Зарафшон сувидан жиззахликлар ўам баҳраманд бўлади

/
ХУШХАБАР
Қувончли воқеаларнинг, хушхабарларнинг қаноти бор, дейишади. Бу ҳақ гап! Мана, бир мисол. Юртдошларимиз Орол денгизи ҳудудининг қуриган қисмида чучук сув отилиб чиқаётганини ойнаи жаҳонда кўриб, оммавий ахборот воситаларида ўқиб, худди ўз ҳовлисида, маҳалласида, қишлоғида, шаҳрида булоқ кўз очгандек беҳад қувонишди. Фаввора каби тепага отилаётган зилол сув теварагида ўйинга тушаётган қорақалпоғистонликлар шодлигига шерик бўлишди.
Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф давомида Жиззах вилоятига Зарафшон дарёсидан сув олиб келиш учун магистрал қувур ва насос станцияси қурилишини давом эттириш, 264 километр сув тармоғини барпо этиш ва таъмирлаш бўйича топшириқлар берди. Бу ишлар натижасида Зарбдор, Бахмал, Пахтакор, Мирзачўл, Дўстлик, ўаллаорол, Шароф Рашидов туманлари аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланиши, уларнинг турмуш тарзи, саломатлиги яхшиланиши алоҳида таъкидланди.
Бебаҳо неъмат — ичимлик суви билан боғлиқ бу хушхабар ҳам барчага хурсандчилик бахш этди, қалбларга қувонч улашди десак, муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, сув манбаларининг 80 фоизидан ортиғи қўшни давлатларда шаклланишига қарамасдан, бугунги кунда ичимлик суви таъминотини яхшилаш ва ундан оқилона фойдаланиш мамлакатимизнинг ижтимоий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Чунки аҳоли сони кўпайиб бораётгани, сув ресурслари эса чеклангани туфайли айнан шу масалага алоҳида эътибор берилаётгани ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараcи учун хизмат қилади.
СУВ — ҲАЁТ МАНБАИ
Дунёнинг турли минтақаларида чучук сув масаласида тақчиллик сезилаётгани бугун ҳеч биримизга сир эмас. Гарчи Ер юзининг 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг атиги 2,5 фоиздан зиёди истеъмолга яроқли ҳисобланади. Аҳоли жон бошига нисбатан ичимлик суви охирги 150 йил мобайнида 4 мартага камайиб кетгани, айни пайтда ҳар олти кишидан бири чучук сувга муҳтожликда яшаётгани ҳам бизни оби ҳаётга оқилона муносабатда бўлишга ундайди.
Маълумки, ичимлик суви танқислиги катта иқтисодий қийинчиликлар билан бирга аҳоли саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, бир қатор ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради. Сувнинг ифлосланиши туфайли турли касалликлар — ошқозон-ичак, буйрак, жигар, қонда турли аллергик хасталиклар пайдо бўлади. Ифлосланган сув орқали зарарли гельмитлар инсон организмига ўтади. Ич терлама, дизентерия, гепатит ва бошқа касалликлар кўпаяди. Сувда кимёвий элементлар, бирикмаларнинг меъёрдан ортиқ бўлиши уларнинг аста-секин тўпланиб боришига шароит яратади, натижада айрим касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Сувнинг инсон ҳаётидаги беқиёс аҳамиятини қуйидагиларда ҳам кўриш мумкин: сув киши танасида туну кун содир бўладиган барча ҳаётий жараёнларда – оксидланиш-қайтарилиш реакцияларида, моддалар алмашинувида фаол иштирок этади. Мия ҳужайраларидан тортиб, вужудимиздаги барча аъзолар сув билан ҳаёт.
Ривоят қилишларича, бир бадавлат кишидан сўрашибди:
— Саҳрода келаётганда егулик тугаб, оч қолсангиз, шунда сизга кимдир дуч келиб, нон берса, унга нима берган бўлардингиз?
— Бойлигимнинг ярмини.
— Саҳрода ичишга сувингиз қолмаган бўлса, учраган одам сизга ташналикни қондириш учун сув берса, бунинг эвазига нима ҳадя қилардингиз?
— Бойлигимнинг барини берардим.
Мана, шу ривоятдан ҳам сув бебаҳо неъмат эканини англаш қийин эмас. Мухтасар айтганда, инсон ҳаётининг, тириклигининг асосини сув ташкил этади.
УЗОҚ ВА ЯҚИН ЎТМИШГА НАЗАР
Жиззах воҳасини ичимлик, умуман, сув билан таъминлаш бундан 500 йиллар аввал Туятортар каналини қазиш орқали амалга оширилган. Ўша кезларда ҳам сув етиб борган жой обод бўлишини, деҳқончилик маданияти ривожланишини, аҳоли чўл ҳудудларига чиқиб, янги ерлар ўзлаштиришини ва одамлар ўзини-ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашини, муҳими, Жиззах воҳасида меҳнаткаш халқ, унумдор ерлар борлигини билишган экан. Каналга Туятортар номи берилиши ҳақида тарихий манбаларда “Агар жиззахликлар ўз туялари билан бу ерга келмаганларида, канални қазиш ишлари битмасди”, деб ёзилган. Сабаби, улар катта-катта мешларга тупроқни солиб, каналнинг қирқ метр тубидан тепага туяларда тортиб чиқаришган. Шу боис каналга Туятортар номи қўйилган.
Мамлакатимиз марказида жойлашган Жиззах бир томондан Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани чегараларидан бошланиб, жанубий-ғарбий тарафда Нурота ва Туркистон тизма тоғлари, шимолда Арнасой, Айдаркўл оралиғини қамраб олган ҳолда Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани сарҳадларига қадар бўлган заминда ястаниб ётади. Вилоят ҳудуди икки томони тоғлар билан ўралган, ўртаси текисликдан иборат. Жиззах шаҳри кичик тоғ ён бағрида ва унга туташ текисликда жойлашган. Одатда, бундай жойларда барпо қилинган шаҳарлар ниҳоятда обод ва кўркам бўлади. Паст-баландлик ва текисликлар бағрида шаҳар ўзига хос гўзаллик касб этади.
Вилоят харитасига эътибор қаратсак, Пахтакор, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Зарбдор туманлари Мирзачўл ва Жиззах чўллари ҳудудида жойлашган. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб ерлар ўзлаштирилган, аҳоли яшайдиган масканлар барпо этилган. Тоғли туманлардан одамлар кўчиб келиб, шу жойда униб-ўсиб, томир ёйган. Бугунги кунда ўша чўл зоналари ўзлаштирилган ҳудудлар ҳисобланади.
Чўлни ўзлаштириш жараёнида Пахтакор, Зафаробод, Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Зарбдор туманларидаги аҳоли масканларида ичимлик суви таъминоти бўйича ишлар аниқ ҳисоб-китоб, режа асосида олиб борилган. Ҳар бир пунктда 18-20 километрлаб тармоқлар тортилган. Бундан ташқари, ҳар бир хўжаликда 1000 кубометр сув сиғадиган ҳовузлар қазилган ва аҳоли сув билан таъминлаб турилган.
Йиллар ўтиши билан улар издан чиқди, эскирди, аҳоли ҳам кўпайиб бораверди. Бунинг натижасида сув таъминотида муаммо пайдо бўла бошлади. Эски тармоқлар орқали сув узатиш мумкин бўлмай қолди. Чунки улар фойдаланиш муддатини ўтаб бўлди.
Дастлаб қишлоқлар ёки хўжаликларда қурилган сув тармоқлари 2-3 минг аҳолига мўлжалланган. Бугунги кунда бу ҳудудларда энг камида 10 минг одам яшаяпти. Устига-устак, у пайтда манба бор-йўғи битта, яъни ҳозирги Шароф Рашидов туманида жойлашган “Сангзор қишлоқ сув таъминоти” ер ости сув ҳавзаси бўлган. Бу иншоотда 17 та қудуқ бор. Улар кунига 20 минг кубометр сув бериши керак. Лекин ер остидаги сувни ҳадеб сўриб олавериш ҳам яхши натижа бермайди. Бугунги кунда 12-14 минг кубометр сув олиниб, аҳолига етказиб берилаяпти. Албатта, Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик ва Мирзачўл туманларида ҳам ер ости сув манбалари йўқ эмас, лекин улар эҳтиёжни таъминлаш учун етарли эмас.
Фориш, Бахмал, ўаллаорол, Зомин каби тоғли туманларда эса одамлар асрлар давомида ўтроқ ҳаёт кечирган ва улар вилоятнинг туб аҳолиси ҳисобланади. Бу ҳудудларда ичимлик суви сифатида асосан булоқлар ва оқар сувлардан фойдаланиб келинган. Чунончи, қишлоқларда ва маҳаллаларда катта ҳовузлар бўлган. Анҳор ва ариқлардан оқиб келадиган сув шу ҳовузларда тиндирилган ва истеъмол қилинган. Бу ҳудудларда ҳам аҳоли кўпайганидан кейин ичимлик суви таъминотида муаммо пайдо бўла бошлади. Иқлим ўзгариши, ёғингарчиликларнинг кам бўлиши натижасида булоқларда сув камайиши, ҳатто қуриб қолиш ҳолатлари кузатилаяпти.
Хусусан, ўтган йили Жиззах вилоятида қурғоқчилик қаттиқ бўлди. Биргина Фориш тумани мисолида айтадиган бўлсак, одамлар сувдан жуда қийналди, баъзи маҳалла ва кўчаларга 15 кунда бир марта сув берилган. Булоқлардан сув чиқмай қолди. Артезиан қудуқларнинг ҳам суви камайиб кетди. Одамлар транспорт, от ва эшак аравада олис масофадан сув ташишга мажбур бўлишди.
МУАММО ҚАНДАЙ ЕЧИМИНИ ТОПАДИ?
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Обод қишлоқ” дастури биринчилардан бўлиб, Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида амалга оширилди ва ушбу масканнинг қиёфаси бутунлай ўзгарди. Бу хайрли ишлар давом эттирилиб, Мирзачўл туманидаги Гагарин шаҳри кўркам шаҳарга айлантирилди.
— Жиззах вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таьминлаш мақсадида “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурларига асосан 2018 йилда 380 километрга яқин ичимлик сув тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Натижада 86 та қишлоқ ва маҳаллалардаги 450 мингга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди, — дейди Жиззах вилояти “Сувоқова” ДУК мутахассиси Парда Шукуров. — Жорий йилда бу борада Фориш туманида ҳам катта иш амалга оширилаяпти. 17 километр пастда Катта Узунқудуқ сув ҳавзаси бор ва ер ости сув захираси мавжуд. Ана шу иншоот янгиланиб, Фориш тумани марказига сув олиб келинади. Бунинг учун сув 165 метр юқорига кўтарилади. Қурилиш ишлари Мустақиллик байрами арафасида якунланиши кўзда тутилган.
Президентимизнинг “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини бажариш юзасидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда Зарафшон дарёси ҳисобига Жиззах вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳасига тўхталиб ўтсак. Ушбу лойиҳани кўплаб хорижий молия институтлари, жумладан, Хитойнинг “Эксимбанк”и, Осиё тараққиёт банки, Саудия Арабистони банклари, Европа банклари ўрганиб чиқишди. Лекин бирортаси пул беришни истамади. Ўтган йили Манас қишлоғида бўлиб ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари “Бу лойиҳани амалга оширишга хорижий инвестиция шарт эмас, ўз маблағимиз ҳисобига қурамиз”, деди. Мана, бугун лойиҳани рўёбга чиқариш бошлаб юборилганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Мазкур лойиҳани нафақат сув таъминоти, балки соғломлаштириш дастури деса ҳам муболаға бўлмайди. Негаки, “Сангзор қишлоқ сув таъминоти” ҳавзасидан берилаётган сувнинг сифатини давлат стандарти бўйича оладиган бўлсак, унинг қаттиқлиги 10-11 миллиграмм эквивалентга тенг. Яъни, сувни истеъмол қилишнинг энг охирги чегарасида турибди. Бу нима дегани? Сувнинг қаттиқлиги 3 миллиграммгача бўлса, бу юмшоқ сув дейилади. Агар 3 дан 7 миллиграммгача бўлса, ўртача қаттиқликдаги сув. Агар 7 дан 11 миллиграммгача бўлса, қаттиқ сув ҳисобланади. Унинг таркибида кальций, магний каби оғир минераллар мавжуд бўлади. Бундай сувни одам истеъмол қилса, оғир минераллар ички органларда, жумладан, пешоб йўлларида, буйрак ва ўтида тош ҳосил қилиши мумкин. Умуман олганда, турли касалликлар айнан сифатсиз сувни истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади.
Лойиҳа бўйича бир кунда Зарафшон дарёсидан 100 минг кубометр сув олиниши кўзда тутилган. Бунинг учун насос станцияси қурилаяпти ва сув 102 метр юқорига кўтарилади. Айни пайтда, Зарафшон дарёсидан то Узунқудуқ қишлоғигача бўлган 17 километр масофада сув кўтариш иншооти барпо этилаяпти. 60 гектар жойда сув тозалайдиган ҳовуз бўлади. Сув тиндирилиб, қум-шағал ва бошқа қўшилмалар фильтрдан ўтказилиб, шаффоф, кристалл ҳолда ичимлик суви тайёрланади. Бу сув катта қувурлар орқали Жиззах томон йўналтирилади. Биринчи босқичда сув Бахмал туманига етказилади, Ўсмат ва Оқтош шаҳарчаси, шу атрофдаги қишлоқлар ҳам тоза оби ҳаётдан баҳраманд бўлади. Кейинги босқичда ичимлик суви ўаллаорол шаҳрига келади. Тошкент — Термиз марказий йўлининг ёқасида сув иншооти қурилади. Бу иншоот кунига Жиззах шаҳрига 40 минг кубометр сув етказиб беради. Яна сув йўналиши давом этиб, Шароф Рашидов туманининг маркази Учтепа шаҳарчасига боради. Шу йўсинда Пахтакор, Дўстлик, Гагарин шаҳарлари ҳам тоза ичимлик суви билан таъминланади. Лойиҳанинг умумий узунлиги қўшимча тармоқлар билан 203 километрдан иборат бўлиши белгиланган.
Бугунги кунда мазкур тармоқларнинг қурилиш ишларини “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг қурилиш компаниялари изчиллик билан давом эттирмоқда. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида Жиззах шаҳри ва туманларида 66 та аҳоли пункти сув билан тўла таъминланади, барча сув тармоқлари ва иншоотлари реконструкция қилинади.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Тилимизда “харидоргир”, “биринчи тоифали” ёки “арзон автомобиль давлат рақамлари” сингари сўз ва сўз бирикмалар...
01 янв 1970
Мамлакатимиз ҳудудларида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши учун мингдан ортиқ оромгоҳ фаолият кўрсатиб келмоқда....
01 янв 1970
Судларнинг фуқароларимизни “отангга бор, онангга бор” қабилида овора қилиш ҳолатлари етарлича топилади....