Адолат устуворлигининг кафолати

/
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилган ҳолда давлат бошқарувини ташкил этиб, эл-юртнинг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга эришган.
Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим мезон бўлмоқда. Бу борада давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамияти ғоят катта. Бу ҳақиқатни мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳам кузатишимиз мумкин.
Соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини юксалтириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадларига қаратилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосан Конституциямизнинг 7 моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши ташкил этилгани бу йўналишдаги ислоҳотларнинг изчил давом этаётганидан дарак беради.
Эндиликда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш баробарида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш йўлидан дадил қадам ташланмоқда. Мамлакатда ҳокимиятнинг бошқа бўғинларидан мустақил бўлган суд ҳокимиятини мустаҳкам қарор топтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар юртимиздаги демократик жараёнлар тантанасини ифода этиш билан бирга, фақат қонунга бўйсуниб, адолат юзасидан иш кўрувчи муҳим демократик институт сифатида суд тизимининг обрў-эътибори ортишига хизмат қилмоқда.
Яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг навбатдаги V съездида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда истиқболдаги вазифалар ҳам муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ассоциация томонидан халқаро юристлар ҳамжамияти ва хорижий давлатлар судларининг жамоат бирлашмалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, халқаро Юристлар иттифоқи, Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясининг Судьялар ассоциациялари ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Юристлар жамияти билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Судьялари ассоциациясининг 2012-2017 йиллардаги фаолияти тўғрисида ҳисобот тингланди, ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Съездда Ўзбекистон судьялари ассоциациясининг раиси, Марказий Кенгаш аъзолари ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби сайланди.
Ушбу анжуман соҳа вакилларига ўзаро фикр ва тажриба алмашиш, суд тизимидаги мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини такомиллаштиришга доир устувор вазифаларни яна бир бор таҳлил этиш имконини берди.
Зарафшон ҚАЛАНДАРОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Замира опа — қиз узатган, келин туширган, неварали, қуда-андали аёл. Фарзандлари ҳам эсли-ҳушли, меҳнатсевар....
01 янв 1970
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан юртимизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш вазифаларига устувор аҳамият берилмоқда....