Қудратли бунёдкор шахс

/
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти қаерда кечишидан қатъи назар, ўша ерлик халқлар турмушининг обод ва кўркам бўлиши учун эл дардига ярайдиган иморатлар, ҳаммом ва мадрасалар, кўприк ва йўллар, ирригация иншоотлари, масжиду мадрасалар қуриб, сув чиқариш каби ишларни бажарганки, унинг бу ҳиммати бугунги авлоднинг ҳам ғурурига айланган.
Тақдир тақозоси билан Бобурга ўз ватани Мовароуннаҳрда бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиш насиб этмади. Аммо у Кобул давлати ва кейинроқ Ҳиндистонда бобоси Амир Темур салтанатини тиклашга киришар экан, энг аввало, бу жойларда майда феодаллик, тарқоқ ҳокимият ўрнида мустаҳкам, давлат тизимини барпо этдики, бобурийлар авлоди бу жойларда 332 йил давомида ҳукмронлик қилди. Бугун ҳам ҳиндистонликлар бунёдкор шоҳдан миннатдор.
Бобур Шарқда фақатгина мустаҳкам давлатчилик ва муносиб дипломатия мактабини яратмади, балки Хуросон ва Ҳиндистонда беҳисоб кошоналар, мадрасалар, равон йўллар, ирригация иншоотлари каби бунёдкорликни йўлга қўйди. Тарихшунос олим Абдулҳамид Лоҳурийнинг «Подшоҳнома» асарида келтирилишича, Кобулдаги Боғи шаҳроро, Боғи жиловхона, Боғи сурат, Боғи моҳтоб, Боғи оҳухона, Ўртабоғ, Чорбоғи Кобул, Ҳиндистоннинг Аграсидаги Боғи Биҳишт, Хилватхона, Боғи Зарафшон, Оромгоҳ, Секридаги Боғи фотих, Дилпурдаги Боғи Назаргоҳ, Нилуфар, Гвалиёр боғлари бевосита Бобурнинг раҳнамолиги, молиявий таъминоти ва унинг лойиҳаси асосида бунёд этилган.
Мазкур боғларнинг ободонлиги, юксак симметрия асосида бунёд этилиши, Бобур томонидан танланган дарахтлар, гуллар, умуман, ландшафтнинг кишини ҳайратга солувчи эстетик гўзаллиги, айниқса, бу боғларга Бобур Мовароуннаҳрдан келтирган анвойи гуллар, олуболу, найшакар. узум, қовун каби мева ва дарахтларни ўстириб, мевасидан тановул этгани бу ўлкаларда Мовароуннаҳр цивилизациясининг кенг тарқалишига олиб келган.
Буларнинг ҳаммасини умумлаштириб айтадиган бўлсак:
— Заҳириддин Бобур Шарқ цивилизациясини юксалтириб, эл корига ярайдигаи 100 дан ортиқ иншоотларни Хуросон ва Ҳиндистонда бунёд этиб, бу биноларга Мовароуннаҳр архитектураси ва қиёфасини сингдирди, маҳаллий халқ мушкулини осон этишга интилди;
— Бобур томонидан Ҳиндистоннинг вақт бирликлари мувофиқ бирликлар билан алмаштирилди, халққа осон йўли таклиф қилинди;
— Бобур ўз салтанатини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий устунлигини таъминлаш учун тарихда миллий артиллерия асосчиси сифатида ном қозонди;
— Бобур ўша даврда мавжуд ҳарбий атамаларни лашкарлари англашлари мураккаб бўлганлиги боис араб, ҳинд ва бошқа тиллардаги амрфармон атамаларини туркий муродифлари билан ислоҳ этди ва қўшинларида бу ислоҳотни жорий этди;
— Ўша даврда Ҳиндистон, Хуросон ва Мовароуннаҳр оралиғида ўзаро маълумотлар алмашишда, асосан, чопарлар хизматидан фойдаланилган, бу эса хабарларни тез ва аниқ етказишда кўпгина мушкулликларга олиб келарди. Бобур шоҳ ва саркарда сифатида Аградан Мовароуннаҳргача бўлган масофада почта хизматини энг майда деталларигача ишлаб чиқиб, жорий этди;
— Бобур Шарқ каллиграфияси, араб алифбосининг ёзилиши ва ўқилишида мураккабликлар мавжудлиги боис янги алифбо — «Хатти Бобурий»ни ихтиро этди, афсуски, бу янгилик ўша даврда қўллаб-қувватланмади.
Бобурнинг ҳарбий соҳада қилган янгиликлари ва ихтиролари жуда кўп бўлиб, бу алоҳида тадқиқотни талаб этади.
Хуллас, Заҳириддин Муҳаммад Бобур 47 йиллик умри давомида Шарқ тараққиёти, тамаддуни ва цивилизациясини юксалтиришга, Ҳуросон ва Ҳиндистонда Мовароуннаҳр маданияти, архитектураси, урф-одатини ёйиш ва ҳаётга татбиқ этишга катта ҳисса қўшди. Буюк бунёдкор шахсга айланди.
Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,
филология фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ....
01 янв 1970
Бугунги кунда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожланмоқда. Инвесторларнинг Ўзбекистонга қизиқиши кундан-кунга ортиб бормоқда. ...
01 янв 1970
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг ҳар бир региони ва вилоятига ташрифи ва амалий кўрсатмалари ўша жойларда иқтисодий, и...
01 янв 1970
Журналистнинг сўзи холис, адолатли, ёзганлари тахмин ва гумонлардан холи бўлгандагина ҳақ йўлида хизмат қилади. ...