Нажот — тўғри сўзлик ва ҳақиқатда

/
Инсонлар азалдан ёлғон ишлатади. Бу баъзан шароит тақозоси бўлса, айрим ҳолларда тарбия натижаси ҳисобланади. Вайронкор ғоялар вакиллари муайян инсонлар ёки бутун миллатда ёлғон сўзлаш ҳиссини пайдо қилишдан манфаатдор. Шўро сиёсатининг бир кўриниши сифатида илгари сурилган ёлғонга мажбурлов бунга мисол бўла олади. Унга кўра, болалар ёшлигидан ёлғонга ўрганиши учун уларнинг ота-онасига таъсир кўрсатиш кифоя. Шунда катталарнинг ўзи болаларини ёлғонга ўргатади.
Масалан, мактабнинг кичик ёшли ўқувчиларидан отасининг диний эътиқоди ҳақида сўралади. Бундан хабардор ота боласини ёлғон маълумот тақдим этишга мажбур қилади. Бу секинлик билан одатга айланади. Вояга етганида эса ёлғон боланинг “ҳимоя қалқони”га айланиб, энди бу ишни беихтиёр, онгсиз равишда зарур ё нозарур ўринларда бажараверади — ёлғончилик унинг қонига сингади. Катталар ўз хатти-ҳаракатларига четдан назар солсалар, бунга ўзлари ҳам амин бўлишлари мумкин.
Айтиш керакки, ёлғон маълумот тарқатиш, ёлғонга ундаш ёки мажбурлаш, ёлғон гувоҳлик кўринишларида намоён бўлади. Ёлғон маълумот ижтимоий тармоқлар сабаб бугун ўта хатарли бўлиб қолмоқда. Унинг натижасида оилалар пароканда бўлиши, миллатлараро низолар, динлараро адоват вужудга келиши мумкин. Маълумки, кўпчилик инсонлар эътиқоди поймол бўлиши, ҳақорат қилинишига чидай олмайди – жунбушга келади. Шунга кўра ёлғон уларнинг шу нозик томонига қаратилар экан, душманлар мақсадига эришиши тайин. Мазкур ҳолат дунёнинг кўплаб давлатлари мисолида тасдиғини кўрсатмоқда.
Мутахассислар “улкан ёлғон” теорияси ҳақида фикр юритганда ёлғоннинг кучини тушунтирадилар. Англиялик лорд Моуг Ҳэм ўзининг антифашистик рисоласида “Улкан ёлғонда одатда ҳақиқатга ўхшаб кетадиган нималардир бўлади. Халқ назарида майда-чуйда ёлғон учун эмас, улкан ёлғон учун қурбон бўлишга мойиллик бўлади. Чунки кўпчилик майда-чуйда ёлғонларни гапириб, эшитиб, кўриб, ўрганиб қолган. Бундан ташқари, катта ёлғонни анча-мунча киши айтишга ийманади. Оппоқ нарсани қоп-қора қилиб кўрсатишнинг иложи йўқ, деб ўйлашади. Агар уларга фактлар орқали улкан ёлғонни фош қилишга ҳаракат қилсангиз, ўшанда уларнинг иккиланиб, ҳатто улкан ёлғонни ёқловчи қандайдир асослар қидиришга тушишини кўрасиз. Улкан ёлғондан, ҳатто у тўла фош бўлганидан кейин ҳам нимадир қолади. Буни ер юзидаги барча ёлғончилар ва ёлғонни тўқувчилар яхши билишади,” — деган эди. Профессор М.Қуронов бу фикрни тасдиқлаш учун Гитлернинг 1933 йил 12 февраль куни Берлин спорт саройида айтган: “Биз ёлғон сўзлашни истамаймиз. Биз фирибгарликни истамаймиз. Мана шу бизнинг биринчи дастурий қоидамиздир!” деган улкан ёлғонини келтиради.
Демак, ундан “нимадир қолади” ва қоладигани, албатта, шубҳа ва гумон, парокандалик, низолар, ҳатто тўкилган қонлардан иборат бўлиши мумкин.
Фашизмнинг бош мафкурачиси Ж.Геббельс айтган ушбу сўзлар ҳам бир қарашда беозор кўринса-да, аслида, дунё “дастурхонига” чанг солишни англатар эди: “Бу уруш тожу тахт учун эмас. Бу уруш дон, нон учун. Нонушта, тушлик ва кечки овқатда столимизнинг тўлиб-тошиб туриши учун. Хомашё, каучук, темир ва рудалар учун қилинаётган урушдир”. Геббельс мазкур баёноти билан дунёдаги жами бойликларга эгалик қилиш мақсадини ошкор қилган ва буни ўз халқи учун “немис дастурхони” остига бекитиб кўрсатган эди.
Улкан ёлғон ҳозирги давримизда содир бўлган воқеликлар — Яқин Шарқ мамлакатлари мисолида кўрилса, жаннат, шаҳидлик мақоми ваъдаси қанчадан-қанча ёш жонларга зомин бўлганлиги намоён бўлади.
Аслида, диннинг бу масалага ёндашуви қандай?
Дунё динларининг барчасида маънавият ўз ўрни ва мақомига эга. Улар — тарбия воситаси, идеал. Айниқса, исломда бу ҳолат яққол намоён бўлади.
Пайғамбаримиздан ривоят қилинган “...мўмин ёлғон сўзламайди” мазмунида келган ҳадислар мавжуд. Гуноҳ содир қилган одам тўғрисўзлиги, ёлғон гапира олмаслиги, имони тақозоси билан айбига иқрор бўлади ва тайин жазога ўз ихтиёри билан боради. Бунга тарихдан мисоллар бисёр. Халқимиз бу ҳолатни жўнгина қилиб: “Айбини тан олиш — марднинг иши”, дейди. Демак, мардликнинг бир маъноси ёлғондан ҳазар қилишдир.
Бошқа бир ҳадис “Кимки ёлғон сўзласа, Биздан эмас” мазмунида келтирилади. Унга кўра ёлғон ёки тўғрисўзлик имон масаласига боғлиқ бўладики, инсон каззоблик қилганида — ёлғон сўзлаганида имондан айрилиб қолиш эҳтимоли юзага келади.
Аммо ижтимоий ҳаётимизда арзимас мақсадларни амалга оширишда ҳам ёлғондан кенг фойдаланилаётгани учрамоқда. Масалан, мол савдосида касаллигини яшириш, ранг-тусини ўзгартириш, озиқ-овқат савдосида тарозидан уриш, метрдан уриш, яна ҳам ажиб ҳол – умр савдосида куёв бўлмишни йўқ фазилатлари билан мақташ, аслида бўлмаган давлатини баён қилиш, нуқсону айблари, касаллигини атай яшириш ёки бўлмаса, келинни ҳар қандай айбдан пок “фаришта” тимсолида тасвирлаш... учрамоқда. Аммо бу хатти-ҳаракатларнинг натижадорлиги вақтинча — ҳеч замон ўтмасдан аччиқ жавоби қайтади. Аксар ҳолларда буни биламиз, англаймиз, бироқ “менга бунинг дахли йўқ”, “мени четлаб ўтади, чунки мен эҳтиёткорман” қабилида иш тутамиз.
Ёлғонларни яхши ва ёмонга ажратиш тўғри эмас. Чунки унинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам муайян салбий оқибатни намоён қилиши шубҳасиз. Айниқса, умр савдосидаги ғирромлик. Совчиликнинг қатъий амал қилиниши шарт бўлган одоблари бор. Манбаларда бежизга қуда бўлмиш икки тарафнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маданий, эътиқодий жиҳатлари аниқ белгилаб берилмаган. Шу шартлар ҳосил бўлгандагина қурилажак оила тинчлиги, бахти таъминланади. Шундай экан, совчи, авваламбор, маданиятли, оилапарвар кишилардан танлансин. Иккинчидан, тўғрисўз бўлсин. Зинҳор ёлғон сўзламасин. Учинчидан, адолатни ҳимоя қилсин. Нияти холис бўлсин. Чунки оила пойдевори ҳақиқатнинг устига қурилиши муҳим. Тўртинчидан, совчи мунофиқлик қилмасин.
Мўътабар манбаларнинг гувоҳлик беришича, мунофиқнинг учта белгиси бор: омонатга хиёнат қилади, сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса, бажармайди. Совчиларга икки ҳаёт, икки тақдир омонат топширилмоқда. Уларнинг қай даражада тўкис бўлиши қабул қилинадиган қарорга боғлиқ.
Имом Аҳмаддан ривоят қилинган бир ҳадисда “омонатга хиёнат қилувчи кишининг имони йўқ. Ваъдасини бажармайдиган кишининг дини йўқ” экани таъкидланган. Зеро, “бошга қилич келганда ҳам ҳақни сўзлаш” буюрилган бир пайтда бу тоифа ихтиёрий, ташқи босимсиз, мақсадли равишда ёлғон сўзлашни танламоқда.
Инсоният ҳамиша ҳар томонлама тўкис, бахтли жамиятни орзу қилади. Унга эришиш эса адолат ва ҳақиқат воситасидагина амалга ошади. Ҳазрат Амир Темур ўз пири Зайнуддин Абу Бакр Тойбодийдан қабул қилиб, умри давомида амал қилган ақида — “рости — русти”, яъни “ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан” ҳикмати нақадар ҳаётий экани даврлар оша исботини топмоқда. Ҳақиқатан ҳам, чин НАЖОТ тўғрисўзликда. Уни фарзандлар онгига болаликдан сингдириш эса мураббийлар, демакки, ҳар бир ёши улуғ инсоннинг бурчидир.
Иргаш ДАМИНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Газеталарда танқидий мақолаларнинг ёритилиши ва уларнинг ҳаётда қандай аҳамият касб этаётганлиги билан боғлиқ. ...
01 янв 1970
Уйдан чиқаётиб, маҳалладош отахонга кўзим тушди. Ёнида кенжа ўғли. Ҳали ўттизга кирмаган-у, соқол қўйиб олган. Хуллас, отасида соқол йўғ-у, боласи ...
01 янв 1970
Бугунги кунда компьютерлар бизнинг яқин кўмакчимиз, асосий иш қуролимизга айланиб улгурди. ...
01 янв 1970
Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи, дилларга руҳ бағишлайдиган қувончи, миллатни, халқни улуғлайдиган қудрати бўлади. ...