Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили

/
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминловчи ҳуқуқий тизим яратилди.
Чунончи, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигига риоя этиш ҳамда ҳимоя қилиш борасида зарур ташкилий-ҳуқуқий шароит ва кафолатларни яратди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 8 та конституциявий қонун, 15 кодекс ва 600 дан зиёд қонун қўлланилмоқда, тегишли қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Қонунчиликнинг фаол ривожланиб бораётган йўналиши – хўжалик юритишнинг ва институционал ўзгаришларнинг бозор шароитларига мос келадиган янги механизмини яратишдан иборат бўлмоқда. Яъни иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган субъектларнинг ҳуқуқ ва иқтисодий эркинлик борасидаги ваколатлари, ҳуқуқлари белгилаб бериладиган қонунлар қабул қилинди. “Ўзбекистон Республикасидаги корхоналар тўғрисида”, “Кооперация тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги, “Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.
Яна бир муҳим вазифа, Ўзбекистонни халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида таърифловчи ҳуқуқий нормаларини яратиш билан боғлиқ бўлди. Бир қатор халқаро пактлар ва битимларнинг Ўзбекистон томонидан имзоланиши мамлакатимизнинг ташқи алоқалари ривожланиши тарихида янги саҳифа очди.
Истиқлол йилларида инсоннинг ишончли конституцион ва юридик ҳуқуқларини, ижтимоий кафолатларни ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган қонунларнинг қабул қилинишига асосий эътибор қаратилди.
Шунингдек, суд тизими мустақил ва бошқа тармоқларга боғлиқ бўлмаган ҳокимият сифатида шакллантирилди. Суд ҳокимиятининг янги тузилмалари вужудга келди. Суднинг ҳуқуқ доираси кенгайди.
Жумладан, 1994 йили Жиноят кодекси қабул қилинганида 13 та моддада жазо чораси сифатида ўлим жазоси кўзда тутилган эди. 1998 йили бу жазо тури жиноят кодексининг 5 та моддасидан олиб ташланди. Президентимизнинг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2008 йил 1 январидан мамлакатимизда жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилиши бутун дунёда катта акс-садо берди. Бу борадаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эълон қилинган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларини изчил ифода этиб, жаҳон тенденцияларига тўла мос келади.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритганда, Ўзбекистонда ўтган қисқа давр мобайнида яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси муваффақиятли ҳал этилганига тўхталмасликнинг иложи йўқ. Судлар ихтисослаштирилиб, аниқроқ айтганда, фуқаролик, жиноий ва хўжалик ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил этилиб, судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди. Судьяларнинг мустақиллиги ва ҳуқуқий кафолатлари тизимининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “судьяларнинг мустақиллиги” тушунчаси мустаҳкамланди ва янги ҳуқуқий категория — “суд ҳокимиятининг мустақиллиги” жорий этилди. Жумладан, Конституциямизнинг 106-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиб, уни амалга оширишнинг аниқ процессуал-ҳуқуқий механизми яратилди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатига айланди.
Яна бир янгилик. Яраштирув институтининг жорий этилиши жиноят процесси қонунчилигини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. Хўш, бу ерда гап нима ҳақда бормоқда? Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс, агар муқаддам судланмаган бўлса, ўз айбини бўйнига олса, жиноят оқибатида келтирган зарарни тўласа, жабрланувчи билан ярашса, суд ишни ҳаракатдан тўхтатади.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллигини, масъулиятини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, ушбу муҳим соҳадаги ислоҳотлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Феруза МУҲИТДИНОВА,
юридик фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....
01 янв 1970
Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмас...
01 янв 1970
Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади....
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...