“Ким у йиғлаётган, Навоиймикин?..”

/
Юртимизда кенг кўламли янгиланиш ва ўзгаришлар давом этмоқда. Қаерга борманг, замондошларимизнинг азму шижоати билан гуллаб-яшнаётган шаҳару қишлоқлар гўзаллигидан, ободлигидан мамнун бўласиз. Масалан, Қибрайдан ўтиб, Чирчиқ тарафга бораркансиз, йўлларнинг кенг ва равонлиги, икки томондаги мафтункор табиат манзараси кўзингизни қувнатади.
Афсуски, бундай файзиёб манзиллар барча ерда ҳам бирдек эмас-да...
Чирчиқ шаҳар марказида буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий номи билан аталган хиёбоннинг бугунги аҳволи нафақат чирчиқликларни, балки бу ерга меҳмонга келган ҳар қандай кишини таажжубга солаётгани бор гап. Майдон узра қўр тўккан ғазал мулкининг султонига атаб қўйилган ҳайкалнинг ўйчан қиёфасида ҳам гўё чор-атрофдаги қаровсизликдан безовталик ҳукмрондек...
Хиёбонни айланар эканмиз, дарахтларнинг шохлари синиб, шакл берилмаган арчаларнинг афтода ҳолидан, оромкурсилар синиб, ўриндиқлар ўрнида бетон қолдиқлари мунғайиб ётганидан, чор-атрофни турли чиқиндию писта пўчоқлар босганидан лол қолдик. Шундай муаззам майдон қачон бу аҳволга тушиб улгурди экан?
Буюк шоирнинг тахаллуси битилган битикдан икки ҳарфи тушиб, шу ҳолида тўрт ойлаб турганига гувоҳ бўлганда, шаҳар мутасаддиларининг бепарволигидан ранжидик. Ҳайкалнинг орқа томонидаги мармар плиталарнинг тушиб, синиб ётгани, борлари ҳам шу ерлик бебош севишганларнинг сурбетларча ёзилган “дил изҳор”ларига нишон бўлганига нима дейсиз?
Хиёбонда сайр қилиб юрганлардан бири гап ташлайди:
– Меҳмонга ўхшайсизларми?
Бош эгиб тасдиқлаймиз. Улар эса ажабланганимизни сезиб, хиёбоннинг ҳолатига изоҳ берган бўладилар:
– Бу хиёбон 1991 йилда бунёд этилган. Очиғи, бир пайтлар хиёбон шаҳримизнинг чинакам кўрки эди. Умуман, маданият, маънавиятга эътибор кучли эди. Бундай ажойиб хиёбон, айниқса, “Нур” ва “Мирзо ўолиб” маҳаллаларининг файзу ифтихорига айланганди. Кейинги пайтларда маданият масканлари бироз кўздан четда қолаяпти. Бўлмаса, шундай буюк зотнинг шарафига барпо бўлган истироҳат маскани шундай ғариб аҳволга тушармиди?! Яна шундоқ катта йўлга туташ жойда-я...
Одамларнинг айтишича, яқин-яқинларгача бу ер шаҳарнинг энг гавжум манзилларидан бўлган. Шаҳарликлар гурас-гурас бўлиб, ёзнинг жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам хиёбонда оилавий сайр қилишни хуш кўришган. Келин-куёвлар ҳайкал пойига гуллар қўйишган, хиёбонда маърифий кечалар, шеърият анжуманлари ташкил этилган. Ҳозир эса...
— Ҳозир бу ердан кечалари ўтгани қўрқамиз, — дейишди суҳбатдошларимиз. — Алмисоқдан қолган тунги ёритқичлар бир ёниб, бир ўчади. Ўғил-қизларимиз кечқурун ўқишади, баъзилари кечки сменада ишлашади. Улар ўқишдан, ишдан қайтишганда шу ердан ўтишади. Биз, ота-оналар эса юрагимизни ҳовучлаб ўтирамиз...
“Мирзо ўолиб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳадича Юлдашева билан боғландик. Афсуски, у хиёбон маҳалла ҳудудига қарамаслигини айтиб, гапни қисқа қилди. “Нур” маҳалласи идорасига қўнғироқ қилганимизда эса, телефонни кўтарган қиз ўзини маҳалла котибаси Лайло Холмуродова, деб таништирди.
– Лайлохон, хиёбоннинг бугунги аҳволини ўнглаш бўйича бирор марта маҳаллий ҳокимлик вакилларига мурожаат этганмисизлар? – деб сўраймиз.
Лайлохон дабдурустдан жавобга қийналади. Унинг гапларидан бир неча бор оғзаки мурожаат қилингани, ҳатто бу масала 2018 йил 11 апрель санасида Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига ёзма равишда киритилганини ҳам билиб олдик. Ҳартугул, Чирчиқ шаҳар ободонлаштириш бошқармасидан бу йил хиёбонни обод қилиш учун пул ажратилганини, таъмирлаш режага киритилганини айтишибди.
Чирчиқ шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ҳусан Ашуровни ҳам топиб, гаплашдик. Ҳоким ўринбосари ҳам пул ажратилганини, таъмир ишлари бошланажагини такрорлашдан нарига ўтмади. Бироқ йил поёнлаб бораяпти, бирор амалий ҳаракат сезилмаётибди...
Эътироф этайлик, шаҳарда “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар асосида ибратга лойиқ ишлар қилинаяпти. Мулоҳазамиз шуки, бундай ободлик шаҳарнинг қоқ марказидаги Навоий бобомизнинг пойидан бошланса, мақсадга мувофиқ бўлмасмиди?!.
Даврон АҲМЕДОВ
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Машина минган кишини операция столи тепасида қўлига тиғ олган жарроҳ билан солиштириш нечоғлик ўринли? Йўқ, муболағадан ўзга нарса эмас, дейсизми? ...
01 янв 1970
Тилимиз олис ўтмишдан бошлаб шаклланган. Турли даврларда ҳар хил ўзгаришларга учраган....
01 янв 1970
Ҳазорасп Хоразмнинг қадим масканларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи 2700-2800 йилга тенг эканлиги аниқланди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда АҚШ Халқ­аро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг &ldq...