Солиқ соҳасидаги ислоҳотлар бизга нима беради?

/
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодиётни эркинлаштириш соҳасидаги асосий йўналишларидан бири бўлган солиқларни камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.
Эндиликда солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бу борада илғор хорижий тажрибадан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Очиқ айтиш керак, тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ миқдорининг юқори даражалиги ва солиқлар турининг кўплиги, мураккаб маъмуриятчилик жараёни иқтисодиётимиз равнақига тўсқинлик қилмоқда. 2018-2020 йилларга мўлжалланган солиқ ислоҳоти концепцияси лойиҳасида ана шундай долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимизда мавжуд солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича жорий йил 13 февралда Президентимизнинг «Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинган эди. Мазкур фармойишга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда солиқ тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқди ва уни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Мухбиримиз концепция лойиҳаси муаллифларининг солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича фикрлари билан қизиқди.
Гўзал Исломова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори ўринбосари:

—Бугунги муҳокама бевосита барчамизга тегишли. Чунки ҳар биримизнинг ойлик маошларимиздан ушлаб қолинаётган, тадбиркорларнинг даромадларидан олинаётган солиқ пуллари нимага сарфланаётганини билишга ҳаққимиз бор. Солиқ концепциясининг негизида мамлакат рақобатбардошлигини кўтариш ётибди. Глобаллашув жараёнида ҳар бир давлат меҳнат ва иқтисодий захиралар учун курашмоқда. Ўзбекистон катта захирага, улкан табиий бойликлар ва инсон ресурсларига эга бўлишига қарамай, мамлакатимизнинг глобал сармоя бозорида рақобатбардошлиги ҳақида сўз кетганда, маълум бўладики, хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқиши пастлигича қолмоқда. Улар биз билан ҳамкорлик қилиш борасида эҳтиёткорлик билан иш тутмоқдалар. Айни пайтда Ўзбекистонга 2-3 йилга келиб-кетадиган хорижий инвесторлар билан ишлаш муҳим эмас. Биз учун доимий хорижий ҳамкорлар, бизнесга янгича ёндашувни олиб келадиган хорижий инвесторлар керак. Бунинг учун мамлакат халқаро майдонда юқори рейтинг кўрсаткичларига эга бўлиши талаб этилади. Айнан халқаро рейтинг кўрсаткичлари хорижий инвесторларга туртки берувчи омиллардан бири ҳисобланади. «Doing Business» халқаро рейтингига назар соладиган бўлсак, бу рейтингда Ўзбекистон сўнгги 5 йилда катта сакрашни амалга оширди. 5 йил аввал 146-ўринда бўлган бўлсак, бугун Ўзбекистон 74-ўринда турибди. Ушбу рейтингнинг солиқ солиш кесимида 78-ўриндамиз. Бу қўшниларимиз кўрсаткичлари билан таққосланганда, юқори эмас. Бизнинг галдаги вазифамиз ушбу рейтинг кўрсаткичини яхшилашдан иборат.
Бекзод Мусаев,
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

– Солиқ концепциясини ишлаб чиқишдан асосий мақсад тадбиркорларни, кенг аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, уларга солиқ тизимида имкониятлар яратишдир. Бунда асосий эътибор иш берувчи томонидан тўланадиган турли солиқлар юкини енгиллаштиришга қаратилган. Улардан бири қўшимча қиймат солиғини камайтириш. Бугунги кунда деярли барча мамлакатларда қўшимча қиймат солиғи 20 фоиз этиб белгиланган. Солиқ концепцияси лойиҳасида бу миқдор Ўзбекистонда 12 фоизга туширилиши белгиланмоқда. Асосий мақсад тадбиркорликни ривожлантиришга кенг йўл очиб беришдир. Бугун Ўзбекистонда 19 солиқ тури мавжуд. Эндиликда солиқлар миқдори ва юкини камайтириш, уларни соддалаштириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари солиқ тўлашида катта тафовут юзага келган. Бугунги кунда кичик бизнес субъектларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 50 фоиздан ошади. Бироқ уларнинг солиқлар тушумидаги улуши 7 фоиздан сал кўпроқ. Ўз навбатида, мамлакатда ишга яроқли аҳоли сони 13 миллиондан ортиқ. Давлат солиқ органлари ҳисобига кўра, улардан 5,7 миллион нафари расман ишлайди. Яъни даромад солиғи тўлайди. Ҳозир иш берувчи ўз ходимига, айтайлик, 1 миллион сўм ойлик берадиган бўлса, барча солиқлар қўшиб ҳисобланганда, жами 55 фоизгача солиқ тўлашига тўғри келади. Табиийки, бу тадбиркорга оғирлик қилади. Шу сабаб, эндиликда бу кўрсаткични 25 фоизгача тушириш кўзда тутилаяпти. Бу, албатта, тадбиркорларга фаолиятларини ташкил этиш учун қатор қулайликлар яратади.
Зафар Ҳошимов,
«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари:
— Бу концепция тадбиркорларга ҳақиқий ёрдам бўлмоқда. Аввало, қўшимча қиймат солиғи ставкаси пасайтирилиши ва юридик шахсларнинг деярли барчаси шу солиқ тўловига ўтиши муҳим аҳамият касб этади. Қўшимча қиймат солиғи — жуда фойдали солиқ. Бу қиймат мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади, пировардида, умумий солиқ миқдорини қисқартиради. Ҳозирги кунда республикамизда мавжуд юридик шахсларнинг фақатгина 3 фоизи қўшимча қиймат солиғи тўлайдиган тадбиркорлар ҳисобланади. Қолган 97 фоиз ишбилармон доира вакиллари ягона солиқ тизимига ўтиб кетганди. Агар бунга иқтисодий нуқтаи назардан қарасак, ялпи ички маҳсулотнинг қисқарган ҳолда кўрсатилишига ва солиқ тўланадиган базанинг камайишига олиб келади. Қолаверса, кўпгина йирик бизнесменлар қўшимча қиймат солиғини тўлашдан қочиб, ташкилотини 3-4 юридик қисмга бўлиб юборган эди. Концепцияда ана шу каби омилларга жиддий эътибор қаратилган.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ ёзиб олди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...