Ҳар байрамда шу бўлар такрор...

/
Арафа кунлари, Янги йил, 8 март ёки Наврўз айёми бўладими, қавму қариндош, ака-ука, опа-сингил, дўст-биродарларимизни йўқлаб, шодлигига шодлик қўшишни истаймиз. Негаки, таниш-билишлар у ёқда турсин, ҳатто туғишганлар ҳам тез-тез дийдор кўришиб, бир-бирининг ҳол-аҳволидан бохабар бўлиб турмаса, бу ўзаро меҳр ришталари дарз кетишига олиб келар экан.
Ҳозирги техника-технология ривожланган тезкор замонда уяли алоқа воситаси инсон учун яқин кўмакчига айланиб улгурди. Узоқдаги қариндошларимиз билан қўнғироқлашиб турамиз. Ранг-рўйини кўрмасак-да, овозини эшитиб, соғлиғи, ишлари жойидалигидан хурсанд бўламиз. Бирон-бир байрам яқинлашса, албатта, телефонни қўлга олиб, уларни бирма-бир табриклашга, эзгу тилаклар билдиришга ҳам одатланиб қолдик. Шу билан худди бурчимизни бажаргандек бўламиз. Аммо... Телефон орқали мулоқот дийдорлашув ўрнини босади, деб айтолмаймиз. Дўстлик, қариндошлик ришталари юзма-юз кўришиб туришни тақозо этади. Ишимиз кўплиги, вақтимиз йўқлиги, яна қанча-қанча баҳона-ю сабабни рўкач қилмайлик, булардан биронтаси ҳисобга ўтмайди.
Психолог олимларнинг фикрига кўра, маълум бир геомагнит майдонида туғилган чақалоқ ўша ердаги табиий шарт-шароитларга мослашиб улғаяр ва уларга бир умр боғланиб қолар экан. Бу дегани ўша ердаги замин, сув, қуёш нурлари (албатта, одамлар ҳам) уни ҳамиша ўзига тортаверади. Шу боис инсон қаерда умргузаронлик қилаётган бўлмасин, киндик қони тўкилган жойга доим талпиниб яшайди.
Буни Тошкентда ўқиётган талаба қишлоқдошларимнинг соғинчга йўғрилган гап-сўзлари, ҳаракатлари мисолида ҳам ҳис этаман. Улар турли байрамлар арафасида шаҳарлараро йўлкира нархи кўтарилиб қолишидан ташвишга тушишади. Чунки ота-оналари, яқинлари бағрига, беғубор болалик дамлари ўтган қадрдон масканга бориш истагида бўладилар.
Бу туйғу ҳаммамизга ҳам бегона эмас. Шу боис хотирамда талабалик даврим билан боғлиқ воқеа қайта жонланади. Қайсидир байрам олдидан тўрт-беш курсдош йигитлар автобусда бирга кетмоқчи бўлдик. Автобекатда йўловчилар, жумладан, биз сингари ота-онаси, яқинлари ёнига ошиқаётган талабалар кўп, транспорт воситалари эса бармоқ билан санарли эди. Касса ёнида туриш ҳам бефойда, чипталар олдиндан сотиб бўлинган. Олти ойда уйга бир боришимизни айтиб, ҳар қанча элансак-да, автобус ҳайдовчилари ҳатто тик оёқда туриб кетишимизга кўнишмади.
Жанубий вокзалга қараб чопдик. Бу ердаги манзара ҳам ҳафсаламизни пир қилди. Манзилига етиб олиш истагида бўлган йўловчи ҳар қадамда учрайди, чипта деганлари эса анқонинг уруғи, икки-уч баробар баланд нархга ҳам топилмайди. Хайрият, кечаси Тошкентдан Самарқандга қатнайдиган поездга сур-сур қилиб, “проводник”нинг қўлига пул тутқазганча зўрға чиқиб олдик. Ичкарига қадам қўйишимиз билан... сизга ёлғон, бизга чин: йўловчи ташийдиган бутун бошли вагонда ўриндиқ умуман кўринмади.
Устига-устак поезд ўрнидан қўзғалиши билан электр чироғи ўчирилди. Ҳаракат тезлашгани сайин кучли шамол эса бошлади. Чунки дераза ойналари синган экан. Аччиқ совуқ суяк-суякдан ўтиб, тишни-тишга қўйишдан ўзга чорамиз йўқ эди...
Таққослаганда кўп нарса аён бўлади. Бугун “Afrosiyob” тезюрар поезди Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари орасидаги масофани 2 соату 10 дақиқа ичида босиб ўтаяпти. “Аfrosiyob”да йўловчилар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган. Ўриндиқлар юмшоқ ва қулай. Видео ва аудиоролик томоша қилиш учун аудиовидеомодуль ҳамда мониторлар, ҳар бир ўриндиқ стол лампалари билан жиҳозланган.
Республикамизда йўловчиларни ташиш умумий ҳажмида энг катта улуш автомобиль транспортига тўғри келишини назарда тутсак ҳам бир пайтлар бўлгани каби соатлаб автобус кутишга, тошбақадек имиллаб юрадиган транспорт воситаларига эндиликда ўрин қолмади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, йўналишсиз таксилар томонидан йўловчиларни ташиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифати ва хавфсизлигини ошириш борасида Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
Ноқонуний киракашлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларга нисбатан эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорида маъмурий жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.
Шунга қарамасдан, ҳар гал байрам арафасида шаҳарлараро қатновчи, айниқса, республикамизнинг турли ҳудудларидан Тошкент шаҳрига келиб-кетувчи киракаш машиналар йўлкира нархи икки-уч баробаргача кўтарилиб кетиши одатий кўриниш касб этиб бормоқда. Бундан эса узоқдаги қавму қариндошини байрам муносабати билан йўқлашни ният қилган йўловчилар, ота-онаси ёнига қайтаётган талабалар азият чекишини англаш қийин эмас.
Албатта, ушбу ҳолатни орқаворатдан эшитгандан кўра, кўз билан кўрган маъқул. Шу мақсадда Наврўз байрами арафасида “Олмазор” метро бекати яқинида жойлашган асосий бекат вазифасини ўтовчи автотураргоҳга бориб, йўловчилар ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашдик, йўлкира нархларини суриштирдик.
Маълумки, йўналишсиз такси сифатида фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси тепасига ўрнатилган тўқ сариқ рангли фонарга «TAXI» таниш белгиси ўрнатилиши, шахмат тартибида жойлаштирилган қора квадратлардан иборат бўлган композиция ва машинанинг олдинги эшикларида «Т» ҳарфлари, шу билан бирга, такси корхонаси (юридик шахс)нинг номи, йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги давлат рақами белгиси бўлиши керак, йўналишсиз таксилар фақат Тошкент шаҳри учун «фил суяги» рангида, бошқа барча вилоятларда сариқ рангга бўялиши лозим.
Автотураргоҳда турнақатор саф тортиб турган автомобилларда бунақа белгилар умуман учрамайди. Баъзи машиналар йўловчи билан тўлиб, йўлга чиқишга ҳозирлик кўраяпти. Бир ёки икки кишига кўз тикиб, жойидан жилолмай турганилари ҳам бор. Шундай бўлса-да, киракашлар ўзаро келишиб олган, шекилли, ҳар қанча тортишманг, сиз айтган нархга биронтаси кўнмайди. Мисол учун, куни кеча ўаллаоролга йўлкира 18-20 минг сўм эди, бугун 35 минг сўмдан ками йўқ. Жиззах шаҳрига — 30 минг сўм. Сабаби оддий — байрам арафаси бўлгани учун йўловчилар, жумладан, ота-онасини кўргани бораётган талабалар кўп. Бундан киракашлар унумли фойдаланиб қолиш илинжида. Эртароқ манзилга етиб олай десангиз, марҳамат, нархига чиданг, дегандай...
Шоҳбекат ёнида, аниқроғи, баланд кўприк биқинида жойлашган “стоянка”да ҳам йўловчилар Самарқанд ва Навоий вилоятларига борадиган киракашлар билан йўлкира масаласида баҳсга киришиб кетган. Аммо бундан наф чиқиши амри маҳол. Чунки нарх-наво битта: Самарқандга 50 минг сўм, Навоийга 70 минг сўм ва ҳоказо...
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлган шахсларга рухсат берилди.
Йўналишсиз такси ички маълумотлар белгилари: олд ойнанинг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштирилган яшил рангли ёритиш чироғи, автомашинанинг давлат рақами белгиси, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фотосурати, иш вақтининг бошланиши ва тугаши, йўлкира қиймати (сўмда), такси корхонасининг манзили ва телефон рақами, лицензия карточкасининг рақами ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, мажбурий суғурта қилинганлик ҳақидаги маълумот кўрсатилган маълумотлар табличкаси ўрнатилиб, ушбу табличка автотранспорт воситаси приборлари панелига, йўловчилар бемалол ўқий оладиган ҳолатда ўрнатилган бўлиши лозим.
Бундан ташқари, ҳисоблагич (таксометр), белгиланган тартибда сотиб олинадиган ва фойдаланиладиган радиоалоқа воситаси, соз ҳолатдаги пломбаланган спидометр жиҳозлари, белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинаси ҳамда тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиб олиш учун ҳисоб-китоб терминали мавжуд бўлиши талаб этилади.
Байрам баҳонасида мўмай даромадни кўзлаб, йўловчиларни ташиш билан ноқонуний шуғулланаётган ҳайдовчиларнинг шахсий машинаси ичидан эса юқорида айтиб ўтилган белгиларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайсиз.
Вақт деганлари югурик. Мана, Хотира ва қадрлаш куни нишонланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Хотира абадий, қадр эса эзгуликнинг асосидир. Ушбу муборак кунларда ўтганларни хотирлашни, уларнинг руҳини шод этишни бурчимиз, деб биламиз. Айни чоғда дўсту биродарларимизни, ака-ука, опа-сингилларимиз, онахону отахонларимизни йўқлаб боришни ҳам ният қиламиз. Беморлар, маънавий далдага муҳтож кишилар ҳолидан хабар олсак, айни муддао бўлади. Демак, қалбимизга эзгу мақсадни жо этиб, йўл тадоригини кўрамиз.
Хулоса ўрнида ушбу мақолани ёзишдан кўзлаган мақсадимизни баён этсак: юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, байрамлар олдидан ноқонуний фаолият кўрсатаётган киракаш машиналар йўлкира нархлари 2-3 баробар кўтарилиб кетаётганлиги бор гап. Негадир ҳайдовчиларимиз айнан байрамлар арафасида халқимизнинг “Инсоф сари барака”, деган пурмаъно нақлини унутиб, йўловчиларнинг дилини хира қилишади. Бу ҳақда матбуотда бот-бот гапирилмоқда, ёзилмоқда. Аммо нимагадир бирор-бир ўзгариш сезилмаяпти. Умид қиламизки, бизнинг ушбу мулоҳазаларимиз соҳа мутасаддиларининг эътиборидан четда қолмайди.
Суюндик МАМИРОВ,
"Adolat" мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, республикамизнинг барча халқаро аэропортларида жисмоний шахслар учун икки йўлакли тизим, яъни &ldq...
01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....