Дастлабки терговда замонавий технологиялардан фойдаланиш мақбул ва қулай усул

/
Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнида суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, ярашув институти жорий этилди, дастлабки терговда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ваколати судларга ўтказилди, ҳимояланиш ҳуқуқи кенгайтирилди.
Шунингдек, амнистия актини қўллаш тартиби такомиллаштирилди, судлардан жиноят ишини қўзғатиш ваколати олиб ташланди, дастлабки терговда шахсни лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш фақат суд ажрими асосида амалга оширилиши белгиланди, хусусий айблов институти кенгайтирилди.
Жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш, жавобгарлик муқаррарлиги тамойилининг амалда ижро этилишини таъминлаш учун дастлабки терговда далилларни тўплаш, текшириш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришда фан ва техника ютуқларидан, замонавий криминалистик техник воситаларидан ҳамда илмий тавсиялардан кенг ва самарали фойдаланишни тақозо этади.
Исботлаш жараёнида тўпланган, текширилган далиллардан улар мустаҳкамланганидан, яъни процессуал тарзда қайд этилиб, қонуний расмийлаштирилганидан сўнг далил сифатида фойдаланиш мумкин. Акс ҳолда ушбу далил номақбул, деб топилиши мумкин. Далиллар процессуал тарзда қайд этилмасдан туриб, далилларни шакллантириш жараёни тугалланган, деб ҳисоблаш мумкин эмас.
Жиноят иши бўйича далилларни қайд этишнинг энг асосий ва кенг тарқалган усули баённомадир. Далилларни баённомада қайд этиш қоидалари Жиноят-процессуал кодекснинг 90-моддасида келтирилган бўлиб, баённомани расмийлаштириш учун масъулият ишни юритаётган терговчи зиммасига юклатилади.
Жиноят ишларини тергов қилиш амалиётининг таҳлили шуни кўрсатдики, далилларнинг 80-90 фоизи гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи ва айбланувчиларни сўроқ қилиш баённомаларида акс этган маълумотлардан иборат бўлади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ҳамма вақт ҳам баённомалар сифатли, тўлиқ ва юқори савияда расмийлаштирилмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларнинг юзага келишига баённомани тузувчи шахснинг тажрибаси етишмаслиги, баённомаларнинг тергов ҳаракатларини ўтказиш жараёнида эмас, бироз вақт ўтгач расмийлаштирилиши, техник ва табиий шароитлар билан боғлиқлик ҳолатлар сабаб бўлмоқда. Натижада дастлабки тергов жараёнида ваколатли шахс (суриштирувчи, терговчи) томонидан гумон қилинувчи ва айбланувчининг айбини исботлашга қаратилган, баённомаларда мустаҳкамланган далиллар суд томонидан номақбул, деб топилиши мумкин.
Баённомаларни компьютер ва бошқа техник воситалар ёрдамида тузиш далилларни сифатли расмийлаштирилишига хизмат қилади. Бу жараёнлар икки босқичли усул ёрдамида амалга оширилади. Яъни сўроқ ва юзлаштириш тергов ҳаракатини ўтказишда, терговчи кўрсатма бераётган шахснинг кўрсатувларини шу шахснинг ўзига компьютер монитори орқали кўрсатиб қайд этиши ҳамда кўрсатма бераётган шахс терговчи томонидан киритилаётган маълумотларга шу вақтнинг ўзида ёки тергов ҳаракати якунида керакли тузатиш ва ўзгартиришлар киритилишини таъминлаши мумкин. Шу билан бирга, кўрсатувлар матни билан компьютер монитори орқали танишиш имкони пайдо бўлади. Бу ҳолатлар тергов ҳаракатлари (сўроқ қилиш, юзлаштириш) баённомаларининг биринчидан, тўғри тузилишини, иккинчидан, кўрсатма бераётган шахснинг кўрсатувлари аниқ ва тўлиқ акс эттирилишини, учинчидан эса тергов ҳаракатлари ўтказилиш вақти қисқартирилишини таъминлайди. Бу ўз навбатида, терговга чақирилган шахс (гувоҳ, жабрланувчи ва холис)ларнинг тергов органларига нисбатан норози бўлишининг олдини олади.
Хулоса қилиб айтганда, тергов ҳаракатлари жараёни ва натижаларини расмийлаштиришда илмий-техник воситалар қўлланилиши жиноят иши бўйича далил манбаи бўлмиш тергов ҳаракатлари баённомаларини тузишни янада осонлаштиради ва тезлаштиради, шунингдек, баённомада акс этган маълумотларнинг тўлиқ ва аниқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Сирожиддин ИШПУЛАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ
Академияси 4-ўқув курси тингловчиси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Миллий қонунчиликка биноан давлат болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлайди, уларни ҳимоя қилади, шунингдек, ота-оналардан вояга етмаган фар...
01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсла...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...