Мураккаб жарроҳлик амалиётлари янги марказда амалга оширилмоқда

/
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил февраль ойида воҳамизга ташрифи чоғида кейинги вақтда вилоятимизда қандли диабет билан оғриган беморлар сони ортиб бораётгани, биргина воҳада юрак-қон томир касалликлари билан 168 минг фуқаро азият чекаётганлигини инобатга олиб, Қарши шаҳрида барпо этилаётган кардиология ва эндокринология марказларининг янги биноси лойиҳаси ва унинг аҳамияти ҳақида кўрсатма ва тавсиялар берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга бу галги ташрифи чоғида Республика ихтисослаштирилган Кардиология маркази Қарши филиали ва республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қарши филиали ўз фаолиятини бошлади. Энди беморлар мураккаб жарроҳлик амалиёти учун пойтахтимиз Тошкентга ёки хорижга боришига эҳтиёж қолмади. Филиалимизнинг 3 нафар жарроҳи Германияда, 3 нафари эса Россия Федерациясида малака ошириб қайтди. Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. Иккала филиал ҳам дунёдаги энг сўнгги ишлаб чиқарилган асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани боис йилига 700 та жарроҳлик амалиёти ўтказиш имконига эга эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу оддий рақам эмас, унда йиллар давомида шу турдаги касалликдан фориғ бўлишни истаган беморларнинг ниҳоят умидлари ушалаётганидан қувонч ва шукроналик ҳислари мужассам.
Президентимиз янги бинода иш бошлаган Кардиология ва эндокринология марказларининг Қарши филиаллари иши билан яқиндан танишар экан, бу марказларнинг ташкил этилишидан мақсад одамларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш, уларнинг соғлигини ишончли ҳимоя қилиш эканини алоҳида таъкидлади.
Албатта, бемор учун шифохона нажот маскани каби унинг дилига умид ва ишонч бағишлайди. Айниқса, оғир хасталикка чалинган инсон дилида кечадиган ўй-ҳисни шифокорлар янада чуқур англайди. Аммо бемор чалинган касалликни даволашга ихтисослашган шифохона ҳудудда бўлмаса-чи, бу ҳолатда бемор ва уни яқинларининг дарду изтиробини тушуниш ҳам қийин эмас, ҳам оғир.
Замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган филиалда соҳага доир янги технологиялардан унумли фойдалана оладиган билимдон, малакали шифокорлар ҳар йили юзлаб беморларни даволайдилар. Диабетик нефропатия, умумий эндокринология ва диабетология, қалқонсимон без ва диабетик тупиқ жарроҳлиги каби бўлимларни ўз ичига олган эндокринология йўналишидаги филиалимиз энг сўнгги русумдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланган.
Республика ихтисослаштирилган Кардиология марказининг Қарши филиалида ҳам клиник-биохимик лаборатория, автоклав, юз қатновга мўлжалланган поликлиника, рентген, жарроҳлик бўлими, аритмология, юрак ишимик касалликлари, кардио жарроҳлик каби бўлимлар ташкил этилди. 120 ўринли филиалимизда тиббиёт ходимлари ва беморлар учун зарур қулайликлар муҳайё этилган. Хусусан, юрак қон-томир касалликлари билан боғлиқ ҳар қандай хасталикни даволаш ва мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун бу маскан хорижнинг нуфузли шифохоналаридаги каби энг замонавий тиббий технологиялар билан таъминланганлиги биз, шифокорларнинг ишимизни енгиллаштирмоқда.
Маълумки, эндокринология ва юрак етишмовчилиги билан боғлиқ жуда кўп жарроҳлик амалиётларини вилоятимизда даволаш имкони бўлмагани боис беморлар шифо излаб пойтахтимизга ёки хорижга боришига мажбур бўлишарди. Бу эса катта маблағ ва бошқа қийинчиликларни юзага келтирарди. Барчага аёнки, бундай катта харажатни эса ҳамманинг ҳам оилавий шароити, имкони кўтаравермайди. Узоқ йиллар давомида фуқароларни жиддий ташвишга солиб келган, инсон соғлиғи билан боғлиқ ушбу муаммо эндиликда барҳам топмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган тиббиёт муассасамизда мазкур йўналишдаги мураккаб операцияларни амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилди, филиалларга малакали мутахассислар жалб қилинди.
Президентимиз янгидан ташкил этилган марказларимиз иш фаолияти билан яқиндан танишар экан, ҳар қандай касалликнинг олдини олишда энг мақбул йўл соғлом турмуш тарзига амал қилиш эканини эътироф этди. Бугунги кунда юртимизда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини ривожлантириш орқали турли касалликларнинг олдини олиш диққат марказимизда бўлмоқда. Беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга кардиологик ва эндокринологик касалликларга чалиниш ҳолатларини камайтиришга эришиш муҳим вазифамиз саналади. Марказимизда шу мақсадларга хизмат қиладиган қулайликлар ҳам муҳайё этилган. Давлатимиз раҳбари тиббиёт муассасамизда бўлиб, фуқароларни тиббий кўрикка кенг жалб этиш, тажрибали ва малакали мутахассислар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Янги марказимизда илк маротаба Қарши шаҳрилик Дурдона Кенжаевани юрак етишмовчилиги хасталигидан даволаниш учун жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Муҳими, жарроҳлик амалиётидан сўнг Дурдона ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Унинг яқин инсонлари “шу кунларга етказганига шукр, одамлар соғлиғи ҳақида қайғураётган, шундай шароитларни яратиб берган Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз”, дейишмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг соҳага жуда катта эътибор қаратиб, халқимизга ғамхўрлик кўрсатаётганидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Шу билан бирга, масъулиятни англаган ҳолда яратилаётган янги имконият ва қулайликлардан фойдаланиб, одамларни рози қилишга, энг асосий бойлигимиз бўлган халқимиз соғлигини асраб-авайлашга ҳисса қўшаверамиз.
Зоҳир ҒАНИЕВ,
Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази
Қарши филиали шифокори, “Соғлиқни сақлаш аълочиси”

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мактабгача таълим тизими ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим босқичидир. ...
01 янв 1970
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихин...
01 янв 1970
Юртимиз равнақи, истиқболи, келажаги учун, миллатимиз бахт-саодати учун эзгу ишларни амалга ошириб кетган улуғ инсонлар номлари, хотиралари халқими...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишла...