Донишмандлар масканининг дарғаси

/
Шарқ ўрта асрларда дунё илм-фанининг марказига айланди. Бу марказда астрономия, математика, геометрия, тиб илми, география, геодезия, табиатшунослик, кимё, тарих, қонуншунослик фанларининг буюк намояндалари етишиб чиқдилар. Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Синодан тортиб Мирзо Улуғбек, Али Қушчигача яшаб, илмий фаолият кўрсатган улуғ алломалар сони бир неча мингдан ошади. Уларнинг илм-фанда яратган кашфиётлари, янгиликлари ниҳоятда беҳисоб. Бу алломалар жаҳон тамаддунини мислсиз янгиликлари билан бойитдилар. Уларнинг яратган кашфиётларини европалик олимлар XVIII асрдан кейин ўз даврлари учун қайтадан кашф қилдилар ва амалиётга татбиқ эта бошладилар.
“Европаликлар Шарқ илм-фани кашфиётлари устига ўз тараққиётини тикладилар. Бу борада европалик олимлар улуғ аллома Маҳмуд ал-Чағминий номини эҳтиром билан тилга оладилар. XII асрда яшаган бу аллома антик давр юнон, рим, грек, миср, ҳинд олимлари асарларини ўрта аср Ўрта осиёлик алломалар асарларига чоғиштириш орқали дунё фанида янги қиёсий усулга асос солди. Шу билан бирга, фанда назарияни амалиётга яқинлаштирди. Шунинг учун XIV асрдан кейин Шарқ, XVII асрдан сўнг европалик олимларнинг эътиборига тушди”. XIX асрда яшаб ўтган немис олими Вилгельм Рудольфнинг бу эътирофи Шарқ илм-фани тараққиётига берилган юксак баҳо эди. Шундай экан, немис олими тилга олган Маҳмуд ал-Чағминий ким? У илм-фанда яратган кашфиётлар нималардан иборат? Ундан қандай илмий мерос қолган?
Тарихий битикларда ёзилишича, Маҳмуд ал-Чағминийнинг тўлиқ исми-шарифи Муъаййаниддин Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар ас-Самарқандий ал-Хоразмий ал-Чағминий бўлиб, у Хоразмнинг қадимий пойтахти Гурганж яқинидаги Чағмин кентида дунёга келган. Мирзо Улуғбекнинг устози Қозизода Румий асарида бу хусусда “Чағмин Хоразмнинг улуғ алломалари яшаб ўтган ва Маҳмуд ал-Чағминий туғилган жой номи”, деб аниқлик киритади. Унинг таваллуд санаси маълум эмас. Муаррихлар унинг улуғ алломалар Нажмиддин Кубро ва Сирожиддин Саккокий билан тенгдош бўлганлиги ҳақида маълумот берадилар. У дастлаб Чағминда, кейин Гурганжда мадрасаларда таълим олади. Нoмидаги ас-Самарқандий нисбаси унинг бу шаҳарда яшаб, мадрасада ўқиганлиги ва фаолият юритганлигини билдиради. У ёшлигидан машҳур алломаларга шогирд тушиб, астрономия, математика, геометрия, география фанларини ўрганади. Илм йўлидаги иштиёқи туфайли у араб, форс, юнон, рум, грек, лотин тилларидан ҳам мукаммал сабоқ олади. Кўп тилни билиши илмий салоҳиятини янада юксалтиради. Замондошлари унинг ўз даврида илм аҳлининг пешвоси бўлганлиги, Гурганж ва Самарқанд мадрасаларида мударрислик қилганлиги ҳақида ёзиб қолдирганлар. Аллома 1221 йилда Гурганж шаҳрида вафот этади.
Маҳмуд ал-Чағминийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти XII асрнинг иккинчи ярми ва XIII асрнинг бошларида Хоразмшоҳлар давлатининг гуллаб-яшнаган даврида кечади. Бу даврда Хоразм, тарихий манбаларда айтилишича, “Шарқ илм аҳлларининг ва донишмандларининг ором топадиган ижод масканига айланган”. Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг боболари Отсиз, Эл-Арслон, Такаш ва отаси Оловуддин Муҳаммад даврида Гурганжда бағрига мингга яқин алломаларни, ижодкорларни жамлаган “Донишмандлар уйи” фаолият юритган. Бу илмий марказда Умар Ҳайёмнинг суюкли шогирди Муҳаммад ал-Ҳижозий, Исмоил ал-Журжоний, Иброҳим ал-Журжоний каби алломалар табобат илмидан кашфиётлар яратганлар. Фахриддин Розий хоразмшоҳлар учун “Дунё илмлари қомуси”ни тузган. Нажмиддин Кубро заҳабия тасаввуф тариқатига асос солган. Маҳмуд аз-Замахшарий араб тили ва грамматикаси, луғатшунослигининг асосчисига айланган. Сирожиддин Ёқуб ас-Саккокий ўша даврда шоирликда, астрономия илмида, санъат соҳасида энг етук даражага эришган. Муҳаммад ибн Нажиб Бакрон жаҳон харитасини тузиб, унга “Жаҳоннома” деб номланган асар битган. Хоразмшоҳларнинг яқин маслаҳатгўйи бўлган Шиҳобиддин Хивақий Гурганжда энг кўп китоблар тўпланган кутубхонани барпо қилдирган. Хоразмда расадхона тиклатган ва унда илмий кузатишлар олиб борган Маҳмуд ал-Чағминий эса “Донишмандлар уйи”да алломаларнинг йўлбошчиси ҳисобланган. Улуғ ишларнинг бошида турган. Шу сабабли барча алломалар Маҳмуд ал-Чағминийни XII-XIII асрлар илм-фанининг таянчи, дарғаси деб эътироф этадилар.
Аллома илмий фаолияти давомида кўплаб асарлар яратган. Муаррих Ибн ал-Фуватий унинг 50 дан ошиқ асарлари номларини келтиради. Лекин бугунги кунгача асарларининг ниҳоятда оз қисми тўла сақланган ҳолда етиб келган. Шулар орасида “Мулаххас фил-ҳайъа ул-баста” (“Астрономия ҳақида кичик тўплам”), “Сайланма”, “Тўққиз сонининг риёзиётдаги ўрни ҳақида рисола”, “Меросни бўлиш масалаларида риёзиёт усулларига шарҳ”, “Қонунча” асарлари алоҳида ўрин тутади. Маҳмуд ал-Чағминий фаннинг турли соҳаларига оид асарлар яратар экан, илмда ўзига хос янгиликка қўл уради. У антик давр олимлари Птолемей, Платон, Евклид, Эпикур, Менелай, Гален асарларини ўрганиб чиқади. Айни пайтда, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Ибн Ироқ сингари алломалар асарларини ҳам тадқиқ этади. Юнон ва Шарқ алломаларининг фаннинг турли соҳаларидаги илмий қарашларини ўзаро қиёслаб, чоғиштиради. Уларнинг ютуқ ва камчиликларини умумлаштириб, фанда янги илмий кашфиётлар яратади. Дунё илм-фанида ўрта аср Шарқ алломаларининг антик давр олимлари асарларига маълум бир муносабатлари шаклланган эди, лекин уларни ўзаро чоғиштириб, қиёслаб тадқиқ этиш тўла маънода Маҳмуд ал-Чағминийдан бошланади. Бу дунё фанининг кейинчалик ягона илмий йўналишда ривож топишига асос бўлиб хизмат қилди. Алломанинг фан оламидаги хизмати бу билан чекланмайди. У ўз даврининг барча фанлари эришган ютуқларни жамлаб Шарқ тарихида биринчи бор қомус — энциклопедия яратиш анъанасини бошлаб берди. ўарбда эса қомус яратиш XVIII асрдан кейин пайдо бўлди. Қомус яратиш нафақат Шарқда, дунё миқёсида ҳам камдан-кам олимларга насиб этган.
Маҳмуд ал-Чағминийнинг “Мулаххас фил- ҳайъа” асари астрономия илмидаги йирик тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Асар муқаддима ва икки қисмдан иборат. Биринчи қисмида осмон сфераси, коинотдаги сайёралар, ёритқичлар ҳаракатлари, юлдузлар жойлашиши ҳақида, иккинчи қисмида Ернинг кенглиги, узунлиги, обод жойлари, уларнинг табиий хусусиятлари, заминда фаслларнинг алмашиниши, кеча ва кундузларнинг юзага келиш сабаблари хусусида сўз юритилади. Маълумки, XII асрга қадар астрономия ва географиянинг бу соҳалари юнон, итальян, ҳинд ва Ўрта осиёлик кўплаб олимлар томонидан текширилган. Маълум илмий хулосалар ҳам чиқарилган. Маҳмуд ал-Чағминий эса бу текширишлар ва хулосаларни ўзаро қиёслайди. Қиёслаш натижасида юзага келган илмий фикрларни ўз тажрибалари, кузатишлари асосидаги хулосаларга таққослайди. Оқибатда фан оламида кутилмаган янги кашфиётлар юзага келади. Масалан, у Ер, Қуёш, Ой ва бошқа сайёралар ҳаммаси ҳаракатда деган хулосага келади. Ер ўз ўқи атрофида суткада бир марта айланишини илмий жиҳатдан исботлайди. Яъни сайёраларнинг ўз ўқи атрофида ва коинотда айланишини очиб беради. Бу борада Птолемей, Гален, Эпикурнинг бир тарафлама, нотўғри карашларини рад қилади. Хоразмий, Фарғоний, Берунийнинг илмий қарашларини тасдиқлайди. Алломанинг яна бир кашфиёти ўша давр фан олами учун янгилик эди. У қуёшни ёруғлик манбаи, деб билади. Ой эса ёруғликни қуёшдан олади, шу маънода қуёшни осмоний жисмларнинг маркази деб атайди. Маълумки, ўша даврда барча олимлар Ерни коинотнинг маркази деб атаганлар. Бу фанда геоцентрик таълимот эди. Маҳмуд ал-Чағминий эса коинот марказига қуёшни қўяди. Ушбу ғоя кейинчалик фанда илмий асосланган гелиоцентрик таълимот учун негиз бўлиб хизмат қилади.
Аллома кўплаб асарлари орқали география, геодезия, арифметика, риёзиёт фанларининг ривожига ҳам катта ҳисса қўшди. У “Заминда юз берадиган барча ҳодисалар коинотдаги ўзгаришлар билан боғлиқ, шунинг учун самовий ҳаракатларни мукаммал билиш керак”, деган хулосага келади. “Тўққизликлар арифметикаси” асарида астрономия илми муаммоларини риёзиёт, математика фани асосида ҳал қилишга интилди. Унинг илмий изланишлари туфайли доиравий тригонометрия асослари ишлаб чиқилди ва қоидалари яратилди. Унда доиравий учбурчак ва унинг хилма-хил турларининг тўла таърифи берилади. У илм-фан тарихида илк бор уфқий текисликдаги кузатиш жойининг асоси бўлган координатлар системаси қоидаларини ишлаб чиқади ва амалиётга татбиқ этади. Алломанинг риёзиёт фанига оид бундай илмий янгиликлари кўп. У илм соҳасида салафлари бошлаб берган ишларни якунига етказиб, кашфиётлар яратди. Шу сабабли аллома Муҳаммад Авфий “Гарчи унгача ҳам самовий жисмлар ҳақида кўплаб китоблар ёзилган бўлса-да, уларда бу соҳага оид асосий масалалар ечимини топмаган, чуқур ёритилмаган эди. Маҳмуд ал-Чағминий астрономия илмида барча муаммоларга ечим топди”, деб хулоса чиқаради.
Маҳмуд ал-Чағминийнинг фалсафий қарашлари, хусусан, табиатшунослик соҳасидаги фикрлари, ғоялари ҳам фан олами учун янгилик ҳисобланади. У “Табиат ҳар қандай ҳаракат ва сокинликнинг манбаи. Шу билан бирга, табиат табиий кучга эга, бу куч унинг фаоллигини заруриятга айлантиради, уни доимий ҳаракатга келтиради. Модда ва шакл табиатни яратади”, дейди. Маълумки, ўрта асрларда фанда машоиюнлар фалсафаси деб ном олган қадимий юнон олимлари таълимотига кўра модда ва шакл қанчалик бир-бирига боғлиқ бўлмасин, улар бири иккинчисидан ажралади, деган ғоя етакчилик қилган. Ал-Чағминий эса улар ғояларини рад этиб, модда ва шакл бир-биридан ажратиб бўлмайдиган даражада бирикиб кетган, дейди. У табиатда бирламчи заррача – модда, иккиламчи заррача модданинг кичик бўлаклари, улар ажралмасдир, деган хулосага келади. Алломанинг бу фикри кейинчалик фанда атом ва унинг молекулалари мавжуд деган ғоянинг, илмий назариянинг юзага келишига асос бўлди. Аллома “Қонунча” асарида тиб илмига оид инсон физиологияси, касалликни аниқлаш, жарроҳлик, мижозлар, доришунослик соҳалари билан бирга касалликнинг олдини олиш борасида жисмоний тарбия, соғлом экологик муҳит, мусаффо ҳаво, тоза ичимлик суви, сайру саёҳат одам ҳаёти учун ниҳоятда зарурлигини исботлаб берди. Унинг бу илмий қарашлари барча даврларда ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Алломанинг асарлари XIII асрдан бошлаб Шарқ мамлакатлари мадрасалари, илм-фан масканларида дастуруламал бўлиб хизмат қилган. Мароға, Мирзо Улуғбек расадхоналарида самовий кузатишлар унинг илмий хулосаларидан фойдаланган ҳолда олиб борилган. Самарқандда Мирзо Улуғбек мадрасасида астрономия илми Маҳмуд ал-Чағминийнинг “Мулаххас фил-ҳайъа” асари асосида ўқитилган. Бундан ташқари, мадраса таълим тизимига ана шу асарга Қозизода Румий, Мир Саййид Шариф Журжоний, Жамшид Коший, Али Қушчи томонидан ёзилган шарҳлар махсус фан сифатида киритилган. Бу асарлардан нафақат шу мадрасада, бошқа мамлакатлар ўқув даргоҳларида ҳам то XIX асрга қадар таълим берилган. Маҳмуд ал-Чағминий асарлари қўлёзмалари дунёнинг 20 дан ошиқ шаҳарлари хазиналарида сақланади. Улар араб тилидан немис, форс, рус, инглиз, француз, ҳинд, турк ва бошқа тилларга ўгирилган. Аллома асарларига 30 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар битилган. Унинг асарлари европалик олимлар эътиборига XVII асрдан кейин тушди. “Чағмин илми”. Эндиликда дунё олимлари ана шу тушунча остида машҳур аллома Маҳмуд ал-Чағминий илмий меросини эътироф этадилар.
Тарих бағрида, олис ўтмиш саҳифаларида юртимиз, халқимиз ва дунё илм-фани равнақи учун ҳаёти, илмий фаолиятини бағишлаган буюк аждодларимиз кўп. Эндиликда уларнинг илмий меросларини тадқиқ этиш, номларини абадийлаштириш бугунги авлод олдидаги вазифалардан бири саналади. Маҳмуд ал-Чағминий ҳам ана шундай илм-фан соҳасида ўз илмий тадқиқини кутаётган улуғ сиймо, буюк аллома ҳисобланади.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўз юртингнинг бетакрор ва сўлим гўшаларига саёҳат қилиш инсон маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қиладиган омиллардан саналади....
01 янв 1970
Юртимиз тарихи ўзига хослиги, мўъжизавийлиги билан барчани қизиқтириши табиий.
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига
01 янв 1970
Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Кўз очиб-юмгунимизча, кунлар изидан тунлар, тунлар изидан ойлар, йиллар ўтиб бормоқда. ...