Қалбида адолат чироғи

/
Ҳар бир инсоннинг улғайиб, вояга етишида ва ўз йўлини тўғри танлаб, жамиятда ўрнини топишида устозларнинг ўрни беқиёс. Таъкидлаш жоизки, таълим-тарбияда устоз билан ота-онанинг ўрнида бирмунча фарқ бор. Ота-она бола тарбиясига моддиятни кўпроқ қўшиб боради, устоз эса маънавиятни. Масалан, ота-она боласини қўшимча овқатлар билан, ўйинчоқлар ва катта бўлган сайин оддий ўйинчоқ машинадан автомобилгача олиб бериш орқали унинг нафсини улғайтириб, кенгайтириб борса, устоз нафсга қарши ишлайди. Шу сабабли ҳам кўпчилик “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикматни айтишади. Аммо айрим кишилар “Устоз отангдек улуғ”, дейишади. Нима бўлганда ва қандай айтилганда ҳам устоз улуғ.
Ана шундай улуғ инсонлардан бири, минглаб ҳуқуқшуносларнинг севимли устози, судьялик фаолиятида мактаб яратган инсон Убайдулла Мингбоевдир. У кишини нафақат ҳуқуқшунослар, кўплаб бошқа соҳа вакиллари ҳам устоз, деб ҳурмат қилишади.
Ҳақиқатан, халқимиз орасида ҳалоллик ва покликни ўзига шиор қилиб, адолат ва ҳақиқат элчиси сифатида кенг танилган Убайдулла Мингбоевнинг ҳаёт йўли кўпчилик учун катта бир ибрат мактабидир. Бугунги кунда жамиятимизнинг ҳурматли отахонларидан бирига айланган бу нуроний инсоннинг ёшлиги ҳақидаги маълумотлар билан танишганимда, заҳматкаш, меҳнаткаш, айни вақтда тиришқоқ, ҳаракатчан, қатъиятли ўспирин кўз ўнгимда гавдаланди.
Сурхондарё вилояти Денов туманининг Отқамар ва Минора қишлоқлари туташиб кетган маҳаллада ўгай ота уйида дунёга келган Убайдулла Мингбоев беш-олти ёшларида онасидан ҳам айрилиб, қариндошларининг қўлида вояга етди. Унинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Бир томондан очарчилик, бир томондан қора меҳнат, яна бир томондан сағирлик... Қорни тўйиб овқат емаган, бирон-бир янги кийим киймаган, ўйин нималигини билмаган Убайдулла Мингбоев эрта саҳардан кеч тунга қадар меҳнат қиларди. Шу тариқа ўрта мактабни битиргунига қадар ўн битта мактабда ўқишига тўғри келди. Лекин бу қийинчиликлар унинг қаддини буколмаган, орзу-умидларини сўндиролмаган эди. Ҳам мактабда ўқиш, ҳам далада ишлаш, бунинг устига сағирлик... Бир қўлида омоч, бир қўлида китоб, бир қўлида челак, бир қўлида газета... Иродаси метиндек мустаҳкам, бардоши Алпомишнинг бардошидек бақувват бу йигитнинг ўтган кунлари, саботи бугунги ёшлар учун ҳам сабоқ бўла олади.
Албатта, бу қадар қийинчиликлар, очлик-ночорликлар гирдобида адолатсизликлар ҳам бўлган ва буларнинг ҳаммаси унинг қалбида гулхан бўлиб аланга олган. Нимадан ҳайратланиш, нимадан нафратланишни яхши англаб етадиган Убайдулла Мингбоев ҳарбий хизматдан кейин ҳуқуқшунослик касбини эгаллашга киришди.
Мана қарангки, орадан шунча йиллар ўтди. Убайдулла Мингбоев суд-ҳуқуқ соҳасининг турли йўналишларида астойдил меҳнат қилди. 1967-1970 йилларда Шайхонтоҳур туман ички ишлар бўлими терговчиси лавозимидан Ички ишлар вазирлигининг Тергов бошқармаси бош терговчиси лавозимигача кўтарилди. 1971 йил Сурхондарё вилоят судининг судьялигига сайланган Убайдулла Мингбоев кўп ўтмай вилоят суди раисининг жиноят ишлари бўйича ўринбосари лавозимига сайланди. Орадан тўрт йил ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг судьяси бўлиб иш бошлади. Сўнгра Бухоро вилоят судининг раиси, Олий суд судьяси — жиноят ишлари бўйича ҳайъат раиси, Тошкент шаҳар судининг раиси лавозимларида фаолият кўрсатди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, биринчи бўлиб 1991 йилдан кетма-кет уч муддатга мамлакат Олий Судининг Раиси лавозимига сайланди. Пенсия ёшида ҳам меҳнат қилишдан тўхтаб қолмади. Аксинча, шижоат устига шижоат. Ўшандан буён Ўзбекистон Судьялари ассоциациясига ҳамда Суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик Марказига раҳбарлик қилиб келаётган бир пайтда Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси этиб сайланди. Халқимизда “Меҳнатсеварни эл севади”, деган ҳикмат бор. Убайдулла Мингбоевнинг меҳнатлари юксак қадрланди: Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 августдаги фармонига мувофиқ “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
Ҳа, Убайдулла Мингбоев қаерда, қандай лавозимда бўлмасин, халқ ичида бўлишга, оддий одамлар билан суҳбат қуришга, ҳар бир инсон билан самимий муносабатда бўлишга интилади. Қачон-ки, адолат, ҳақиқат, ҳалоллик, маънавият каби сўзларни эшитганимда ёки ишлатганимда беихтиёр Убайдулла ака кўз ўнгимда гавдаланади, чунки бу сўзларни ҳар бир суҳбатида устоз қайта-қайта такрорлайди. У киши феноменининг энг юқори чўққиси – инсонпарварлик. Одамларни кўксидан итариб эмас, қўлидан тортиб тарбиялайди, топшириқни уришиб эмас, тушунтириб етказади, ҳар қандай шароитда ҳалоллик ва адолатлиликни устун қўяди.
Шу билан бир вақтда тиниб-тинчимас жамоатчи, бир неча нашрларнинг таҳрир ҳайъати аъзоси, “Ҳуқуқшунос” журнали таҳририят кенгаши раиси. Бир қанча китобларнинг муҳаррири. Устознинг китобга бўлган меҳри бошқача. Ҳақиқий китобсевар. Қўлига тушган китобни мутолаа қилиш бараварида ўзи ҳам публицистик асарлар ёзиб туради. Айниқса, шогирдларини ўз асарлари орқали адолат йўлига, инсоф майдонига чорлайди. “Суд шундай ҳокимиятки...”, “Одил судлов маданияти ва одоби”, “Суд — фуқаролар ҳимоячиси”, “Касб-корим адолат бўлди”, “Судьялик – улкан масъулият”, “Адолат мезони”, “Истакларим”, “Етти пуштни билмоқ истаги”, “Шукрона” каби асарлари шулар жумласидан бўлиб, ҳар бири ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга.
Бу китобларни қайта-қайта ўқисангиз, ҳар сафар яна бир ўқисам, дейсиз. Уларда расмий тил билан халқ тили уйғунлашиб кетган, дилга яқин сўзларни, инсоф, адолат ва диёнат каби тушунчалар баёнини кўп учратасиз. Бу асарларда Юрт, Ватан тушунчалари, Ватанга садоқат, ватанпарварлик ғоялари кенг тарғиб қилинади. Ватанга бўлган самимий муҳаббат туйғуларини яққол ҳис этасиз:
“Ватан сен бебаҳосан,
Гўзалсан, дилрабосан –
Ўзбекистонсан!”

Убайдулла Мингбоев асарларида, шунингдек, жамият, унинг равнақи, бозор муносабатлари, жамиятда ҳуқуқий маданият масалалари кенг тарғиб қилинган. “Адолат йўлида”, “Адолат чироғи”, “Адолатли бўл...” каби мавзуларда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларининг жамиятда тутган ўрнига алоҳида баҳо берилган. Қаранг, “Халқнинг назари — адолатли ва шунинг учун ҳам буюк назардир, у ҳалол, пок, мард ва жасоратли, фидойи инсонларни ҳамиша кўкларга кўтаради, алқайди, дуо қилади”, дейилади муаллифнинг “Покланиш палласида” номли асарида.
Оила, унинг жамиятдаги мавқеи, оилавий муносабатлар муаллифнинг диққат марказидан ўрин олган. Оилада муҳаббат, оилада тартиб-интизом, оилада соғлом тарбия, оилада ибрат — оила тараққиётининг гарови сифатида талқин қилинган.
Албатта, биз шогирдлар устоз Убайдулла Мингбоевнинг серқирра фазилатларини қадрлаймиз. Негаки, бу инсон ҳамиша шогирдлари ҳақида, судьялар ҳақида қайғуради. Уларни чин қалби билан севади, кўзининг нури билан эҳтиётлайди. Бунинг исботи сифатида “Суд шундай ҳокимиятки...” номли асаридаги беғараз истакларини мисол келтириш мумкин. Устознинг шогирдларига қўйган талаблари, жумладан шундай ифодаланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини муқаддас билинг ва уларга қатъий риоя қилинг; ўзингизда ватанпарварлик туйғусини тарбияланг; Ватанга ва халққа бўлган садоқатингиз ҳар бир ҳаракатингизда намоён бўлсин; фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилинг; судьялик қасамёди, судьялар этикасига қатъий риоя қилинг ва ҳоказо...
Ҳа, Убайдулла аканинг асарларини ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзига нимадир олиши шубҳасиз. Эътиборлиси, муҳтарам устоз ўз шогирдлари билан китоб орқали маънан суҳбатлашаётгани ҳам ўқувчига аён, буни “Судья бўлсанг ҳалол бўл!” номли шеъридан олинган қуйидаги мисраларда ҳам яққол кўриш мумкин:
Халқ кўнглига қўл солдим,
судья бўлсанг ҳалол бўл!
Адолатда бўл қойим,
судья бўлсанг ҳалол бўл!...
Қаттиққўл бўл, қатъий бўл,
қонунга қил итоат,
Лек, бўлмагин бераҳм,
судья бўлсанг ҳалол бўл!...
Қийналмасин виждонинг
ҳақиқатга тўғри боқ,
Адолатли бўл доим,
судья бўлсанг ҳалол бўл!

Устознинг феъли кенг, ҳеч қачон ўз шогирдлари билан ишлашдан, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдан чарчамайди, эринмайди. Айни кезларда, янги сайланган судьяларнинг ота-оналари билан, турмуш ўртоқлари билан суҳбатлар ўтказиб, бугун одил судлов тизимига қасамёд қилиб кириб келаётган судьяларнинг яқин қариндошларига судьялик юкини, масъулиятини тушунтиришга ҳаракат қилмоқда. Судьяларнинг ўз қасамёдига содиқ қолишида ота-оналарининг, турмуш ўртоқларининг вазифаларини тушунтириб бермоқда. Ҳа, Убайдулла ака шогирдлар учун ҳам ғамхўр раҳбар, ҳам меҳрибон устоз.
Устоз шу даражада ҳам ўта камтарин. Устоз-шогирд муносабатларини жуда қадрлайди. У киши билан қачон суҳбатда бўлсангиз, доимо устозлари, шогирдлари ҳақида фахрланиб, тўлқинланиб гапиради. Убайдулла ака нафақат ишда, уйда, балки яқин ва узоқ қариндошлар ўртасидаги муносабатларда ҳам ибратли инсон. Ул фидойи инсон нафақат зурриёдлари-ю, ёнидаги қариндошлар, олис қишлоғи, у ерлардаги яқинларини, устозларини меҳр билан эслаб туради. Умр йўлдоши Тўхтахон ая Аҳмедова билан ҳамнафас, ҳамфикр.
Ҳалолликни ўзида мужассам айлаб, адолат ва ҳақиқат йўлида меҳнат қилиб, ўз ҳаёт мактабини яратиб, устозлик даражасига кўтарилган, минглаб инсонлар бошини силаб, эзгулик йўлига чорлаган, инсофу диёнатни, сабр-қаноатни одат қилган устоз Убайдулла Мингбоевга яна узоқ йиллар омон бўлинг, дилингиздаги адолат чироғи шогирдлар кўнглини ёритаверсин, деймиз.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...
01 янв 1970
Ўзбекистон азал-азалдан қўшни давлатлар билан қадимдан шаклланган дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини муносиб даражада сақлаб келишга эришаётган муқадд...
01 янв 1970
Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимиз шимолида жойлашган, ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ ушбу ҳудуд ўзига хос иқлим шароитига эга....