“Эрта қайтган турналар” саҳнада

/
Уруш — даҳшат! Уруш – қирғин! Уруш – вайронгарчилик! Уруш – очлик! Уруш – ғам, алам, изтироб, айрилиқ, ҳижрон... Уруш туфайли отаси, акаси, амакию тоғасидан ажралган етим-есирлар-чи? Улар уруш асоратларига болаликдаёқ юзма-юз бўлишган, болалик шўхликларини жуда эрта унутишган...
...Буюк адиб, машҳур сўз санъаткори Чингиз Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” асари ҳам Иккинчи жаҳон уруши йиллари, халқларнинг фронт ортидаги шижоати, хусусан, ўша суронли йилларда туғилган фарзандларнинг эрта сўнган болалиги ҳақидадир.
Асардаги воқеалар сервиқор тоғ биқинидаги қирғиз овулларидан бирида кечади. Шу овулда яйраб-қувнаб ўсаётган болакайлар – Султонмурод, Онатой, Қуббатқул ва Эркинбек урушнинг нима эканлигини жуда эрта фаҳмлашади.
Ҳар бир “қора хат” ортидаги алам, фарёдлар, урушга соппа-соғ кетиб қўлсиз, оёқсиз қайтаётган ота, акалар фронт ортидаги виждонсиз кимсаларнинг нопокликлари, овулдаги деҳқончилик юмушларини ўз зиммасига олган, букчайган чолу кампирлар, аёллар, урушга кетган ўғли, ёстиқдоши, ака-укаси йўлига муштоқ бўлиб кўз тикаётган оналар, келинчаклар... ва фарзандлар!
Асар қаҳрамонлари — болакайлар уруш йилларида овулдаги ана шундай муҳитга қоришиб кетишади. Улар соат сайин улғайишади, овулдошларга кўмакдош бўлишади. Урушнинг тугаганлиги ҳақидаги хушхабар овул болаларига ҳам қувонч бахш этади.
Уруш йилларининг даҳшату изтироблари ҳақида ўнлаб қисса, ҳикоялар битган забардаст адиб Чингиз Айтматов мазкур асари орқали инсониятни огоҳликка, ватанпарварлик ва тинчликсеварликка даъват этган.
Каттақўрғон шаҳар драма театри жамоаси “Эрта қайтган турналар” асари асосидаги спектаклни саҳналаштириб, ўз мухлисларини хушнуд этди.
Асарнинг саҳнавий инсценировкаси иқтидорли ижодкор, умидли ёш драматург Сардор Ҳамроев қаламига мансуб.
Томошани маҳоратли режиссёр Fофур Мардонов етакчилигидаги бир гуруҳ тажрибали ва ёш санъаткорлар саҳнага олиб чиқишган. Хусусан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Мамедова, ёш артистлар Қосим Расулов, Нодир Исмоилов, Маманиёз Рўзиев, Шоҳжаҳон Эгамбердиев, Мафтуна Жалилова, тажрибали саҳна соҳибларидан Ўткир Очилов, Мизом Қодиров, Ҳабиб Абдуллаев, Зуҳриддин Янгибоев, Нағмат Салимов ўз роллари устида жиддий изланганини таъкидлаш жоиз.
Театр бош мусаввири Зокир Қобулов асар воқеалари руҳига мос саҳна декорацияларини яратган. “Эрта қайтган турналар” спектаклининг кенг жамоатчилик кўригида қатнашган Маданият вазирлиги репертуар бўлими бошлиғи, драматург Ҳайитмат Расул, театршунос-олим Эсонбой Ўринов, вилоят рус дарама театри директори Аҳмадулло Ниёзов ва бошқалар мазкур спектаклни саҳналаштирган ижодкорларни заҳматли меҳнатлари ва навбатдаги омадли томоша билан қутлашди.
Каттақўрғон шаҳар драма театрининг янги томошаси атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига муносиб туҳфа бўлганини алоҳида эътироф этишди.
Абдуазиз ҲОШИМОВ,
Театр арбоблари уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қувасой шаҳрида яшовчи Фазлиддин Азимов (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган) 2015 йил сентябрь ойида Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар ...
01 янв 1970
Маълумки, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни ҳамда жамиятимизда таъминланаётган қонун устуворлигини ички ишлар органлари ва уларнинг фидойи ходимлари...
01 янв 1970
Юртбошимиз мангу қўним топган маскан бугун барча учун муқаддас зиёратгоҳга айланди....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар яра...