Жамият тамаддуни хотин-қизлар фаоллигига боғлиқ

/
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шу орқали оналарни рози қилиш хусусида алоҳида тўхталганди. 2018 йил 2 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Бу эса биз, аёлларни беҳад қувонтириб, кўнгилларимизни чексиз фахру ифтихорга тўлдирди.
Дунё яралганидан буён аёл ҳаёт шамчироғи ва жамият гултожи бўлиб келган. Агар тарихга назар ташласак, Бибихоним, Увайсий, Нодирабегим, Зебуннисо сингари аждодларимиз ҳам ўз замонасининг оқилаю фозила, фаол аёлларидан бўлишган.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори замирида мунис оналаримиз, дилбар аёллар ва опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш масаласи устуворлик касб этаётгани бежиз эмас.
Маълумки, оила жамиятимизнинг таянчи ва энг асосий бўғини саналиб, аёл ана шу қўрғоннинг устунидир. Бинобарин, айни пайтда аҳоли билан мулоқотлар туфайли ўз мутахассислиги бўйича иш излаётган минглаб аёллар ва қизлар доимий иш ўринларига эга бўлишмоқда. Ёки қайсидир бемор онанинг даволаниши учун моддий ва маънавий кўмак берилаётган бўлса, ҳудудларда хотин-қизларга оилавий шароитларини яхшилашлари, бандлиги таъминланиши учун имтиёзли кредит маблағлари ажратилмоқда. Айниқса, опа-сингилларимизнинг оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун йўналтирилаётган имтиёзли кредитлар — молиявий қўллаб-қувватлаш эътирофга сазовордир. Тиббиёт тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам оналар ва болаларнинг, бўлғуси оналарнинг саломатлигини асраш масаласи муҳим ўрин тутмоқда.
Айтиш жоизки, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, шу орқали оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш масаласи қонунчиликка киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2018 йил 3 январда қабул қилинган “Айрим давлат органлари фаолияти такомиллаштирилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўгрисида”ги қонунга мувофиқ, Оила кодексининг 40-моддаси “Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак” деган мазмундаги учинчи қисм билан, 218-моддаси эса “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини ариза берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор килиши керак”, деган жумладан иборат учинчи қисм билан тўлдирилди. Бу ҳуқуқий меъёрлар оилавий ажримларнинг олдини олишга, айниқса, ёш оналарнинг ҳуқуқларини таъминлашга, фарзандларнинг келажаги барбод бўлмаслигига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг фармонида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида айни пайтгача мавжуд бўлган бир қатор муаммолар ҳам қайд этилган. Жумладан, хотин-қизлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича самарали чоралар кўрилмаётгани, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга юридик маслаҳатлар бериш ишлари замон талабларига жавоб бермаётгани қайд этилган.
Албатта, бундай муаммоларга барҳам бериш, аёллар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарлигининг олдини олиш, қолаверса, бугунги кенг кўламли янгилик ва ўзгаришлар, эзгуликлар ҳамда ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш биз — депутатлар зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Бинобарин, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги ва бошқа дахлдор ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Бунда асосий эътибор хотин-қизларнинг дарду ташвишларини эшитиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, шу орқали уларнинг давлат органларига, депутатларга бўлган ишончини оқлаш ва рози қилиш, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришга қаратилмоқда.
Дилором БЎРИБЕКОВА,
халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. 
01 янв 1970
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, тан...
01 янв 1970
...Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...