Давр муаммолари жаҳон адиблари нигоҳида

/
Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия соҳасида жиддий муаммолар ҳам юзага келаётгани сир эмас. Уларнинг ечимини топиш, ёш авлод онгини зарарли оқимлар, бузғунчи мафкуралар таъсиридан сақлаш жамият олдида турган бирламчи вазифалардан бўлиб қолди. Бунга бефарқ бўлмаслик, мафкуравий хуружларнинг кимга ва нимага қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш зарур. Негаки, жамият ҳаётида тинчлик-тотувлик бўлмаса, ёшлар тарбияси издан чиқса, миллат охир-оқибат ўзининг энг катта, тенгсиз бойлиги бўлмиш мустақиллиги ва озодлигидан жудо бўлиши мумкин. Тарихда, яқин ўтмишда ҳам бунга мисоллар кўп.
Ҳозирги кунда инсоният бир-бирига мос келмайдиган, бири иккинчисини рад этадиган турли мафкуралар, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар таъсирида қолаётган экан, маънавий тарғибот ишида бу ҳолатни аниқ ҳисобга олиш, адабиёт ва санъатнинг таъсирчан кучидан унумли фойдаланиш талаб этилади.
Бугунги дунё катта бозорга ўхшайди. Иқтисоди бақувват давлатлар ҳам, жаҳон харитасига номи энди-энди ёзилаётган мамлакатлар ҳам ташқи сиёсатда ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда, табиийки, ўз манфаатидан келиб чиқади, бу манфаатлар тез-тез бир-бири билан тўқнаш келиб қолади. Содда қилиб айтганда, ҳар бири ўзим бўлай дейди. Шундан келиб чиқиб, бошқаларга турлича тазйиқ ўтказади. Иқтисодий, ҳарбий тазйиқни сезиш осон, аммо мафкуравий тазйиқ кўринмас офат сифатида халқ, миллат ҳаётига аста-секин кириб келади ва илдиз отади. Иқтисодий тангликни енгиш мумкин, аммо маънавий таназзул оқибатларини тугатиш ўта мураккаб вазифа. Бунинг сабаби, бузғунчи кучлар ўзга бир халқ, миллат маънавиятига қарши кураш бошлар экан, таъсири ғоят самарали воситалардан фойдаланади. Бунда асосий куч ёш авлодни тўғри йўлдан чалғитишга, зеҳнини сусайтиришга қаратилади.
Ер юзида ҳаёт пайдо бўлибдики, инсон зоти ўз турмуш тарзини яхшилашга, кечагидан кўра яхшироқ яшашга, фарзандлари иқболини кўришга интилади. Ҳар бир халқ ижтимоий адолат, фаровонлик йўлини тутар экан, табиийки, шу ният йўлида ҳаракат қилади, шу орзу билан яшайди, ўзи ва фарзандлари келажагига умид кўзи билан қарайди.
Дунёда шундай қудратли мамлакатлар борки, беҳисоб табиий бойликлари ҳисобига туриш-турмушда қийинчилик нима эканини билишмайди. Аммо чинакам роҳат-фароғатга, ижтимоий адолат ва маънавий комилликка биргина бойлик билан эришиб бўлмайди. Ҳаётда инсон қалби, маънавий олами, имон-эътиқоди, инсоф-диёнати деган тушунчалар борки, улар олдида беҳисоб куч-қудрат, бойлик ҳам гоҳо ожиз қолади.
Яқинда Беларусь пойтахти Минск шаҳрида “Ёзувчи ва давр” мавзусида ўтказилган халқаро адабий симпозиумда дунёнинг ўттизга яқин давлатларидан келган шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар бугунги куннинг дунё миқёсидаги муҳим ижтимоий-сиёсий, маданий-ахлоқий муаммолари, хусусан, ер юзида тинчлик-тотувликни сақлаб қолиш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу ёруғ оламга биздан кейин келадиган авлодлар ризқига хиёнат қилмаслик, адабиёт, хусусан, ижтимоий ва публицистиканинг бугунги муҳим мавзулари хусусида сўз юритдилар.
Аслида йиллар, асрлар ортда қолгани сари инсон ҳаёти гўзаллашиб, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, ҳамма ўзининг бугунги ҳаётидан, туриш-турмушидан, орзу-ниятлари рўёбга чиқаётганидан рози бўлиб яшаши зарур. Таассуфки, бунга эришаётган, бундай даражага яқинлашаётган давлатлар билан бирга, орзу орзулигича, ният ниятлигича қолаётган, боз устига, шунчаки тирикчилик, кун кўриш, қозон қайнатиш машаққатли тус олаётган жойлар ҳам бор ва улар оз эмас. Не-не уринишлар ҳисобига “совуқ уруш” ҳолатидан халос бўлган дунё бугун яна..., айтишга тил айланмайди, қуролланиш пойгаси томонга бурилмоқда.
Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир жангларини ўз бошидан кечирган Беларусь заминида ўтказилган машваратда бадиий сўзнинг бугунги ҳолати, таъсир кучи, холис ва ҳаққонийлиги жиддий муҳокама қилинди. Гарчи, ёзувчи ва жамият муносабатларига доир баҳсли, тор қобиқли фикрлар ҳам билдирилган бўлса-да, дунёнинг тўрт қитъасига мансуб мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий ҳолат, адабий жараён ҳақида маълум тасаввурга эга бўлинди. Аммо очиқ айтиш керакки, инсониятнинг энг буюк ихтироларидан бири бўлмиш китобга нисбатан муносабат ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Кўп ерларда у бойлик орттириш воситасига айлантирилган. Китоб орқали тарихни сохталаштириш, ўқувчини чалғитиш, одамлар кўнглига қўрқув солиш, миллатлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаракатлари ҳам мавжуд. Биргина сўнгги жаҳон уруши якунларига доир пешма-пеш чоп этилаётган китобларни олайлик. Чиройли безалган китоблар саҳифаларига нималар ёзилмаган, нималар жойлаштирилмаган дейсиз?! Тарих адолатининг бузилиши, улуғ ғалабага ким қанча ҳисса қўшгани ҳақидаги маълумоларда холислик етишмайди. ўалабанинг 75 йиллиги олдидан нашр этилаётган хотира китобларни ёшлар берилиб ўқишаётгани йўқ. Уларни бошқа енгил-елпи мавзулар қизиқтирмоқда. Бир мамлакатда эмас, бутун дунёда тинчлик-тотувликни сақлаш бирламчи вазифа бўлиб турган пайтда буни тушуниш қийин. “Ўтган йили Ўзбекистонда ғалабанинг 74 йиллиги қандай нишонланганини кўриб, ҳавасим келди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда китобхонлик маданиятини ошириш, Ёзувчилар уюшмасини, ижодкор зиёлиларни, айниқса, катта адабиётга кириб келаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорларини ўқиб беҳад мамнун бўлдим. Буни ўзбекона мурувватнинг янги кўриниши деса бўлади”, дейди Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Иванов.
Анжуман доирасида Минск шаҳри марказидаги “Дружба” китоб магазинида ўзбек адибларининг “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти ва “Машҳур-пресс” нашриётида чоп этилган китоблари бурчаги ташкил этилди. “Дружба” ва “Шарқ зиёкори” китоб дўконлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шоир ва ёзувчилар иштирокидаги тадбирларда беларусь шоирларининг ўзбек тилига ўгирилган шеърлари ўқиб эшиттирилди.
Анжуман якунида Беларусь давлат университетининг филология ва журналистика факультетларида қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳар икки факультет олимлари Ўзбекистонда Алишер Навоий номида Тил ва адабиёт ҳамда журналистика ихтисослиги бўйича янги университетлар очилганидан мамнун эканлигини билдиришди. Ўзаро тажриба алмашиш, илмий-ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифни мамнуният билан қабул қилишди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳудудларни янада обод этиш, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш учун халқ депутатлари Оққўрғ...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...
01 янв 1970
Холиджон Комилов ҳам устоз кўрган, ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган шахс сифатида ардоқланади....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида иқтисодиёт тармоқларида эришган барча ютуқ ва марралари, унинг тизимли суръатлар билан ўсиши, аввало, ...