Истеъмолчини ким алдаяпти? Нима учун?

/
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади. Ҳужжатлар, тўлов квитанциялари ҳаммаси жойида. Аммо... Д.Шерматовага электр энергиядан 3 миллион сўмга яқин қарзи борлиги ва қарзни тўламаса иши судга оширилиши ҳақида огоҳлантириш келади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан ўтказилган текширув эса Д.Шерматованинг қарздорлигини эмас, аксинча, 150 000 сўм олдиндан тўлови борлигини аниқлади.
Афсуски, бундай ҳолатлар кейиги пайтлар тез-тез учрамоқда.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси ва унинг туман ва шаҳар жамиятларига биргина жорий йилнинг 3 ойи давомида 228 та ариза келиб тушган. Шикоятларнинг 37 таси савдо корхоналари, 92 таси табиий газ таъминоти, 59 таси электр таъминоти корхоналари, 1 таси ичимлик суви таъминоти, 13 таси алоқа хизмати, 2 таси транспорт хизмати ва 24 таси бошқа соҳалар ишидан норози бўлиб ёзилган. Мазкур мурожаатларнинг 219 таси, яъни 97,5 фоизи истеъмолчи фойдасига ҳал этилиб, назоратдан чиқарилди ва 117 154 000 сўм нореал қарздорлик истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Булар ҳали ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб ариза ёзган истеъмолчилар. Ариза ёзмаганлари қанча? Қачонгача истеъмолчини емаган сомсага пул тўлашга мажбур этишади? Бундан мақсад нима?..
Бугун кундалик ҳаётда учрайдиган турли муаммоларга қўл силтаб кетиб бўлмайди. Аксинча, ўз вақтида қонуний ечимини топишга ҳаракат қилиш лозим. Чунки қонунларни яхши билган кишилар фақат ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишни эмас, балки ўзларининг мажбурият ва вазифаларини ҳам тўлиқ англайдилар. Ўз ҳаёти ва фаолияти давомида бу мажбуриятларни тўлиқ адо этишнинг ҳам уддасидан чиқадилар.
Ёдингиздами, илгарилари истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини чиқиндига ташлаб юборардик. Кеча сотиб олинган туфлининг бугун тагчарми тушиб қолса ёки янги кўйлак ё шим бир ювилгач, кийиб бўлмайдиган аҳволга келса, сифатсиз экан-да, деб ишлаб чиқарганларни ичимизда койиб қўяверардик. Менталитетимизга хос юз-хотирчилик, андиша бизни шундай йўл тутишга ундаган. Энди эса фуқаролар ҳуқуқий билимларига таяниб уларни сифатлисига алмаштириб олишлари, бунда бирор муаммо туғилганда, кимга мурожаат қилишлари мумкинлигини яхши билишади.
Лекин бу ўринда бизни бошқа бир савол қийнайди. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан Д.Шерматова ва яна 219 та истеъмолчининг қарздорлиги йўқлиги исботланиб, ҳақ-ҳуқуқлари тикланибди. Шундай экан, ҳали истеъмолчилар орасида ҳақ-ҳуқуқлари тикланмаганлари қанча? Ёхуд уларнинг ҳар бири ўз ҳақлигини исботлаш учун Республика истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилишлари керакми? Умуман, Самарқанд вилоятидаги коммунал хизмат идоралари раҳбарлари ўз муаммоларини ўзлари ҳал қилолмасалар, нима ишлар билан шуғулланмоқдалар? Бу масаланинг бир томони, унинг иккинчи томони ҳам бор. Вилоят комуммунал хизмат ходимлари томонидан истеъмолчиларга етказилган моддий зарар тўланибди. Хўш, маънавий зарарни ким тўлайди? Хатолардан ким қандай хулоса чиқарар экан?
Инобат ҲАСАНОВА,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...
01 янв 1970
Юртимизда таълим тизимини ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Автомобиль транспорти Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқариш инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмидир. ...