Болажон элимиз меҳри ёш авлод камолотида намоён

/
Мамлакатимизда сўнгги икки ярим йил давомида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Боғчаларда таълим-тарбия жараёни, болаларни овқатлантиришдан тортиб, МТМларда иш олиб бораётган ходимлар малакасини ошириш ва меҳнатини рағбатлантириш каби масалаларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу соҳага юксак эътибор ва ғамхўрликлар натижаси Тошлоқ туманидаги 15-давлат махсус мактабгача таълим муассасаси ҳаётида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Муассасамиз асосан нутқи ҳамда таянч ҳаракат аъзолари ва суяк-мушак тизимида нуқсони бор болаларга ихтисослаштирилган. Айни пайтда 8 нафар гуруҳда (6 нафар логопед, 2 нафар ортопед гуруҳлари) 135 нафар болажонлар таълим-тарбия олишмоқда. Тунги гуруҳимиз ҳам мавжуд, мазкур гуруҳга ҳамшира, тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячи хизмат кўрсатади.
Боғчамизга болалар Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хулосаси асосида қабул қилинади. Уларнинг соғлигини ортопед ва педиатр шифокорлар ҳамда 6 нафар ҳамшира доимий назорат қилиб боради. Бизда машғулотлар билан бирга, “Инглиз тили” ва “Рус тили” сабоқлари махсус дастур асосида ўргатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кичкинтойларнинг овқатланиши, яъни озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, тайёрланиши ва сифати тегишли комиссия томонидан мунтазам равишда назорат қилиб борилади. Айни пайтда туманимиздаги “Тошлоқ Баракот” МЧЖ ва “Камраҳ” фермер хўжалиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, баҳор ва куз ойларида болажонлар шифобахш гиёҳлардан тайёрланган дамламалардан баҳраманд бўладилар. Натижада ташхисга қараб тарбияланувчилар қайта тиббий кўрикдан ўтказилади. Соғлом деб топилган болалар эса умумий типдаги муассасага ўтказилади. Муассасамизда таълим-тарбия ва соғломлаштириш ишлари намунали йўлга қўйилгани боис қўшни Қўштепа, Қува, Ёзёвон туманларидан ҳам болажонлар келишади.
2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида боғчамизга 250 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Пировардида, эшик-ромлар, сантехника анжомлари янгиланди. Боғча ҳовлиси асфальтланиб, бинонинг фасад қисми таъмирланди. Ҳозир эса айвончалар ва бассейнни ёзги мавсумга тайёрлаяпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 майдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, болаларнинг сифатли мактабгача таълим қамровини ошириш, ундан тенг фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, мазкур соҳада давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш, соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга мутлақо янги ёндашувларни жорий этиш, боғчаларда болаларнинг соғлом ва баланслаштирилган овқатланишини, сифатли тиббий парваришини таъминлаш каби яна бир қатор вазифалар акс этган.
Маълумки, Мактабгача таълим вазирлигининг 2018 йил 7 июлдаги 4-сонли ҳайъат қарори билан “Илк қадам” мактабгача таълим муассасасининг давлат ўқув дастури тасдиқланган. “Илк қадам” дастури ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг бир қатор эксперт ва маслаҳатчилари, Жанубий Кореянинг Пучон университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирликнинг тажрибали мутахассислари ҳамкорлигида ишлаб чиқилгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, ушбу ҳужжатда мактабгача таълим муассасасининг мақсад ва вазифалари, ўқув-тарбиявий фаолиятнинг асосий ғоялари ифодаланган, шунингдек, боланинг таълимнинг кейинги босқичига ўтишидаги асосий компетенциялари белгиланган. Ҳар бир мактабгача таълим муассасаси мазкур давлат ўқув дастури асосида ўзининг ишчи ўқув дастурини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга. Бундай дастур муассаса педагоглари томонидан ота-оналарни жалб этган ҳолда тузилади ва амалдаги қонунчилик тартибида тасдиқланади.
Барча мактабгача таълим муассасалари қатори боғчамизда ҳам таълим-тарбия жараёни мазкур дастур асосида олиб борилмоқда.
Камолат ТУРСУНОВА,
Тошлоқ туманидаги 15-давлат махсус мактабгача таълим муассасаси мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....
01 янв 1970
Инсониятнинг бугуни ва келажагига хавф туғдираётган трансмиллий жиноятчилик турларидан бири — наркотик моддалар савдоси ҳисобланади....
01 янв 1970
Бу йил ҳаётимизнинг Бош қомуси, ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлади.&n...
01 янв 1970
“Туркистон” санъат саройида “Оташ каби ёниб, ўзгалар йўлини ёрит” шиори остидаги тантанали маросим бўлиб ўтди....