Эътиборсизлик қачонгача давом этади?

/
Оммавий ахборот воситалари, жумладан, матбуотнинг асосий вазифаси — аввало, халқимизга мамлакатимизда ва дунё миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тезкор хабар етказиш орқали кенг жамоатчилик, аҳолининг ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ҳисобланади.
Зиммамизда яна бир муҳим вазифа борки, бу ҳам бўлса, қабул қилинаётган қонун ва дастурларга нисбатан халқимизнинг фикр-мулоҳазалари, муносабатини газета саҳифаларида акс эттириш, қолаверса, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижроси ҳақида ҳаққоний, холис маълумотларни кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш, бир сўз билан айтганда, жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқдир.
Бинобарин, амалга ошириладиган ислоҳотлар, янгиланишларнинг самарадорлигига эришишни истаган ҳар қандай жамият ва давлатда фуқаролик жамияти институтларининг фаол вакиллари бўлмиш оммавий ахборот воситаларига жамоатчилик назоратини холисона амалга ошириши учун барча шароит яратилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам оммавий ахборот воситаларига муайян масала ёки мавзу юзасидан холис ва ишончли ахборотни излаш, тарқатиш ва кенг омма эътиборига ҳавола этишимиз учун ҳар томонлама шароит мавжуд. Ҳамонки, матбуот халқимизнинг фикр билдириш минбарларидан бири экан, биз ҳам ўз навбатида газетамиз саҳифаларида халқимизнинг ҳаяжони, қувончу ҳайратларига сабаб бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар билан бир қаторда уларни ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида мақолалар тайёрлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида “Газетхон минбари” рукни остида таҳририятимизга келиб тушаётган мурожаатларни моҳиятан таҳрир қилмасдан чоп этиб бормоқдамиз. Бу билан биз, ўз навбатида, мурожаатларда кўтарилган масалаларга тегишли мутасадди ташкилотлар ва жамоатчилик эътиборини қаратиш ниятидамиз. Хусусан, “Ноҳақлик бўлган жойда ариза-шикоятлар сони кўпаяди” сарлавҳаси остида таҳририят хатқутисига келиб тушган туркум мурожаатлар чоп этилиб, уларда жисмоний ва юридик шахсларни қийнаб келаётган айрим муаммолар қаламга олинган эди.
Шу билан бирга, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида аҳолининг кенг қатлами билан ўтказилаётган мулоқотлар, учрашувларда илгари сурилаётган муаммоли вазиятлар, масалалар очиқ-ойдин кўрсатилган танқидий-таҳлилий мақолалар ҳам нашримиздан муносиб ўрин эгалламоқда.
Биз бугун газетамизга аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга тегишли мутасадди ташкилотлар, масъул раҳбарларнинг муносабатига эътиборни қаратмоқчимиз. Очиғини айтиш керак, матбуотда эълон қилинган ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаётган мақолалар, муносабат ва мурожаатларга бўлган муносабатни, юмшоқроқ айтганда, кўнгилдагидек деб бўлмайди.
Келинг, аниқ мисолларга тўхталсак.
Газетамизнинг 2017 йил 10 февралдаги 6-сонида “Ноҳақлик бўлган жойда ариза-шикоятлар сони кўпаяди” сарлавҳали, “Иккинчи муаммо ҳал бўлди. Биринчиси-чи?” тагсарлавҳали мақолада Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманида яшовчи фуқаро Салима Аҳмедованинг мурожаати чоп этилган эди. Мурожаатда 66 ёшли фуқаро С.Аҳмедова 1973 йили ноябрь ойида Пастдарғом тумани Чархин шаҳарчасидаги пахта тойлаш (кўзи ожизлар корхонаси) цехида чап қўлини станок чайнаб юбориши оқибатида II гуруҳ ногирони сифатида рўйхатда туриши, шундан буён кўзи ожизлар корхонасидан маълум миқдорда пенсия олиб келиши, аммо икки йилдирки, ана шу пенсия пулини ололмаётгани, илгари ҳар олти ой-бир йилда пулнинг ўрнига пахта беришгани, бироқ эндиликда шу пахта ҳам, пул ҳам йўқлигини, идорага борса, ҳеч кимни топиб бўлмаслигини маълум қилган. Шунингдек, онахон яхши юра олмаслиги, ноябрь ойида “пахта бўлса пахта ёки пул берамиз, сизнинг қарзингизни узамиз”, дейишгани, аммо энди раҳбарларни топа олмаётгани, улар телефон қўнғироқларига ҳам жавоб беришмаётгани юзасидан ҳақли эътирозини мурожаатида қайд этган ҳамда таҳририятдан юқоридаги муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўраган.
“Мурожаатда қайд этилган масала, яъни меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан иш берувчи томонидан тўланадиган нафақа тўловларининг тўланишига оид амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижросига оид ҳолатлар юзасидан мутассадди ташкилотлар хулосасини кутиб қоламиз”, дея ушбу мурожаатга оид мақолани якунлаган эдик. Бироқ орадан қарийб 3 ой муддат ўтаётган бўлсада, ушбу масалага оид бирорта идора ёки ташкилотдан расмий жавоб ёки муносабат билдирилмагани онахоннинг не-не идоралар эшигини бесамар қоқаётгани айни ҳақиқат эканлигидан далолат эмасми? Бу каби муносабат билан айрим тегишли мутасадди ташкилотлар масъуллари аҳоли, ушбу ўринда жисмоний имконияти чекланган, ўзгалар кўмагига эҳтиёж сезаётган фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга беписанд муносабатда бўлаётганини англатмасмикан?
Айнан ўша сонимизда “Харажатга куйиб қоламанми?” сарлавҳаси остида чоп этилган мақоладаги Фарғона вилояти, Олтиариқ туманида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор Р.Назиров мурожаатига нисбатан муносабат ҳам, афсуски, юқоридагидек.
Гап нима ҳақида кетаётганига ойдинлик киритиш мақсадида қуйида мурожаатнинг айрим қисмларини келтириб ўтсак:
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим. 2016 йилда бозорда реконструкция ишлари олиб борилиши натижасида дўконимизни қайта қуришга тўғри келди. Менга қарашли дўконнинг ҳужжатини қайта расмийлаштириш, зарур рухсатнома, қарорларни қайта олишимиз керак экан. Туман ҳокимлигидаги мутасаддилар бозор ҳудудидаги дўконларни мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига қадар тезкор таъмирлаш зарурлигини айтишди. Шунга “бор, баракалла” деб, қурилишларни ҳашар йўли билан давом эттирдик. Янгича лойиҳалар чиздирдик, қурилишни бошладик.
Аммо қурилиш иши якунига етай деб қолганда, ҳокимиятдагилар бизга тегишли дўконнинг бир қисмини бошқа фуқарога ҳам ажратиб берганидан хабар топдик. Меҳнат қилган, ёнимиздан маблағ сарфлаган бизу, “ҳе йўқ, бе йўқ” бошқа фуқарога дўкондан жой ажратилишини қандай тушуниш мумкин? Наҳотки, реконструкция қилинган вақтда дўконни ўз ҳисобимиздан қайта таъмирлаганимиз нотўғри бўлган бўлса? Нима эмиш, биз, дўконни ноқонуний қураётганмишмиз. Ноқонуний бўлса, нега бизни қурилишни тезроқ тугат, деб шоширишди? Наҳотки биз ўз ҳамёнимиздан қилган харажатимизга куйиб қолаверсак”.
Мақоланинг хулоса қисмида мазкур мурожаатда келтирилган маълумотлар, фикр-мулоҳазалар, уларнинг асослилиги юзасидан хулоса бериш, ҳукм чиқариш фикридан йироқ эканлигимиз, илло, бу вазифани, яъни мурожаатда тилга олинган масала юзасидан суриштирув ўтказиб, ўзининг қонуний хулоса ва қарорини чиқаришга масъул ваколатли идоралар борлигини алоҳида таъкидлаган бўлишимизга қарамай, ушбу мақола юзасидан ҳам бирор ташкилот ёки идорадан жавоб хати келмади.
Газетамизнинг 2017 йил 24 февраль, 8-сонида “Иш топишда ёрдам берсангиз” сарлавҳали мақолада Андижон вилояти, Булоқбоши тумани, Ширмонбулоқ қишлоғи, Навоий номли маҳалла, Тафаккур кўчасида истиқомат қилувчи Мақсуда Раҳмонованинг ўтинчли мурожаати эълон қилинган эди.
56 яшар, мактаб ва коллежда, шунингдек, нодавлат таълим марказида ўқитувчи сифатида меҳнат қилиб келган, 36 йиллик иш стажига эга, ҳозирда пенсионер бу онахонимиз ўз мактубида кичик қизи узоқ тайёргарлик натижасида, яъни 5 йил деганда Андижон қишлоқ хўжалик институтига шартнома (контракт) асосида ўқишга қабул қилингани, ўтган йилнинг сентябрь ойида Халқ банкидан 6 650 000 сўм шартнома тўловининг 50 фоизига кредит олиб тўлагани, бироқ ўқув йилининг II ярим йиллигини тўлаш учун пенсия пулининг ўзи етмаслиги, шу боис ишга кирмоқчи бўлиб ҳаракат қилаётгани, қаерда соҳаси бўйича ўқитувчи етишмаётган бўлса, ижарада туриб бўлса ҳам, ўша ерга бориб ишлашга тайёр эканлигини, кўп суриштиргани, афсуски, иш топа олмаётганини маълум қилган эди. Иш топишда амалий ёрдам беришни сўраб мактубини якунлаган М.Раҳмонованинг мурожаати ҳам газетада чоп этилишига қарамасдан эътиборга тушмагани ачинарлидир.
Қонунчилигимизда пенсионерларнинг меҳнат қилишини чекловчи меъёрлар мавжуд эмаслиги, аксинча, мамлакатимизда ёшларимизни миллий қадриятларга ҳурмат, эл-юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда маънавий баркамол авлодни вояга етказишда фахрийларимиз тўплаган тажрибадан унумли фойдаланишимиз лозимлигини инобатга олиб мурожаатни вилоятдаги туман бандликка кўмаклашиш марказлари ва маҳалла фаолларининг эътиборига ҳавола этган эдик. Бироқ англашимизча, жойларда тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари газетани ўқиш уёқда турсин, варақламаган ҳам кўринади.
Танқидий мақола ва мурожаатларга бўлган бу каби муносабатлар фақатгина республикамизнинг чекка ҳудудларида кузатилаяпти десак, тўғри бўлмайди. Пойтахтимиз — Тошкент шаҳрида кузатилаётган айрим камчиликлар, муаммолар танқид остига олинган аксарият мақолалардаги масалаларга эътибор берилмагани кишини ташвишга солади.
Газетамизнинг шу йил 7 апрель, 14-сонидаги “Йўлда “сузаётган” автомобиллар”, 21 апрель, 16-сонидаги “Дилбоғ”нинг дилозор кўринишлари” сарлавҳали мақолалар, уларга илова қилинган суратлар ва аҳоли томонидан билдирилган мулоҳазалар, ҳақли эътирозлар наҳотки Тошкент шаҳар ва Яшнобод туман ҳокимликлари вакилларининг эътиборини тортмаган бўлса? Йўқса, нега мақолада келтирилган ҳолатлар ва уларни бартараф этиш юзасидан ақалли икки сатр жавоб хати йўллашмади. Мақоладан сўнг ўша ҳудудга бориб, маҳаллалар аҳли билан муаммо юзасидан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш шунчалар мушкулми?
Демак, жойларда мутасадди раҳбарлар газета ўқимайди ёки ўқиса ҳам уларда тилга олинган муаммо, мурожаатларга нисбатан бефарқ. Дейлик, тахмин қилганимиздек, биз учун мавҳум айрим сабабларга кўра мутасадди раҳбарлар газетамизнинг босма шаклини ўқий олмади, лекин газетада чоп этилган мақолаларнинг электрон шакли ҳар ҳафта расмий вебсаҳифамиз — www.adolatgzt. uz да эълон қилинади-ку!
Наҳотки бундай беминнат имкониятдан унумли фойдаланиш орқали республикамиздаги марказий ёки ҳудудий нашрларда қандай мақолалар чоп этилаётгани, уларда аҳолининг қайси мазмундаги фикр-мулоҳазалари баён этилаётгани маҳаллий ҳокимликлар, тегишли соҳа мутасаддилари ва ташкилотлар вакилларини қизиқтирмаса?
Тўғри, биз бу билан республикамиздаги барча тизим ва соҳа мутасадди раҳбарлари мақолалар, уларда келтирилган маълумотларга нисбатан бефарқ муносабатда деган фикрдан йироқмиз. Илло, таҳририятга келиб тушаётган мурожаатлар асосида тайёрланган “Нақди асал..(ми?)”, “Тиббий хизмат бепул, тиббий буюм-чи?”, “Ечимини кутаётган муаммо” сарлавҳали мақолаларимизга тегишли мутасадди ташкилотларнинг жавоб хатлари келди ва кузатган бўлсангиз, биз бу жавобларни газета саҳифаларида эълон қилдик.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мутасадди соҳа масъуллари, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари оммавий ахборот воситаларидаги мақола, эшиттириш ва кўрсатувларни диққат билан кузатмас экан, уларга нисбатан асосли ва ўз вақтида муносабат билдирмас экан, халқимизни жамоатчилик назоратини амалга оширишда ОАВ, маҳалла сингари фуқаролик жамияти институтларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга эканлигига ишонтира олмаймиз.
Бизнинг мақсадимиз аҳоли томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар, ариза ва мурожаатлар, матбуот орқали эълон қилинаётган танқидий-таҳлилий мақолалар тегишли мутасадди ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг эътиборидан четда қолмасин. Давлат ташкилотлари, мутасадди раҳбарлар фуқароларнинг дардига қулоқ тута билса, уларнинг муаммосини биргаликда бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқса ва амалиётга татбиқ этса, халқимизнинг давлат ташкилотлари, қолаверса, ОАВга бўлган ишончи мустаҳкам бўлади. Давлат ва халқ ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат юқори бўлса, ҳамжиҳатликда кўзланган мақсадларга эришишимиз муқаррар.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимиз тарғиботига бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда....
01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....
01 янв 1970
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. ...