Фидойи олимга эҳтиром

/
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган адабий-бадиий анжуманлар, хотира кечалари бўлиб ўтмоқда. Ана шундай анжуманлардан бири пойтахтимиздаги Ўзбек Миллий академик драма театрида ҳам бўлиб ўтди. Унда олимнинг оила аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари намояндалари, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Анжуман қатнашчилари дастлаб пойтахтимиздаги Чиғатой қабристонида бўлиб, Озод Шарафиддинов қабрини зиёрат қилиб, хотирасини ёд этди. Шаҳар марказидаги Адиблар хиёбонидаги олим ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Шунингдек, улуғ олим яшаган уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилишида қатнашдилар.
Олим таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан нафақат ижодкор хотираси эъзозланмоқда, балки унинг авлодларга қолдирган меросига ҳам эҳтиром кўрсатилмоқда. Яқинда Озод Шарафиддиновнинг “Танланган асарлари” нашрдан чиқарилди. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм суратга олинди. Шунингдек, олимнинг замондошлари ва шогирдлари хотиралардан иборат “Ижод ва шижоат”, деб номланган мақолалар тўплами нашрга тайёрланмоқда.
Хотира кечасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, таниқли таржимон Иброҳим ўафуров олим ҳаёти, ижоди, адабиётда қолдирган мероси хусусида сўз юритди. Улар чиқишларида Озод Шарафиддинов ўзининг ҳаққоний сўзи, ирода ва матонати билан ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ҳаммага ибрат бўлгани, “Истеъдод — халқ мулки” деган улуғ мақсадга асосланиб, бадиий ижод оламидаги янги иқтидор эгаларини кашф этишга интилгани, яхши асарлар яратилганидан қувониб яшагани, бадиий юксак китобларнинг китобхонлар кўнгил мулкига айланишига бор куч ва салоҳиятини сафарбар этганлигини алоҳида эътироф этдилар.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, Озод Шарафиддинов нафақат мунаққид, адабиётшунос олим сифатида, балки етук таржимон, ижодкор, муҳаррир ва миллий адабиётимиз тарғиботчиси сифатида ҳам фаол меҳнат қилди. Фидойи инсон халқимизнинг чинакам қаҳрамонига айланди. Ундан мерос қолган “Замон. Қалб. Поэзия”, “Адабий этюдлар”, “Довондаги ўйлар”, “Биринчи мўъжиза”, “Адабиёт — ҳаёт дарслиги”, “Ижодни англаш бахти”, “Чўлпонни англаш” каби китоблари халқимиз қалбидан жой олди. Шу боис ҳам анжуман фидойи олимга эҳтиром ифодасига айланди.
Хотира кечасида Озод Шарафиддинов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳамда санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.
Нодира РОМАНОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг норасмий маълумотларига кўра, Ер юзида яшаётган аҳолининг 93 фоизга яқини турли касалликлар билан хасталанган....
01 янв 1970
Инсон азиз ва мукаррам бўлган бу жаннатмонанд юртда аждодлар хотираси ҳам муқаддасдир....
01 янв 1970
Шу йил 13 июнда мамлакатимиз Президентининг “2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қи...
01 янв 1970
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида Россия Федерал давлат автоном олий таълим муассасаси Миллий технологик тадқиқотлар университети – МИСиС филиа...