Инсон манфаатларининг кафолати

/
Мустақил давлатимиз ҳаётида энг катта, алоҳида ўрин олган қутлуғ байрамлар қаторида мустақиллигимизнинг тамал тошини қўйган, эркин ва обод келажагимизнинг пойдеворини белгилаб берган Конституциямиз қабул қилинган кунни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ҳам халқимизнинг бу санага бўлган муносабати ифодасидир.
Фармойишда Конституциянинг норма ва тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилаётган Асосий қонуннинг аҳамиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга бағишланган туркум тадбирларни ташкил этиш ва бу борада амалга оширилаётган салмоқли ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш белгиланган.
Асосий қонунимизда Ўзбекистон келажагини, янги барпо этилаётган давлатимизнинг сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маънавий тараққиёт йўлини, унинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини тубдан ўзгартириб юборган мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг пировард мақсадлари аниқ-равшан белгилаб берилди.
Бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.
Конституциямиз негизига қўйилган талаб ва қоидаларга тўлиқ мос келадиган, дунё ҳамжамиятида “ўзбек модели” деб ном қозонган, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш йўли нақадар тўғри эканини бугун ҳаётимизнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Бугунги кунда Бош қомусимизда муҳрлаб қўйилган тамойилларни амалга ошириш йўлидан дадил қадамлар қўйилгани, давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда биз амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик янгиланишлар, аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг жадал ўсиб, юртимиз қиёфаси, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни бутунлай ўзгариб бораётгани барчага катта ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида “Халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий пойдевор бўлиб келмоқда”, деб кўрсатилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Дарҳақиқат, мана, 25 йилдирки, халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканлиги намоён бўлиб, у бизнинг миллий қадриятларимиз ва айни пайтда умуминсоний талабларга ҳар томонлама мос келмоқда.
Биз мустақил тараққиёт йилларида босиб ўтган ғоят мураккаб ва масъулиятли, машаққатли ривожланиш йўли давомида қандай жараёнларга дуч келмайлик, қандай оғир синовларни бошимиздан кечирмайлик Конституциямиз ҳамиша юртимизни, халқимизни турли бало-қазолардан асраш, ўта таҳликали вазиятларда яккаю ягона тўғри йўлни топиш ва келажакка ишонч билан қарашда асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Конституциямизнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган беқиёс аҳамияти ва тарихий роли, биринчи навбатда, биз учун мутлақо янги бўлган миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратиш, демократик тамойиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантириш учун зарур бўлган ҳуқуқий пойдевори эканлигида намоён бўлади.
Иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатларнинг принципиал қоидаларини ўзида мужассам этган ҳолда, Конституциямизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг эркинликлари давлат манфаатларидан устунлиги мустаҳкамланди, одамларимиз учун муносиб ҳаёт шароити яратилди, ижтимоий адолат тамойиллари белгиланди.
Учинчидан, Конституциямиз қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглигини ва шунингдек, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий принципини белгилаб берди, уларнинг мустақиллиги, ҳокимиятнинг мустақил тармоғи сифатида ривожланишини кучайтиришга, демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантиришга қаратилган қонуний негизни яратди.
Тўртинчидан, Конституциямиз хилма-хил фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланиши, сиёсий партияларнинг эркин фаолияти, кўппартиявийлик тизимининг шаклланиши ва ривожланиши учун ҳуқуқий база яратди, сайлов тизимининг асосий тамойил ва механизмларини тасдиқлади, сайлов эркинлиги, одамларимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлиги кафолатларини, ҳар қайси инсоннинг ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини мустаҳкамлади.
Бешинчидан, миллий истиқлол ғоясини ва умумбашарий қадриятларнинг энг яхши жиҳатларини ўзида мужассам этган ҳолда, Конституциямиз миллий анъаналаримиз, она тилимиз, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари, маданий меросини тиклашни таъминлади, инсоннинг маънавий камол топиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Олтинчидан, Конституциямиз миллий, кўпукладли иқтисодиётимиз асосларини мустаҳкамлади, ўзини оқламаган, бутунлай касодга учраган марказлашган маъмурий-тақсимот тизимидан эркин бозор иқтисодиётига қатъият билан ўтиш учун шароит яратиб, хусусий мулкнинг устуворлигини ўрнатди.
Еттинчидан, Асосий қонунимиз миллий хавфсизлик ва мудофаа органлари тизимининг шаклланиши ва самарали фаолият кўрсатиши, ўзининг ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатини давлатимиз, халқимизнинг олий манфаатлари, эл-юртимизнинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайдиган мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги мақомининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди. Бир сўз билан айтганда, Асосий қонунимиз ҳуқуқий давлат қуриш йўлига ўтишимизнинг пойдеворини яратди.
Тўлқин АЛИМАРДОНОВ,
сиёсий фанлар доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...