Электрон қабул қачон жорий этилади?

/
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларимиз жаҳон андозаларига мос шароитларда билим олиши, жисмоний ва маънавий етук инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш, қобилияти, иқтидорини юзага чиқариш учун етарлича шароит яратилган.
Ҳозирги кунда республикамизда фаолият юритаётган 81 та олий таълим муассасаларида иш қизғин. Абитуриентлар ўқишга ҳужжат топшириш билан банд. Таъкидлаш лозим, кейинги йилларда олий таълим муассасалари кўпайиши, қолаверса, аҳоли сонининг ортиши олий таълим муассасаларида таҳсил олиш истагида бўлган абитуриентларнинг сафи йилдан-йилга кенгайишига сабаб бўлмоқда.
Қувонарлиси, бугунги кунда деярли барча олий таълим муассасасининг расмий веб-саҳифаси мавжуд бўлиб, ушбу сайтлар орқали абитуриентлар ҳеч қаерга чиқмасдан, ўз хонадонидан туриб, қўл телефони ёрдамида ўзларини қизиқтирган таълим муассасасига кириш учун топшириладиган ҳужжатлар рўйхатидан тортиб, муайян йўналиш бўйича қайси фанлардан имтиҳон топшириши ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таълим муассасалари веб-сайтларининг рейтинги тузилиши эса мазкур сайтларда тезкор, сифатли ва ишончли маълумотлар жойлаштирилиши, абитуриентлар, талаба ва педагоглар, ота-оналар учун интерактив хизматларнинг жорий этилиши йўлида соғлом рақобат юзага келишига хизмат қилиши муқаррар.
Интерактив хизмат — вақт ва маблағни тежовчи восита
Интерактив хизматлар интернет асрининг муҳим воситасига айланиб улгурди. Бугун республикамизда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 260 дан ортиқ турдаги хизматлар жорий этилган. Бундай хизматлар аҳоли ва давлат ташкилотининг муносабатини янги босқичга олиб чиқади, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди, ҳар икки томон вакилларининг вақти, маблағини тежайди. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар 100 та оиладан 47 таси шахсий компьютерга эга, ҳар 100 та оилага 234 та мобиль телефон тўғри келмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар сони эса 12 миллион нафардан ортган. Бу рақамларнинг барчаси интернет ёрдамида давлат интерактив хизматларидан фойдаланишни ёқловчиларнинг, улардан фойдаланиш талабгорларининг сони ортишига олиб келади, албатта.
“Адолат” СДП мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозим, деб ҳисоблайди. Шу муносабат билан партия бундан кейин ҳам АКТни жорий этиш ва ривожлантириш, соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тарафдори бўлиб қолаверади. Биз фуқароларга интерфаол давлат хизмати кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратамиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан

Ана энди олий таълим муассасаларида қабул жараёни қизғин кечаётган, шунингдек, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун кучга кирган бир пайтда ҳақли бир савол туғилади. Олий таълим муассасаларида электрон қабул интерактив хизматини йўлга қўйиш вақти келмадимикан?
Хабаримиз бор, Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳужжатларни онлайн режимда олий ўқув юртининг расмий сайти орқали қабул қилиш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлиб, бундай хизматдан шу кунгача 1300 дан зиёд абитуриент фойдаланган.
Бироқ айнан шундай интерфаол хизматни ахборот технологиялари билан “тиллаша оладиган”, мазкур йўналишда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга масъул бўлган олий таълим муассасасидан бошқа таълим муассасаларида жорий этишга нима халал беради? Деярли барча олий таълим муассасаларида расмий сайт бўла туриб, абитуриентларга, уларнинг ота-оналарига яна бир қулайлик яратувчи бундай хизматдан фақатгина 1300 ёки ундан сал кўпроқ абитуриент фойдалана олишидан қониқиш ҳосил қилишимиз тўғримикан? Ахир, йилига ўрта ҳисобда ярим миллион нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасасига кириш учун ҳужжат топширади-ку...
Олий таълим муассасаларининг 40 фоиздан ортиғи пойтахтда жойлашганини инобатга оладиган бўлсак, Тошкент шаҳрида ўқиш истагини билдирувчилар сони, табиийки, кўп бўлади. Аксарият ҳолларда республикамизнинг чекка ҳудудларидан пойтахтга ҳужжат топшириш учун фақатгина абитуриентларнинг ўзи эмас, балки уларнинг ота-оналари ёки ака-опалари ҳам бирга келади. Улар таълим муассасасини излаб топгунича, навбатда туриб, ҳужжатларни қабул комиссиясига топширгунча кетадиган вақти, маблағи, асабини сақлашнинг замонавий усули қўлланса, барчага бирдек манзур бўларди, албатта. Айниқса, бунинг учун таълим муассасаларида барча техникавий, ташкилий шароитлар мавжуд бўлган бир пайтда... Илғор педагогик технология ва шаклларда дарс бериш учун етарли моддий-техник база билан таъминланиб бораётган таълим муассасаларининг расмий сайтларида наҳотки электрон қабул хизматини қўллаш учун шароит бўлмаса?..
Ўринли эътироз
— Болаликданоқ катта бўлганимда ўқитувчи бўлишни орзу қилиб келаман, — дейди таҳририятга қўнғироқ қилган абитуриентлардан бири Дилбар Тунгатова. — Сабаби устоз, мураббий ҳар бир инсоннинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга касб эгаси ҳисобланади. Қолаверса, болаларни яхши кўраман. Улар билан ишлаш кишига завқ бағишлайди, деб ўйлайман. Шу мақсадда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг “Мактабгача таълим” йўналиши бўйича ҳужжат топшириш ниятида мазкур олий таълим муассасасига ташриф буюрдим. Аввалига мазкур йўналиш бўйича қабул ўтказилаётган мактабни изладим. Узоқ вақт навбатда туриб “063” шаклли маълумотнома ҳам кераклиги ҳақида эшитиб қолдим. Гарчи қабул ўтказилаётган жойда пештахтада зарур ҳужжатлар тўплами ҳақидаги эълонда бу каби маълумотнома зарурати ҳақида ахборот йўқ бўлса-да, навбатни назорат қилиб турган масъул ходимлар бояги миш-миш тўғрилигини тасдиқлади. Шунда ҳафсалам пир бўлиб, ортимга, Оққўрғонга қайтишга мажбур бўлдим. Кейин билсам, “063” шаклли маълумотномада эмланганлик тўғрисидаги қайдлар ёзилган бўлиб, “086” шаклли маълумотномага қўшимча равишда илова қилинар экан. Бу илова эса тиббиёт муассасасида сўралган тақдирда берилар экан. Шунда нимаики бўлса, яхшиликка, келажакда бола билан ишлайдиган бўлғуси талаба, албатта, юқумли касалликлардан ўзини ва тарбияланувчиларини муҳофаза эта олган бўлиши керак, деган хулоса билан қабул комиссиясига қайтиб келдим. Лекин бир нарсага тушунмадим, нима сабабдан бу ҳақида эълонларда ёки расмий сайтда маълумот берилмаган? Бундан ташқари, ўз билим ва салоҳиятимизга тўғри баҳо бериш мақсадида ўзимиз ҳужжат топширган йўналиш бўйича бакалавриатга неча нафар абитуриентдан ариза келиб тушгани ҳақидаги жорий маълумотлар билан қизиқдик, лекин бирон-бир инсон бу ҳақида маълумот бера олмади.
Ҳақиқатан ҳам, қабул жараёнида турли саволлар учраши табиий. Баъзан билиб ёки билмай абитуриентлар муайян ҳужжатни қабул комиссиясига олиб бормаган бўлиши мумкин. Тошкент ва Оққўрғон ўртасидаги масофа 100 километрга етмайди, лекин, айтайлик, Хоразм ёки Қашқадарё вилоятидан келган абитуриентнинг ҳужжатида аллақандай камчилик бўлган тақдирда, унинг бориб-келиши учун яна қанча вақт ва маблағ сарфланишини кўз олдимизга келтирайлик-чи...
Нима қилиш керак?
Амалдаги тартибга кўра, ҳужжат топширишдан ташқари абитуриент 26 июлда қабул комиссияси томонидан эълон қилинган бинолар ва аидиторияларнинг режа-чизмалари, тест топшириладиган бинонинг қаерда жойлашганлиги билан танишиши, гуруҳ тартиб рақами кўрсатилган рухсатномани эса 27 июлдан бошлаб таълим муассасаси қабул комиссиясидан олиши керак.
Бизнингча, абитуриентлар учун электрон рақамли имзо ёрдамида таълим муассасасига ариза ёзиб, унга JPEG, PDF форматидаги ҳужжатларини илова қилиш ва электрон манзилига рад ёки тасдиқ жавобини қабул қилиб олиш, зарурат туғилганда эса керакли ҳужжатни қўшиб қайта мурожаат қилишига имконият яратиб берувчи механизмни ишга тушириш вақти келган. Шахсан абитуриентнинг ўзи имтиҳон кунига яқин тегишли рухсатномани олиш учун келса ҳам бўлади. Ахир, бугун тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботларини тегишли давлат ташкилотига электрон шаклда юбораётгани қанчалик самара бераётганининг гувоҳи бўлаяпмиз-ку...
Биз бу мақола билан кимгадир ақл ўргатиш ёки кимнингдир ишидан айб излаш мақсадида эмасмиз, аксинча, тегишли соҳа вакилларини аҳолига қулайликлар яратиш борасида янгича, замонавий усулларни жорий этишни жадаллаштиришга ундаш ниятидамиз.
Саодат СОДИҚОВА,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....