Тошкентнинг мўъжизавий “ичон қалъа”си

/
Маълумки, шу йилнинг 1 февралида пойтахтимиздаги “Tashkent Сity” қурилиш майдонида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилиб, матбуот анжумани ўтказилган эди. Бу анжуман ва пресс-турда ушбу бунёдкорлик маркази ҳақида тўлиқ маълумот берилди. Қуйидаги мақола пресс-тур ва анжуман таассуротлари асосида ёзилди.
Ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий тараққиёти, иқтисодий юксалиши, маънавий ривожини намоён этувчи ўзига хос муҳим омиллар бўлади. Ана шу омилларнинг асосийларидан бири ўша мамлакатда амалга оширилаётган янги қурилишлар, бунёдкорликлар, яратувчиликлар ҳисобланади. Зеро, янги қурилишлар, бунёдкорликлар юртнинг қиёфасини янгилайди, мамлакатда ободлик, гўзалликни юзага келтиради ва буларнинг ҳаммаси халқнинг фаровон, яхши яшаши учун хизмат қилади. Шу сабабли бугунги кунда республикамизнинг барча вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида олиб борилаётган қурилишлар, бунёдкорликлар юртимиз тараққиётининг чинакам ифодаси, дейиш мумкин.
Биргина пойтахтимизнинг ўзида амалга оширилаётган қурилишлар, бунёдкорликлар кўлами ҳар қандай одамни ҳайратлантиради. Айтайлик, Яшнобод туманида барпо этилаётган уч қаватли кўприк, метрополитен халқа йўлининг Дўстлик – Қўйлиқ бозори оралиғидаги қисми, ишбилармонлик аэропорти, “Олмос” маҳалласи ҳудудидаги ҳарбий хизматчилар учун уйлар, Шайхонтоҳур туманида қурилаётган “Наврўз” боғи, “Ҳумо-Арена” муз саройи, Юнусобод туманида қурилиши якунланаётган метрополитеннинг салкам 3 километрлик иккинчи босқичи, Чилонзор, Олмазор туманларида қад ростлаётган “Давлат хизматлари марказлари”, Маданият ва истироҳат боғи, ўйинчоқлар фабрикалари, технопарклар, Сергели туманида тикланаётган 618 та кўп қаватли тураржойлар, катта йўл ва кўприк, метрополитеннинг Сергели – Собир Раҳимов бекатлари оралиғидаги қисми, Чоштепа массивидаги уйлар ана шу бунёдкорликларнинг бир қисмини ташкил этади.
Буларнинг ёнига яна шаҳарнинг барча туманларида қад ростлаётган тураржойлар ва “Обод маҳалла” дастури асосида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини ҳам қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, Тошкент тўла маънода қурилишлар, янгиланишлар майдонига айланганини англаш қийин эмас. Буларнинг ҳаммаси шаҳримизда ободлик, фаровонлик, гўзаллик борасида чинакам ўзгаришлар юзага келаётганини кўрсатади.
Пойтахтимиздаги энг катта қурилиш масканларидан бири — шаҳар марказида барпо этилаётган “Tashkent City” ҳисобланади. Шаҳарсозлик нуқтаи назаридан бутунлай янги лойиҳа асосида қад ростлаётган, замонавий қиёфа касб этадиган, қурилиш кўлами ва бошқа жиҳатлардан ўзига хос бўлган “Tashkent City” шаҳарнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов, Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектарлик ҳудудни эгаллаган.
Шу ўринда “Tashkent City” атамасига изоҳ бериб ўтсак. Маълумки, бу атама тилимиз учун ҳам, шаҳарсозлик терминологияси учун ҳам янги. Аслида “City” сўзи инглизчадан таржимада шаҳар маъносини билдиради. Шу маънода “Tashkent City” жойлашган ўрнига қараб, шаҳар ичида қурилаётган янги шаҳар маъносини англатади. Бундай “City”ларнинг ҳаётда пайдо бўлиши бежиз эмас. Кейинги йилларда замонавий технологияларнинг ҳаётга чуқурроқ кириб келиши инновацион лойиҳаларни, янгича қурилиш усулларини ва иншоотларни, биноларни барпо этишда мўъжизавий ёндошувларни юзага келтирди. Бундай ёндашувлар асосида ғарб мамлакатлари ва юксак тараққий этган давлатларнинг йирик шаҳарларида ХХ асрнинг охирларидан бошлаб “келажак шаҳри” ёки “янги шаҳар” деб аталган “City”лар барпо этишга киришилди. “Tashkent City” ҳам ана шундай шаҳарчалардан бири саналади.
Шаҳар ичида шаҳарча қуриш анъанаси аслида ғарбда эмас, шарқ мамлакатларида қадим-қадимларда бошланган. Милоддан олдинги даврларда шаҳарлар кухандиз, шаҳристон (кичик шаҳар) ва катта шаҳар тарзида қурилган. Кейинроқ улар арк, шаҳристон ва рабод шаклида барпо этила бошлаган. Ана шундай шаҳарсозлик намуналаридан бири эндиликда қадимий Хива шаҳри архитектурасида сақланиб қолган. Унинг марказида арк, арк атрофида эса Ичон қалъа, Ичон қалъа атрофида эса Дишон қалъа жойлашган. Ривожланган давлатларнинг йирик шаҳарларида барпо этилган ва этилаётган “City”лар ғарб шаҳарсозлигининг қадимий шарқ шаҳарсозлигидан андоза олган ва замонавий кўриниш касб этган янги архитектура намуналари дейиш мумкин.
Нима бўлмасин “Tashkent City” кўлами жиҳатдан нафақат юртимиздаги, балки Марказий Осиёдаги энг йирик, мукаммал, янги архитектура лойиҳасига асосланиб қад ростлаётган шаҳарча ҳисобланади. Лойиҳага мувофиқ бу ерда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-холл, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий ва бошқа объектлар барпо этилмоқда. Шаҳарчада ишбилармонлар фаолият юритиши учун ҳамма имкониятлар яратилади. Шу сабабли бу шаҳарча халқаро ишбилармонлар маркази, деб ҳам аталади.
“City”да барча ишларни амалга оширишни марказлаштириш ва ижросини таъминлаш мақсадида давлат унитар корхонаси шаклида Объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича дирекция тузилган. Айни вақтда ҳудудда давлат органлари ва турли ташкилотлар раҳбарларидан иборат халқаро ишбилармонлик марказининг Маъмурий кенгаши ҳам фаолият олиб бормоқда. “Tashkent City”нинг лойиҳаси Буюк Британиянинг “ARUP”, Туркиянинг “Tabanlioglu”, Сингапурнинг “DPArchitects” ҳамда дунёнинг бошқа мамлакатларидаги етакчи компаниялар вакилларини, архитекторларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилди. Бу лойиҳаларни яратишда халқаро экспертларнинг хулосалари ҳам олинди. Лойиҳалар Тошкент шаҳар архитектура кенгаши томонидан кўриб чиқилди. Бунда лойиҳалаштирилган ҳудуднинг ер ости қатлами юмшоқ ва қаттиқлигига, унинг таркибида қандай жинслар борлигига, сув йўллари, сизот сувларга алоҳида аҳамият берилди. Кейин лойиҳалар марказнинг Маъмурий кенгаши томонидан тасдиқланди. Бошқача айтганда, лойиҳалаштириш ишларига алоҳида аҳамият берилди. Етти ўлчаб, бир кесилди.
— Ҳисоб-китобларга кўра, “Tashkent City”нинг умумий майдони 1 миллион 300 минг квадрат метрдан иборат. Шундан 443 квадрат метрида аҳоли учун тураржойлар қурилади, сайилгоҳлар барпо этилади, — дейди Объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича дирекция директори Шерзод Ҳидоятов. — Халқаро ишбилармонлик марказининг дастлабки лойиҳавий қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг, деб баҳоланган эди. Ҳозирги кунда марказнинг 80 гектарлик ҳудуди 8 та ҳудуд (лот)га бўлинган. Ҳар бир ҳудуд учун қуриладиган иншоотлар, бинолар, тураржойларга мўлжалланиб майдонлар ажратилган. Масалан, биринчи ҳудуд 19 гектардан ошиқ жойни эгаллаган бўлса, тўртинчи ҳудуд 1,5 гектардан, еттинчи ҳудуд эса 12 гектардан иборат. Саккизинчи ҳудуд учун 18,5 гектар ер ажратилган. Бу ерда аҳоли дам оладиган кўркам боғ барпо этилади. Унинг таркибида икки гектарлик сунъий кўл ва фавворалар қурилади. Боғ ичида хиёбонлар ташкил қилинади. Бу боғ нафақат аҳоли ҳордиқ чиқарадиган жой, балки бутун “City” бағрида микроиқлим яратадиган масканга ҳам айланади.
— Халқаро ишбилармонлар маркази давлат маблағларига эмас, сармоядорлар маблағлари эвазига барпо этилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. — Бу ишга инвесторларни жалб этиш учун хориж тажрибалари ўрганилди. Бир гектар ер 2 миллион АҚШ долларига баҳоланди. Тўғри, дастлаб инвесторларни бу ишга жалб қилиш қийин кечди. Эски уйлар, кўримсиз масканга маблағ сарфлаб иш бошлашни ҳеч ким истамади. Бу ерда яшаётганларга янги уйлар бериб, эски уйлар бузилиб, ҳудуд текис ҳолга келганидан сўнг гўзал, бир-биридан жозибадор лойиҳаларни кўрганларидан кейин сармоядорларга жон кирди. Албатта, бу борада ўзимиз ҳам қараб турмадик. Мамлакатимиздаги етакчи банклар раҳбарлари билан ҳамкорлик қилиш борасида мулоқотлар, тушунтиришлар олиб бордик. Амалий ҳаракатлар бошланганидан кейин 730 га яқин сармоядорлар билан музокаралар ўтказдик. Шулар орасидан энг яхшиларини, амалий фаолият учун тажрибадан ўтганларини танлаб олдик. Натижада бугунги кунда инвесторлар 12 та лойиҳа устида иш олиб бормоқдалар. Айни пайтда, “Алоқабанк”, “Асакабанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” кабилар ҳам сармоя киритиб, қурилиш ишларида фаол қатнашмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, “Tashkent City”дай ниҳоятда катта, улуғвор лойиҳаларга эга қурилиш ишларининг давлат маблағ киритмай сармоядорлар — мамлакатимиз ишбилармонлари ва Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея каби давлатларнинг инвесторлари томонидан барпо этилаётгани республикамизнинг бунёдкорлик соҳасида эришаётган ютуқларидан бири ҳисобланади. Бу, бир жиҳатдан юртимизда етук сармоядорлар синфи шаклланаётганини кўрсатса, иккинчи томондан, хорижий компанияларнинг Ўзбекистонга ишончли шерик сифатида эътибор қаратаётганлигини ҳам билдиради.
Халқаро ишбилармонлик марказининг лойиҳалари, иншоотларнинг макетлари, қурилиш ишлари билан танишган ҳар қандай одам “шаҳар ичидаги шаҳарча” бунёдкорлик борасидаги чинакам мўъжиза эканлигини яққол англайди. Чунки энг замонавий технологиялар ва меъморчилик андозалари асосида барпо этилаётган иншоотлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Масалан, марказнинг биринчи ва иккинчи ҳудудларидаги тураржойлар Европа стандартлари асосида, одамларнинг яшашлари учун ниҳоятда қулай шароитлар яратилган тарзда барпо этилмоқда. Муҳташам уйларнинг 1-2-қаватларида савдо мажмуалари, маиший хизмат уйлари фаолият юритса, бино остидаги икки-уч қаватли жойлар автотураргоҳларга айланади. Уйлар, бинолар атрофларига автотранспорт воситалари қўйилмайди. Умуман, бундай ҳолатга нафақат марказнинг биринчи, иккинчи ҳудудларида, балки “City”нинг барча ҳудудларида амал қилинади. Яъни, автотураргоҳларнинг ҳаммаси бинолар, иншоотларнинг остки қисмидаги икки-уч қаватли гаражларга жойлаштирилади.
Майдони 19 гектар бўлган биринчи ҳудудда Буюк Британиянинг “High Land City” қурилиш компанияси 9 қаватли уйларни барпо этмоқда. Бундай уйлар сони 12 та бўлади. Учинчи ҳудуддаги 7,6 гектарлик майдонда Германиянинг “Huper Partners GmbH” компанияси томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Улар 28 қаватли 4 та бинонинг қурилиш ишларига бош-қош бўлмоқдалар. Тўртинчи ҳудуднинг ер майдони 1,5 гектарни ташкил этади. Лекин бу ерда марказнинг энг баланд иморатлари — 45 қаватдан иборат 2 та бино қад ростлайди. Бу иншоотларни маҳаллий “Universal Pasking Masters” компанияси бунёд қилмоқда.
Бешинчи ҳудуднинг умумий майдони 8,8 гектардан иборат. Ушбу ҳудудда “Akfa Dream World” компанияси томонидан 21 қаватли 5 юлдузли меҳмонхона ва энг катта Конгресс-холл қурилмоқда. Бир-бирига уйғун ҳолда тикланаётган бу бинолар шу йилнинг сентябрь ойига қадар ишга туширилиши режалаштирилган. Икки бино қуриб бўлинганидан кейин фойдаланиш учун давлат ихтиёрига топширилади. “City”нинг марказий ҳудудларидан бири молия маркази саналади. Унда 22 қаватдан 33 қаватгача бўлган тўртта бино қад ростлайди. Молия марказида бизнес тузилмалари, молия ҳамда савдо ташкилотлари, йирик компаниялар офислари жойлашиши мўлжалланган. Бу марказ Жанубий Кореянинг “Bumi” қурилиш ва инвестиция компанияси томонидан барпо этилмоқда.
— Еттинчи ҳудуднинг умумий майдони 12 гектардан ошиқ, яъни 93483 квадрат метрдан иборат. Шундан қурилиш майдони салкам 72 минг квадрат метрни ташкил этади, — дейди ушбу ҳудуд қурилиш бошлиғининг ўринбосари Александр Ксон. — Қурилишда учта маҳаллий инвестор — “Family Group”, “Premium Yillage” МЧЖ, “Luxury Apartments” хусусий корхонаси иштирок қилмоқда. Бу ерда 11 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Биноларнинг биринчи қаватларида турли савдо мажмуалари жойлашади. Юқори қаватларида эса тураржойлар, офислар, кичик меҳмонхоналар бўлади. Бу бинолар ниҳоятда мустаҳкам асосда, янгича кўринишда барпо этилмоқда. Уларнинг ер остки қисми 10 метрдан ошиқ ҳолда тикланди. Биноларнинг устки қисмида эса барча қулайликлар яратилади. Мен дунёнинг кўплаб шаҳарларида “City”лар қурилишида қатнашганман, лекин “Tashkent City” улар орасида энг гўзали, энг яхшиси, мўъжизавий кўриниш касб этадигани бўлади. Еттинчи ҳудудда қурилиш ишларини 2020 йилнинг февраль ойи бошларида якунлаш режалаштирилган.
Ҳудудда ишлар аниқ ва мукаммал ташкил қилинган. Мингдан ортиқ маҳаллий қурувчилар икки сменада кечасию кундузи ишлашмоқда. Улар бепул ётоқхона, уч маҳал овқат билан таъминланган. Бундан ташқари, озиқ-овқат учун уларга ҳар ойда 200 минг сўмдан қўшимча маблағ берилади. Қурилиш мутасаддилари — муҳандислар, техник ходимлар, прораблар амалга ошириладиган ва қилинадиган ишлар ҳисоб-китоблари билан банд. Офис деворларига ўрнатилган мониторларда қурилишнинг ҳар бир нуқтасида қилинаётган ишлар дақиқама-дақиқа яққол намоён бўлади. Ҳудудда бекор юрган бирорта ҳам одам учрамайди. Дарвоқе, бугунги кунда “City” қурилишида 6 минг нафар қурувчи меҳнат қилмоқда. Ана шуларнинг 3 мингга яқини юртимиздан хорижга кетиб, “Москва-Сити”, Остона, Сочи, Дубай каби шаҳарлар қурилишларида меҳнат қилиб, катта тажриба орттирган қурувчилар ҳисобланади. Уларнинг юртимизга қайтиб, ушбу йирик қурилишда иштирок этаётгани ва ёшларга ўз тажрибаларини баҳам кўраётгани қувонарли ҳол, албатта.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, пойтахтимиздаги ишбилармонлик марказида кўп қаватли, замонавий мегаполисларга хос юксак иншоотларни, биноларни қуришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу, бир томондан, ушбу марказнинг ўзига хослигини кўрсатади. Иккинчи томондан, “Тошкент сейсмик зонадаги шаҳар, шу сабабли бу ерда кўп қаватли иншоотларни қуриб бўлмайди”, деган қарашларнинг нотўғри эканлигини исботлайди. Эътибор беринг, сейсмик жиҳатдан энг фаол бўлган Японияда ниҳоятда баланд бинолар, иморатлар қурилаётган пайтда юртимизда зилзиладан ҳадиксираб 15-20 қаватдан юқори бино қура олмай ўтиришимиз таажжубланарли ҳол эмасми? Архитекторларнинг фикрига кўра, бирон-бир давлатда баланд бинолар қурилишига қарши чекловлар қўйилган эмас. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам кўп қаватли, баланд иншоотлар қуриш мумкин эмас, деган техник кўрсатма йўқ. Демак, бу ўринда ҳамма гап қуриладиган иморатнинг лойиҳасини зилзила ва бошқа табиий офатларга чидамли қилиб мукаммал яратишда ва уни ҳар томонлама мустаҳкам ҳамда сифатли қилиб барпо этишда. Шундай экан, “City”да қад ростлаётган осмонўпар иншоотлар келгусида мамлакатимиз ҳудудларида бунёд қилинадиган жуда баланд бинолар, иншоотлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши аниқ.
— Бугунги кунда замонавий шаҳарлар барпо этишда уларнинг экотизимига — боғлар, сайилгоҳлар, яшил зоналар, оромгоҳлар, ландшафт дизайнига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ишбилармонлик маркази лойиҳасида ҳам бу тизим эътиборимизда бўлди, — дейди дирекция қурилиш ва лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Баҳром Ризаев. — Айниқса, Сайлгоҳ лойиҳаси устида кўп ишладик. Франция, Германия, Россия, Хитой каби давлатларнинг шаҳарсозлик тажрибаларини ўрганиб, ўзимизга хос, янги ғоялар яратдик. Сайилгоҳ кўчаси “City” бағрини шарқдан ғарбга қараб кесиб ўтади. Унинг ҳамма нуқталарида сўлим масканлар яратилади. Бу ерда ландшафт дизайнини яратишга Москва шаҳрини ободонлаштиришда “Моя улица” дастурини тайёрлаган йирик компания мутахассисларини жалб қилдик. Хуллас, ишбилармонлик марказидаги маҳобатли бинолар билан бирга ҳудуд инфратузилмаси, экоолам, муҳандислик тармоқлари, ёритиш тизими — барча-барча объектлар лойиҳаси ва қурилиши мукаммал ишлаб чиқилди.
Бугун “шаҳар ичидаги шаҳарча”да қурилиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Маълумки, “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан қурила бошланган эди. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳам давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Президентимиз 2018 йилнинг 6 апрелида халқаро ишбилармонлик марказига ташриф буюрар экан, бу ердаги қурилиш ишларини кўздан кечириб, бунёдкорлик ишларига яхши баҳо берди. Шу билан бирга, бу ерда лойиҳалар асосида қад ростлаётган иншоотларни энг замонавий технологиялар ва меъморлик андозалари асосида барпо этишни кўрсатиб, “Tashkent City” шаҳар ичидаги янги шаҳар бўлиши керак. Бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонимизнинг бор салоҳиятини ўзида тўла намоён этиши зарур”, дея таъкидлаган эди. Президентимиз кўрсатмалари марказнинг бугунги қурилиш жараёнида амалга оширилмоқда.
— “Tashkent City”да қурилаётган ўзига хос тураржой бинолари халқимизнинг эътиборини тортмоқда. Бу ерда яшашни истаётган юртимиз ва хориж фуқаролари кўпайиб бормоқда, — дейди шаҳарчадаги уй-жойларни аҳолига сотиш офиси раҳбари Қосим Умаров. — Биз Жанубий Корея ва Туркия тажрибалари асосида “City”да тураржойларни сотиш ишларини ташкил этдик. Биринчи ҳудудда қурилаётган 1160 хонадоннинг 90 фоизи шу кунгача сотиб бўлинди.
“Tashkent City” эндиликда пойтахтимизда барпо этилаётган ягона халқаро ишбилармонлар маркази бўлиб қолмайди. Бундай ишбилармонлик марказларини Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида барпо этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди. Шу асосда кейинги беш ой ичида “Олмазор бизнес сити”, “Юнусобод бизнес сити”, “Мирзо Улуғбек бизнес сити” каби 3 та бизнес сити ташкил этилди. Уларнинг лойиҳалари яратилди. Демак, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро, маҳаллий ва хорижий компаниялар ушбу лойиҳаларни амалга ошириш борасида инвестор — сармоядор бўлиш имкониятларига эга. Улар ўз лойиҳалари билан шаҳарнинг бунёдкорларига айланиши мумкин.
Сўзимиз бошида шаҳар ичида шаҳарча барпо этиш тажрибаси юртимизда қадим-қадимдан бошлангани хусусида фикр юритган эдик. Шу маънода бугунги кунда дунё сайёҳлари шаҳар ичидаги шаҳарча — Ичон қалъани Хива шаҳрининг тарихий мўъжизаси деб аташади. Шундай экан, эндиликда Тошкент шаҳри бағрида барпо этилаётган “Tahkent City” ҳам келажакда пойтахтимизнинг шаҳар ичидаги шаҳарчасига, гўзал ва мўъжизакор Ичон қалъасига айланиши шубҳасиз.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган....
01 янв 1970
— Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси биз, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириш учун улкан ишларни амалга ошириб...
01 янв 1970
Мазкур мақоладан сўнг таҳририятимизга Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасидан жавоб хати келиб тушди:...
01 янв 1970
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил бажариш партиядошларимиз олдида турган асосий вазифалардан бир...