар икки асарда ҳам замона кишиларининг Худони инкор этиб, қиёматни яқинлаштираётган кимсаларнинг фожиаси мангу дарбадарликка ҳукм этилган этикдўз билан нашафурушлар тимсоли орқали реал ифодаланган.
Шунингдек, Шукур Холмирзаевнинг “Қилкўприк” романида ифодаланган воқеалар ҳамда “Қора камар” драмасидаги Хуррамбек билан Абдулла Набилар “Қиёмат” романидаги Гурам Жўхадзе ва Сандролар билан тақдирдошликлари, бир сиёсий тузумнинг қурбонига айланиши билан бир-бирига яқин. Ўзбек адабиётидан Чингиз Айтматов ижоди билан ҳамоҳанг ва муштарак бўлган бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Бироқ юқоридаги мулоҳазаларнинг ўзи ҳам Чингиз Айтматовнинг қадри ўзбекистонликлар учун ғоят баланд эканини англатади.
Хуллас, буюк адиб ва йирик жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг юксак фалсафий мушоҳада билан суғорилган барча асарлари ўзбек халқининг маънавий дунёсини, адабиётининг эса ғоявий-бадиий хазинасини бойитишда муҳим роль ўйнамоқда.
Йўлдош СОЛИЖОНОВ,
Фарғона давлат университети профессори,
филология фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳ...
01 янв 1970
31 август — Қатағон қурбонларини ёд этиш куни
01 янв 1970
Профессор Мавлон Жўрақуловни Европада ҳам, океанорти мамлакатларида ҳам, қадимий эҳромлар юрти Мисрда ҳам Улуғбек академиясининг муносиб давомчиси ...
01 янв 1970
Ўзбекистон олимларининг ўзига хос байрамига айланган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга ...