БОЛА БОШИДАН...

/
Одам боласи — ажиб хилқат: фарзанд кўрмаса, кўнгли ўксийди, аксинча, боласи бўлса ҳам нолийди. Ўғли бўлса, қиз сўрайди, қизи бўлса, ўғил тилайди... Иссиғига ҳам, совуғига ҳам чидамаслик шу бўлса керак. Умуман, одамлар ота-оналик неъматига кўра тўрт турли бўлади:
1. Аллоҳ кимгадир фақат ўғил фарзанд беради.
2. Қай бирига фақат қиз беради.
3. Яна бирига қиз ва ўғилни баравар беради.
4. Бошқа бирини фарзанд неъматидан бенасиб қилади.

Аввалги уч турли одамлар ато этилган фарзанд неъматининг ўзларига омонат эканини баъзан англайди, баъзан эса йўқ. Аслида, омонатга хиёнат қилинмайди – гуноҳ бўлади. Бола туғилгач унинг отаси ва онаси зиммасига маълум мажбуриятлар юкланади. Улар: чиройли исм қўйиш, ақиқа қилиш, гўзал одоб ўргатиш, илм бериш, вояга етганида уйлаб қўйиш... Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаронинг ўғилларига шундай таълим берган экан: “Динни ўрган, тарихни ўрган, табобатни ўрган”. Эътибор берилса, бу уч илмнинг ҳар бири муҳим, долзарб. Аммо улар тўғри манбалар асосида ўрганилсин, чин устозлардан сабоқ олинсин. Олинган илм манфаатли бўлиши муҳим.
Бунинг яна бир жиҳати бор: болага таҳсил босқичма-босқич, оддийдан мураккабга томон амалга оширилиши керак. Зеро, болага ҳаддан зиёд ортиқча мажбурият юклаш уни руҳан ва жисман зўриқтириши мумкин. Болаларимизга болалигида кўп юк кўтаришига рухсат бермаймиз – уларнинг жисми озор чекишидан қўрқамиз. Бу болани бир умрга мажруҳ қилиб қўйиши мумкинлигини англаймиз. Эътиборлиси, жисмоний ноқислик дарров кўзга ташланади. Аммо руҳий зўриқиш, руҳдаги мажруҳлик тезда илғанмайди – у вақт ўтиши билан йиллар давомида намоён бўлади. Шуниси хавфли. Жисмоний нуқсон бир киши билан чекланади, аммо руҳдаги носоғломлик жамият тинчлигига рахна солиши мумкин. Бу шуниси билан хатарли. Чунки жисм муолажаси руҳ ислоҳидан осон. Баъзан руҳий хасталик тузатиб бўлмас хатарга айланади. У эгасини хароб қилади.
Кейинги пайтларда баъзан динни ўргатиш, қадриятларни англатиш, аждодлар меросига содиқлик номи остида “тарбия” усули танланаётгани ҳар бир зиёлини ташвишга солмоқда. Чунки бу, биринчидан, ота-она ва фарзандлар ўртасида руҳий узоқликка сабаб бўлаётир. Маълумки, инсон ҳар куни кўришса, сўрашса, ҳол-аҳволидан хабардор бўлса, бир-бирига меҳрибон бўлади. Мўътабар манбаларда бежиз дўстлашишни истаган одам саломни кўпайтириши лозимлиги уқтирилмайди. “Меҳр кўзда”лиги ҳам шундан. Хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий — ҳар қандай илмни бола яқинлари атрофида олсин. Шу нуқтаи назардан кейинги пайтларда тобора авж олаётган репетиторлик ҳам жиддий ўйланадиган масалалардан саналади. Чунки аксар репетиторлар қонун доирасидан ташқарида фаолият кўрсатиши ва ота-оналар ҳеч иккиланмай болаларини уларнинг қўлига тутқазаётгани, боз устига, яхшигина маблағини сарфлаётгани сир эмас. Ноқонуний диний таълим экстремизм ривожига сабаб бўлувчи омиллардан экани таъкидланаётган бир пайтда ноқонуний репетиторлик мамлакат иқтисодиётига, қолаверса, таълим тизимига жиддий зарардир.
Ҳаётимизга кенг татбиқ этилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда бўлгани каби дин ривожига ҳам маълум даражада туртки бўлди. Эътиқодимиз қайтди, боболаримиз номи тикланди, обидалар табаррук қадамжоларга айланди; Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, шунингдек, ислом ҳуқуқшунослиги, шариат, калом сингари қатор диний илмлар бўйича китоблар ўзбек тилига таржима қилинди ва кўп нусхада нашр қилинди. Кўплаб махсус китоб дўконлари очилди, тўлақонли фаолияти йўлга қўйилди. Бугун деярли ҳар бир хонадонда диний манбалар бор. Энг муҳими, улар ўқилмоқда. Катталар томонидан, кичиклар иштирокида. Юртимиздан ёш қорилар етишиб чиқаётгани ҳам қувонарли. Демак, боласининг диний саводи учун унинг одоби, ахлоқи, тарбияси, қолаверса, дунёвий таълимида бўлгани каби катталар масъул.
Буюк мутакаллим Абу-л-Муин Насафий ўринли таъкидлаганидек, ҳар бир жамиятда қарор топган қонунчилик фуқаролар томонидан чуқур ҳурмат этилиши лозим. Юртимизда дунёвийликка асосланган 9+2, 9+3 йиллик таълим мажбурий. Диний таълим эса ихтиёрий. У “Виждон эркинлиги тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади. Демакки, тақиқланган эмас. Диний таълимнинг мадрасалар, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ёки Ўзбекистон ислом академияси, шунингдек, белгиланган тартибда ташкил этилган курсларда берилишининг белгилаб қўйилгани ота ёки она ўз боласига динни мустақил ўқитиши ҳам тақиқланади, дегани эмас. Бу ўринда ота йўл кўрсатувчи, она ўргатувчи бўлиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқ.
Биз XXI техника асрида яшаяпмиз. Аммо диндан сабоқ бериш учун ҳали-ҳануз одамларнинг кўзларидан пана жойларга интилинаётгани, таълимнинг жисмоний жазо қўлланадиган турларидан фойдаланилаётгани ажабланарли. Бунинг ўрнига дунёда тажрибасидан ўтган сўнгги ютуқларни таълим жараёнига жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Хуллас, мақсадимиз — таълим таълимдай бўлсин, ибодат — ибодатдай. Тариқатнинг буюк пешволаридан бири Баҳоуддин Нақшбанд айтганидек, диллар Аллоҳга пайванд бўлиб, қўллар меҳнат билан банд бўлса, кўплаб армонлар ушалади, истаклар рўёбига етади. Қуръону ҳадис, халқимизнинг асрий орзу-истаклари “алла”ларга ўрнашса – сингса, буюк боболар мероси кутубхоналардан мустаҳкам ўрин олса – ўқилса дин ҳам, дунё ҳам равнақ топади.
Иргаш ДАМИНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда дунё мафкуравий майдонларида ғоявий курашлар кучайиб бормоқда.
01 янв 1970
Ҳар қандай давлат тараққиётида темир йўл тармоғининг ривожланганлиги муҳим аҳамият касб этиши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши, халқ билан юзма-юз мулоқот қилиши асносида ян...
01 янв 1970
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилг...