Ноҳақлик бўлган жойда ариза-шикоятлар сони кўпаяди

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат бошқаруви органлари вакиллари, депутат ҳамда сенаторлар жойларда ҳамюртларимиз билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-истаклари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш ва ечимини топиш бўйича кенг кўламли ишларни аллақачон бошлаб юборишди. Бу каби хайрли амалларга биз, оммавий ахборот воситалари вакиллари, хусусан “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси ходимлари ҳам муносиб даражада ҳисса қўшишни мақсад қилиб қўйдик.
Бинобарин, “Газетхон минбари” рукни остида таҳририятга юртдошларимиздан келиб тушаётган мурожаатлар, ариза, шикоят ва таклифлар акс этган мактубларни моҳиятан таҳрир қилмасдан чоп этишга қарор қилдик. Бу билан биз, ўз навбатида, мурожаатларда кўтарилган масалаларга тегишли мутасадди ташкилотлар ва жамоатчилик эътиборини қаратиш ниятидамиз.

Иккинчи муаммо ҳал бўлди. Биринчиси-чи?..
Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани, Ўзбекистон жамоа хўжалиги, “Қўқони” маҳалласида яшовчи фуқаро Салима Аҳмедова ўз мурожаатида шундай ёзади:
Мен, Аҳмедова Салима, 66 ёшдаман. 1973 йили ноябрь ойида Пастдарғом тумани Чархин шаҳарчасидаги пахта тойлаш (кўзи ожизлар корхонаси) цехида чап қўлимни станок чайнаб юборган. II гуруҳ ногирониман. Ўшандан буён кўзи ожизлар корхонасидан маълум миқдорда пенсия олиб келар эдим. Аммо мана икки йилдирки, ана шу пенсия пулимни ололмаяпман. Олдинлари ҳар олти ой-бир йилда пулнинг ўрнига пахта беришарди. Энди шу пахта ҳам, пул ҳам йўқ. Тўғри, қатнаб-қатнаб 400 минг сўм олдим, қолгани эса йўқ. Идорасига борсангиз, ҳеч кимни топиб бўлмайди.
Ўзим яхши юра олмайман. Ноябрь ойида “пахта бўлса пахта ёки пул берамиз, сизнинг қарзингизни узамиз”, дейишганди. Энди борсам раҳбарларни топа олмаяпман. Улар телефон қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмаяпти.
Қизим турмушга чиққан, бошқа жойда яшайди. Ҳозирги кунда онаси вафот этган, II гуруҳ ногирони бўлган қизни васийликка олганман. Бу қиз учун ижтимоий таъминот бўлимидан 290 минг сўм нафақа пули оламан. Гарчи бунга менинг розилигим бўлмаса-да, бу пулнинг 80 фоизи пластикка ўтказиб берилади. Аммо дўконларнинг ҳаммасида ҳам пластикни ишлата олмаймиз, йўлкирага ҳам нақд пул керак бўлаяпти.
Сизлардан илтимос, иложи бўлса, юқорида ёзган иккита муаммони ҳал қилишга ёрдам берсангизлар.
Мурувватли, олижаноб халқимиз азал-азалдан эҳтиёжманд, ўзгаларнинг кўмагига муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиб келишга одатланган. Айнан шу анъана ва қадриятларимизнинг инъикоси сифатида мамлакатимизда ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига етарлича шароит яратилган, уларнинг эҳтиёжлари ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиб, махсус корхоналар, цехлар ва участкалар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, ногиронлар меҳнати қўлланиладиган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар имтиёзли асосларда солиқ тўлаш, молиялаштириш ҳамда моддий-техника билан таъминланиш ҳуқуқидан фойдаланади.
Англашимизча, мурожаатчи С.Аҳмедова ана шундай имтиёз ва ҳуқуқларга эга корхоналардан бирида фаолият юритган. Аммо мурожаат хатини ўқир эканмиз, аслида бу мурожаат жойида ҳал бўлиши мумкин эди-ку, наҳотки жойларда онахоннинг ўтинчини ҳеч ким тингламаган ёки эшитиб туриб, эшитмасликка, кўриб туриб, кўрмасликка олган бўлса, деган ўй хаёлимизга келди. Нима бўлганда ҳам, хулоса чиқаришга ҳали эрта.
Айни пайтда мурожаатда қайд этилган биринчи масала, яъни меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан тўланадиган нафақа тўловларининг тўланишига оид амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижросига оид ҳолатлар юзасидан мутасадди ташкилотлар хулосасини кутиб қоламиз.
Мурожаатнинг иккинчи қисмида фуқаро С.Аҳмедова ижтимоий тўлов маблағини нақд пул шаклида олиш юзасидан амалий ёрдам сўраган. Шу ўринда чин дилдан қилинган ният, истак амалга ошишига яна бир бор амин бўлдик. Боиси яқиндагина, яъни 2017 йил 2 февралда Президентимиз томонидан “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, 2017 йил февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши, шунингдек, республикамизнинг тоғли ва олис туманларидаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши белгиланди. Бундан буён онахонимиз эътирозига сабаб бўлган ҳолат такрорланмаслигига умид қиламиз.

Харажатга куйиб қоламанми?
Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор Рустам Назиров таҳририятга мурожаатини юқоридаги савол билан бошлаган.
Таҳририятга ариза ёзишимнинг сабаби, мен якка тартибдаги тадбиркор сифатида туманимизда юз бераётган айрим ҳолатлардан норозилигимни билдириб, адолат қарор топишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
Гап шундаки, мен Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим. 2016 йилда бозорда реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида дўконимизни қайта қуришга тўғри келди. Тушунаман, ҳаёт бир жойда тўхтаб қолмаганидек, бозор, савдо расталари, дўконлар ҳам харидорларнинг таъби, дидига қараб ўзгартирилиши, замон талабига мослаштирилиши керак. Ўзимизга ҳам чиройли, замонавий иншоотларда аҳолига хизмат кўрсатиш ёқади.
Муаммо шундаки, менга қарашли дўконнинг ҳужжатини қайта расмийлаштириш, зарур рухсатнома, қарорларни қайта олишимиз керак экан. Туман ҳокимлигидаги мутасаддилар бозор ҳудудидаги дўконларни Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига қадар тезкор таъмирлаш зарурлигини айтишганди. Шунга “бор, баракалла” деб, қурилишни ҳашар йўли билан давом эттирдик. Янгича лойиҳалар чиздирдик, қурилишни бошладик.
Аммо қурилиш иши якунига етай деб қолганда, ҳокимиятдагилар бизга тегишли дўконнинг бир қисмини бошқа фуқарога ҳам ажратиб берганидан хабар топдик. Меҳнат қилган, ёнимиздан маблағ сарфлаган бизу “ҳе йўқ, бе йўқ” бошқа фуқарога дўкондан жой ажратилишини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, реконструкция қилинган вақтда дўконни ўз ҳисобимиздан қайта таъмирлаганимиз нотўғри бўлган бўлса? Нима эмиш, биз, дўконни ноқонуний қураётганмишмиз. Ноқонуний бўлса, нега бизни қурилишни тезроқ тугат, деб шоширишди?
Ахир мен туман ҳокимиятидаги мутасаддиларнинг оғзаки топшириғига асосан “ЭМАКС” фирмаси билан шартнома тузиб, реконструкция қилинган дўконнинг лойиҳасини чиздирдим. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлардан қарз кўтариб, қайта қурдим. Энг ҳайрон қолганим, туман Марказий деҳқон бозори ҳудудида фаолият юритаётган етмиш нафардан ортиқ тадбиркорларда ҳам дўконларни реконструкция қилиш ҳақида ҳоким қарори йўқ. Фақатгина менинг дўконим бир қисмига даъвогарлик қилаётган фуқарода ҳоким қарори бор. Наҳотки келажакда уларнинг дўконларини ҳам кимлардир қарор чиқартириб, ўзлариники қилиб олаверса? Наҳотки биз ўз ҳамёнимиздан қилган харажатимизга куйиб қолаверсак?
Мазкур мурожаатда келтирилган маълумотлар, фикр-мулоҳазалар, уларнинг асослилиги юзасидан хулоса бериш, ҳукм чиқариш фикридан йироқмиз. Илло, бу вазифани, яъни мурожаатда тилга олинган масала юзасидан суриштирув ўтказиб, ўзининг қонуний хулоса ва қарорини чиқаришга масъул ваколатли идоралар бор.

Пулимни қайтариб олишга ёрдам беринг...
Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Батош қишлоғида яшовчи фуқаро Шерқўзи Самадов ёзган ариза шундай сўзлар билан бошланади.
Мен 3 та ҳўкиз боқдим ва уларни сотиб, 10 миллион 500 минг сўм қўшимча маблағ жамғариб қўйгандим. Шу пулларни “ўн беш кунда қайтариш”га ваъда бериб танишимнинг акаси Ж.Нурматов қарзга олиб турган эди. Орадан ўнта ўн беш кун ўтиб кетди-ки, Ж.Нурматов ҳамон пулларимни қайтармаяпти. Сўраб борсам, “Қўлингдан келганини қил, мен сенга пул бермайман”, деди. Нима дейишни билмай ҳайрон бўлиб қолдим.
Пул берганимни нотариусда тасдиқлатмаганман. Лекин икки нафар гувоҳим бор. Илтимос, пулимни қайтариб олишга ёрдам берсангизлар...
Албатта, биз нашримизга ишонч билдириб мурожаат қилган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдирамиз. Айни пайтда айрим мурожаатлар мазмуни ва мақсадига эътибор қаратар эканмиз, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида ҳали қиладиган ишларимиз кўплигини яна бир бор чуқур ҳис қилдик.
Очиқ тан олиш керак, биз, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, ҳуқуқшунослар, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари халқимиз билан яқиндан мулоқот қилиш, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериш борасида мавжуд салоҳият, имкониятимиздан етарлича фойдаланмаяпмиз. Йўқса, юқоридагига ўхшаш, “нотариал тасдиқланмаган қарзимни қайтаришга ёрдам беринглар” мазмунидаги мурожаатлар юзага келмасди, деган фикр кишини ўйлантирмасдан қолмайди. Ҳамонки, жамиятимизда бу каби муаммолар ва шулар асосида қилинаётган мурожаатлар учраб турибдими, демак, аҳолининг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича самарали ва таъсирчан усуллардан фойдаланишимиз шарт.
Хулоса шуки, бизнинг фалончи ҳақ ёки ноҳақ, дейиш ниятимиз йўқ. Амалдаги қонунчилигимизда оммавий ахборот воситаларига бундай ваколат ҳам берилмаган. Мақсадимиз — шиддат билан ривожланиб бораётган ҳуқуқий-демократик давлатимизда ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолмаслиги ва матбуот бу борада ўзига хос кўприк вазифасини ўташда давом этишига ҳисса қўшиш ва мутасадди раҳбарларнинг эътиборини қаерда ноҳақлик, адолатсизлик бўлса, ўша ерга қаратиш ва муаммоларнинг ҳал бўлишини таъминлашга ёрдам беришдан иборатдир.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳуқуқий тарбия — демократик жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим омилларидан бири саналади. ...
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...