Энди жаримани ким тўлайди?

/
Кўпчиликка маълум, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида ўтган йили пойтахтимиз — Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилган, бироқ айрим техник сабаблар туфайли бу мосламалар тўлиқ ишга туширилмаган эди. Бу эса ушбу кузатув камералари томонидан қайд этилган қоидабузарликларга нисбатан жарима қўлланилишини назарда тутувчи механизм ишламай турганини англатади. Кўплаб ҳамюртларимизни, йўл ҳаракати иштирокчиларини видеокамералар қачондан ишга тушиши ва умуман, бу мосламалар қандай ишлашига оид маълумотлар қизиқтиради.
Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга шу масала юзасидан мурожаат этдик.

– Холматжон Аҳмедович, пойтахтимиз йўлларида ўрнатилган видеокамералар қачондан ишга тушади? Бу янгиликни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад нима?
– Шу йилнинг 15 мартидан видеокамералар синов тариқасида ишга туширилади. Нима сабабдан синов тариқасида деган савол туғилиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, мазкур тизим бизда илк бор қўлланилаяпти. Синов муддати жараёнида тизимдаги техникаларнинг ишлашини назорат қилиб оламиз. Юзага келадиган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрамиз.
Жорий этилаётган янгиликнинг асосий мақсадига келсак, бу — Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар ёрдамида таъминлашдан иборатдир. Шунингдек, ушбу янгилик йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимояланганлик даражасини ошириш, пойтахт кўчаларининг юқори ҳаракат жадаллиги шароитида йўл ҳаракатини назорат қилиш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ҳамда профилактика қилиш ишларини такомиллаштиришга қаратилган. Бунинг учун назорат қилинадиган ҳар бир объект, яъни чорраҳа ҳаракатни назорат қилувчи, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқловчи замонавий техник воситалар, интеллектуал детекторлар, контроллерлар, видеокамералар билан жиҳозланди.
— Видеокамераларнинг ишлаш принципи ҳақида маълумот берсангиз?
— Олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги электрон табло ҳамда видеомониторларга тегишли маълумотлар чиқарилади. Тизим ишга туширилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали йўл ҳаракати автоматик тарзда бошқарилади.
Яна шуни ҳам таъкидлаш зарурки, чорраҳалардаги вазиятни масофадан узлуксиз кузатиб бориш учун видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус хизматларни, жумладан, ички ишлар, тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизматларини чақириш учун махсус воситалар ўрнатилди.
– 2015 йилда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилганидан хабаримиз бор. Ушбу ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– 2015 йил 10 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2 та янги модда билан тўлдирилди ҳамда 13 та моддага қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, кодекс 171-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, махсус техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлик ҳолати қайд этилганда, маъмурий жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилиши белгиланган. Шунингдек, юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши белгилаб берилди.
Иккинчи янгилик кодексга киритилган 3091-моддада акс эттирилган. Бу модда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига нисбатан жарима солиш тартибини белгилайди.
Яъни махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича жарима солиш тўғрисидаги қарор маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг иштирокисиз чиқарилади. Жарима солиш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси фото ва видео қайд этиш техника воситаларидан олинган материалларни илова қилган ҳолда қарор чиқарилган кундан эътиборан уч кун ичида буюртма почта жўнатмаси орқали ҳуқуқбузарга юборилади.
– Агар ўша қоидабузарлик содир этилган вақтда транспорт воситасининг эгаси уни ҳайдамаган бўлса-чи? Ахир, ишончнома билан бошқа бир ҳайдовчи транспорт воситасини бошқарган бўлиши ҳам мумкин-ку?
– Қонунда масаланинг бу томони ҳам инобатга олинган. Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади. Бу қоидабузарликларнинг олдини олишда жуда ҳам муҳим.
Сабаби, эндиликда мулкдор ҳам ҳайдовчини қоидабузарлик қилмасликка чақириб, қоидаларга амал қилиш зарурлигини эслатиб туради. Айниқса, бир неча транспорт воситаларини ижара шартномаси асосида ёки ишонч қоғози билан бошқаришга берган мулкдорларнинг масъулияти ошади. Уларнинг ўзлари ҳам қоидабузарликларга қарши кураш бошлашади. Ҳайдовчиларини доимий назорат қилишади. Шунинг ўзи ҳам қоидабузарликлар сонининг сезиларли даражада камайишига сабаб бўлади. Ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш самарадорлиги ортади. Ўз-ўзидан йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳам камайиб боради.
Яна бир муҳим янгиликка тўхталсак. Қоидабузарликларни қайд этиш ва расмийлаштиришда махсус техник воситалардан фойдаланаётган кўплаб давлатларнинг тажрибасини ўрганиш жараёнида айрим ҳайдовчилар қоидабузарлик учун жазодан қочиш мақсадида давлат рақам белгиларининг устига турли хил полиэтилен ашёларни ёпиштириши ёки ҳар хил кимёвий воситаларни суртиб олиши, ҳар хил чипли қурилмаларни ўрнатишига оид ҳолатларнинг учраши ҳақида маълумотга эга бўлдик. Ана шундай ҳолат бизда ҳам содир бўлмаслиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш ҳам маъмурий жавобгарликка тортишга асос бўлиши белгилаб қўйилди. Шуни ҳам айтиш лозимки, бундай ҳолатлар аниқланганида кодекснинг 291-моддасига асосан транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдонига қўйилади. Ишни кўриб чиқиш жараёнида бундай қурилмалар мусодара қилиниб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорида, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинади.
– Маъмурий жазо қўллаш муддатлари қандай бўлади?
– Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечиктирмай, бундай қарор хусусида шикоят берилган ёки протест билдирилган тақдирда эса, шикоят ёки протест қаноатлантирилмаганлиги тўғрисида хабар берилган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай тўлаши лозимлиги ҳақидаги норма белгилаб берилди.
– Маълумки, жарималар қоидабузарликларнинг такрорийлигига қараб белгиланар эди. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига ҳам шу тарзда чора кўриладими?
– Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари юзасидан тўғридан-тўғри жарима солиш тўғрисидаги қарор чиқарилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди.
Агарда чиқарилган қарор юзасидан шикоятни кўриб чиқиш жараёнида ушбу ҳуқуқбузарлик бошқа шахс томонидан содир этилганлиги аниқланганда, қарор бекор қилинади ва транспорт воситасини бошқариб, қоидабузарлик содир этган шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Бунда қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинади. Қисқа қилиб айтганда, жарима солиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдирилмаса, қоидабузарликнинг такрорийлиги инобатга олинмайди, мазкур ишни қайта кўриб чиқиш пайтида бошқа шахсга маъмурий баённома расмийлаштирилса, такрорийлик инобатга олинади.
Суҳбатимиз якунида бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишни истардим, ҳаракат иштирокчилари унутмасликлари керакки, қонун кимнидир жазолаш учун эмас, балки йўлларимизда хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинади. Унинг ижросини таъминлаш эса ҳар биримизга боғлиқ.
“Adolat” мухбири Саодат СОДИҚОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....