Халқимиз ҳаётининг фаровонлиги — асосий мақсад

/
Давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар эътироф этилди ва шу билан бирга, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, фидойи журналистлар олдида турган янги вазифалар белгилаб берилди.
Маълумки, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётини холис ёритувчи маънавий кўзгу ҳисобланади. Мамлакат ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз бераётганида, жамият янгиланаётганида бу кўзгунинг аҳамияти янада ошади. Матбуот жамиятнинг фаол ва эркин демократик институтларидан бири сифатида янги ғоялар тарғиботчисига, жамоатчилик фикрини шакллантиришнинг таъсирчан, самарали минбарига айланади. Одамларда жамият ҳаётида, дунёда юз бераётган муҳим ўзгаришларни матбуот орқали билишга, ижтимоий-сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга қизиқиш кучаяди. Шу боис, истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлаб янги миллий матбуот тизимини шакллантириш, фаолиятини эркинлаштириш, соҳа моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, янгича фикрлайдиган журналист кадрларни тайёрлаш, бунинг учун тегишли олий ўқув юртларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг касб малакасини ошириш, таълим жараёнига энг илғор инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор берилди. Президентимиз Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида парламент фаолиятини, сиёсий партияларнинг ролини ошириш, партиялараро рақобатни кучайтириш ва унинг самарадорлигига эришиш билан бир қаторда оммавий ахборот воситаларига доир миллий-ҳуқуқий қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан яқин-келгусида амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифаларни белгилаб берди.
Ушбу муҳим ҳужжатда мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа долзарб масалалари қатори ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Чунки, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратиш учун, аввало, жамиятда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис минбарга айлантириш зарур.
Мустақиллик йилларида бу борада самарали ишлар қилинди. Оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши, сўз эркинлигини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.
Муҳими шундаки, бу йўналишда қабул қилинган қонунларнинг барчаси умумхалқ муҳокамасидан ўтди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини берди. Натижада матбуотимиз саҳифаларида собиқ тузум шароитида мутлақо қўл урилмаган, ҳеч ким журъат этмаган, расман тақиқлаб қўйилган кўплаб мавзулар, чунончи, танқидий мушоҳадалар, қиёсий таҳлиллар, ижтимоий-сиёсий шарҳлар пайдо бўлди. Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик шаклланиши билан эса сиёсий партияларнинг нашрларида соғлом баҳс-мунозаралар юзага келдики, бу ҳолат миллий журналистикамиз нуфузини анча баланд кўтарди десак, муболаға бўлмайди.
Аммо, эътироф этиш лозимки, оммавий ахборот воситалари фаолиятини эркинлаштириш, самарадорлигини таъминлаш жараёни бу ютуқлар билангина ниҳоясига етгани йўқ. Давр руҳини акс эттириш, ўқувчи ишончини қозониш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши керак. Давлатимиз раҳбарининг нутқ ва маърузаларида, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига уларнинг байрами муносабати билан йўллайдиган ҳар бир табригида шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги даврнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқадиган янги вазифалар алоҳида кўрсатиб берилади.
Бу вазифалар жаҳон миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, информацион хуружлар тобора кучайиб бораётган таҳликали бир вазиятда халқимиз, айниқса, ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, оқни қорадан, ростни ёлғондан ажратишга қодир инсонлар этиб тарбиялашда, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб, воқеликка дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганидан келиб чиқади.
Президентимиз табригида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг халқаро майдонга кириб бориши, дунёда ном қозонган нуфузли нашрлар ва медиакомпаниялар билан самарали ижодий алоқалар ўрнатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тилларни пухта эгаллаш матбуотчилар олдида турган бугунги муҳим вазифалардан бири эканлиги эътироф этилди. Шу билан бирга, бугунги глобаллашув замонида, интернет асрида ахборотнинг тарқалиши учун ҳеч қандай чегара йўқлиги, бундай мислсиз интеграция тараққиёт учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб бериши баробарида, ахборот оқими орқали турли бузғунчи ғоялар ҳам ҳаётимизга кириб келаётгани ва ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди. Янгиликка, турли ахборотларга қизиқиш билан қарайдиган ёшлар онгига интернет қай даражада таъсир кўрсатаётгани ҳақида айтилган бу фикр замирида улкан маъно мужассам.
Одамларнинг, биринчи навбатда ёшларнинг онгу тафаккурини, маънавий оламини издан чиқаришга қаратилган уринишларнинг асл моҳиятини англаш ва бунга бепарво бўлмаслик ғоят муҳимдир.
Жамият ўз олдига нечоғли улуғ мақсадларни қўяр экан, шубҳасиз, бунда инсон омили ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Яъни жамият аъзоларининг ижтимоий онги, сиёсий маданияти, дунёқараши, фуқаро сифатида фаоллиги, Ватан, миллат олдидаги масъулиятни ҳис этиши, янги авлод тарбияси миллий тараққиётни белгиловчи асосий шартларга айланади. Ер юзида ҳаёт пайдо бўлганидан бери авлодлар алмашинуви давом этади. Инсон бу ёруғ оламда эмин-эркин, тинч-тотув ҳаёт кечиришни, фарзандларини тарбиялаб вояга етказишни, ўзидан яхши ном, эзгу амаллар қолишини орзу қилади. Аммо уруш, босқинчилик ҳаракатлари, ноаҳиллик натижасида бу орзуларга ҳамиша ҳам етиша олмайди. Бунинг бошқа бир сабаби — том маънода озод ва эркин, ҳақ-ҳуқуқини таниган, она Ватани бағрида умргузаронлик қилаётган инсонгина ўзлигини намоён қила олади, иқтисодий, маънавий қарамлик, миллий маҳдудлик эса бу борадаги интилишларни чеклаб қўяди.
Халқимиз истиқлол йилларида моҳият эътибори билан асрга тенг шиддатли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Ички ва ташқи хуружларга қарамай, миллий тараққиёт йўлидан оғишмади, бугунги ёруғ кунларга қатъий ишонч билан интилди, меҳнат қилди, изланди. Шу йиллар ичида жамият янгиланди, одамлар, уларнинг дунёқараши, турмуш тарзи бутунлай ўзгарди, Ўзбекистонимизнинг номи дунёнинг ривож топаётган, иқтисоди бақувватлашаётган давлатлари сафида тилга олинадиган бўлди. Йигирма беш йилда эришган муваффақиятларимизнинг бош омиллари ҳақида сўз кетганда, Ватан туйғуси, Ватан фахри, Ватан ҳимояси деган фикр хаёлимизга келади. Бу туйғу бугун ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, фахр-ифтихоримизга айланди, беқиёс ғурур бўлиб, онг-шууримиздан жой олди. Олдимизда янада масъулиятли вазифалар, эртага эгаллашимиз лозим бўлган янги марралар турибди, яъни “биз ёш авлодимизни бошлаган буюк ишларимизнинг давомчилари этиб тарбияламоқчи бўлсак, ҳеч шубҳасиз, қандай оғир, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтганимиз, дунё ҳамжамияти тан олаётган юксак ютуқ ва марраларимиз тарихимиз солномасида ўчмас из қолдириши, халқимизинг онгу тафаккурида муҳрланиши, миллий ғоямиз, мафкурамиз асосига айланиши шарт”.
Бунинг учун янада самарали, таъсирчан ишлашга, халқимиз ҳаётини янада фаровон ва обод қилиш, дунёдаги энг ривожланган, демократик давлатлар қаторига кириш, халқаро майдонда Ўзбекистонимизнинг обрў-эътиборини янада юксалтириш ишига муносиб ҳисса қўшишимиз зарур.
Юртимизда истиқлолимизнинг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш тараддуди бошланди. Ўтган йиллар ичида эришган оламшумул ғалабаларимизни сарҳисоб қилиш, бугунги ва эртанги кунимизнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга халқимизни, айниқса, ёшларимизни сафарбар этиш матбуотнинг бирламчи вазифаси ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табриги бизни янада ғайрат-шижоат кўрсатиб ишлашга чорлаш баробарида, зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасини диққат-эътибор ва катта ҳаяжон билан тинглар эканм...
01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....
01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...