Гиёҳвандлик — саломатлик, интеллект ва тараққиёт кушандаси

/
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. Айни пайтда дунёда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид солаётган хатарлардан бири — гиёҳвандлик иллатининг учрашига ҳам инсониятнинг ўзи сабабчи бўлаётгани ғоят ачинарли ҳолдир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, дунёда 27 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон дунё «қора бозори»да тарқатиладиган қорадорининг асосий қисми етиштириладиган давлат — Афғонистон билан чегарадош. Шу боис юртимизда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ёки бундай зарарли воситалар истеъмол қилинишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Июнь ойи давомида республикамизда «Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги» ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам наркотик моддаларнинг истеъмоли, ноқонуний айланиши билан боғлиқ муаммоларга жамият эътиборини қаратиш эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази халқаро бўлими бошлиғи Азизбек Эркабаев билан суҳбатимиз ҳам бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, уларнинг самарадорлиги хусусида бўлди.
— Республикамизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Айтинг-чи, бу борада олиб борилаётган ишлар самара бераяптими?
— Албатта, мамлакатимиз наркотикларга қарши кураш борасидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни БМТнинг Конвенцияларига қўшилиб, улар доирасида иштирокчи давлатдан барча талаб этиладиган ҳаракатларни тўлалигича амалга ошириб келмоқда. Миллий қонунчилигимизда наркотик моддалар тарқалишининг олдини олишни кучайтириш, таркибида наркотик моддалар ва психотроп воситалар бўлган тиббий дори-дармонларнинг қонуний айланишини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор ва эксперт-криминалистика фаолиятларини такомиллаштириш, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Бундан ташқари, Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилган бўлиб, комиссия таркибида ҳуқуқ-тартибот идоралари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда таълим, меҳнат, солиқ, адлия тизими масъуллари иштирок этиши мамлакатимизда наркотик моддалар тарқалишининг олдини олишга давлатнинг барча идоралари масъул эканлигини кўрсатиб турибди.
Гиёҳвандлик — ижтимоий касаллик. Унинг олдини олиш, аввало, мазкур хасталикнинг сабаб бўлувчи омилларини бартараф этиш, хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни спортга жалб этиш ва, албатта, ёшларнинг маънавий дунёсини умуминсоний қадриятлар ва миллий ғурур ҳисси билан бойитиш ҳамда бошқа кўплаб хайрли амаллар билан боғлиқ кенг кўламли чораларни амалга ошириш демакдир.
2015 йил давомида 1268 та меҳнат ярмаркаси ўтказилиши натижасида чегараолди ҳудудларда яшовчи 326,3 мингга яқин аҳоли, шунингдек, меҳнат миграциясидан қайтган 95,1 минг нафар фуқаролар ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларидан 96,7 минг нафари бандликка кўмаклашиш марказлари орқали ишга жойлаштирилган.
Яна бир мисол: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги барча ўқув муассасаларда тўгараклар фаолияти қайта кўриб чиқилиб, бу борадаги ишларнинг самарасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, ўқувчиларнинг фанларга, касб-ҳунарга, оммавий спорт ва жисмоний тарбия, санъат ва бадиий ҳаваскорликка бўлган қизиқишларини қондириш мақсадида таълим муассасаларида интеллектуал, бадиий эстетик, санъат ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича тўгараклар ва спорт секциялари фаолияти қайтадан ташкил этилди.
— Бутун дунёда авж олиб бораётган наркожиноятларни фош этиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишини бартараф этиш борасида Ўзбекистон қандай натижаларни қўлга киритмоқда?
— Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган комплекс чоралар натижасида 2015 йилда 6648 наркожиноят фош этилган бўлиб, улардан 3017 таси наркотик моддаларни ўтказиш-сотиш, 709 таси контрабанда, 1301 таси тақиқланган экинларни экиб, етиштириш, шунингдек, бошқа турдаги қонунбузарликлар билан боғлиқ бўлди. 2,5 тоннадан ортиқ наркотик моддалар, яъни героин, марихуана, опий, кўкнор ва психотроп таблеткалар мусодара қилинди. «Қора дори-2015» кенг қамровли тадбирида жами 5132 кв.м майдонда экиб, етиштирилаётган таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликлар аниқланган ва йўқ қилинган.
Жорий йилнинг I чораги давомида наркотик моддалар билан боғлиқ 1391 та жиноят аниқланган ва 800 кг.га яқин гиёҳвандлик воситалари мусодара этилган. Республика суд органлари томонидан ушбу даврда наркотик воситаларининг ноқонуний муомаласига оид жиноят ишлари бўйича 1042 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
— Вазирлик, идоралар, маҳаллалар, “Камолот” ЁИҲ қаторида жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, шу жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам жойларда гиёҳвандлик воситалари истеъмолининг олдини олишга бағишланган давра суҳбатлари, учрашувлар ва мулоқотларни ташкиллаштиришда фаолликни қўлдан бой беришмаяпти. Хусусан, партия ташаббуси билан 2016 йилнинг 5 ойи давомида республикамиз таълим муассасаларининг 3 минг нафардан зиёд ўқувчи-талабалари иштирокида 60 га яқин давра суҳбати ўтказилган бўлиб, иштирокчиларга «Гиёҳвандлик – аср вабоси», «Ёш умрингни завол қилма» мавзуларида маърузалар қилинган. Бу борадаги вазиятни янада яхшилаш учун нималарга эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайсиз?
— Хабаримиз бор, мамлакатимиздаги тўртала сиёсий партиялар, уларнинг фаол, етакчи аъзолари ҳам бу мавзуга нисбатан бефарқ эмас. Яъни, гиёҳвандлик иллатини бартараф этиш, унинг олдини олиш бўйича ҳар бир сиёсий партия ўз нуқтаи назари, позициясига эгалиги қувонарлидир.
Айни пайтда бир масалага эътибор қаратиш керак. Дунё давлатлари ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилаётган чораларга жавобан наркобизнес билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар қонунчиликда акс эттирилмаган янги наркотик воситаларни ишлаб чиқишга ва уларни тарқатишнинг замонавий усулларини қидириб топишга уринишмоқда. Хусусан, дунё “қора бозори”да анъанавий-табиий моддалар билан бир қаторда, янги синтетик гиёҳвандлик воситалари («спайс» ва бошқалар)нинг айланиши ҳолатлари кузатилмоқда. Ўзбекистон ҳудудида янги синтетик гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олдини олиш мақсадида қонун ва қонуности ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати қўшимча 80 турдаги наркотик моддалар номи билан кенгайтирилди. Ҳозирги кунда мутасадди ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида наркотик моддаларнинг аналоглари, яъни ўз хусусиятлари билан худди гиёҳвандлик воситалари каби руҳиятга таъсир этадиган кимёвий моддалар билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш устида иш олиб борилмоқда. Бу борадаги миллий қонунчиликни такомиллаштиришда сиёсий партиялар янада фаолликни оширмоғи мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
“Adolat” мухбири
Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқинда...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....