ДОВРУҚЛИ ДАЛА

/
Қаҳрамонимиз эллик бирнинг устида. Шу кунгача турли сабабларга кўра ўлимни кўп кўрди. Аммо онасиникидай мардона, жасур, бардошли ўлимга ҳеч қачон дуч келмади. Кўп йиллар жигар хасталигидан азоб чеккан онасини оламдан ўтади деб сира-сира ўйламаганди. Ҳатто соғайиб кетади, деган умидда эди…
1992 йилнинг 9 марти эди. Ҳайиталини отаси чақирди:
– Сени энанг сўраяпти.
Ичкарига кирди. Онаси узоқ ётган бўлса-да, тинч ва осойишта эди. Кўзлари меҳрли.
– Мен йўлга чиқдим, – деди онаси кутилмаганда. – Аммо бир дунё армонларимни елкамга олиб кетаяпман. Биринчи армоним – сенинг ўқишга кирганингни кўролмадим. Нега йиқилдинг, билолмадим... Иккинчи армоним – тўйингни кўролмадим.
Ҳайиталижон, қўлингдан кўп иш келади. Диплом ҳам оларсан. Кейин чиройли қизга ҳам уйланасан. Булар бўладиган иш. Аммо мен сенга бўлиши қийин, арқови жуда-жуда мураккаб бир ишни тайинлайин. Олтита уканг хор бўлмасин. Шуларнинг тарбияси билан ўзинг шуғуллан. Шукурали укангни ўйлаяпман. Бўлмағур тушлар кўраяпман, нима бўлганда ҳам армиядаги шу уканг тек эмас. Шунга қизиққин, жон болам.
Онанинг кўзларида ёш ҳалқаланди.
– Кел, болам, ўзимнинг Ҳайиталим, Ҳайитжон, сени бир ҳидлай... Энди бор, мен анча тузукман. Тузук.
Тузукман дейилган хонага кирган Ўроқбойнинг осмонни йиртар ўкириги эшитилди:
– Онаси!..
***
Ҳарбий-денгиз флотида хизмат қилаётган укаси Шукурали ҳақида Ҳайитали кўп бўлмаса ҳам озроқ хабардор эди. У бир ёмон гап оқибатида 1991 йили ноҳақ қамалганди. Табиийки, бу гап хаста онадан қаттиқ сир тутиларди.
Онасининг қирқ маросими ўтгач, Ҳайитали йўлга чиқди.
Қийнала-қийнала Ўзбекистон Олий Совети раисининг биринчи ўринбосарининг қабулига кирди. Ҳайитали укасининг қамалиш сабабини тушунтириб берди. Бунда Ҳайиталига 1986-1988 йиллари ҳарбий хизматда бўлиб, рус тилини ўргангани қўл келди:
– Укамнинг қамалиш сабаби мана бундай, ўртоқ Бугров! У табиатан оркаш, қатъиятли йигит. Бир сабаб бўлиб, командири билан гап талашиб қолади. Қўл остидаги йигитнинг тап тортмаслиги унга ёқмайди. Баланддан келиб, «Ҳей сен чурбан, сен ўзи кимсан? Нега менга ақл ўргатаяпсан? Малай, бир ўғри халқдансан-да, шу кунингга бунча гердаясан. Кечаги газетани ўқиганингда эди», дейди.
“Малай, ўғри”, деган сўзлардан укам тезобланиб кетади. “Шу гапларингни қайтариб ол, командир. Илтимос қайтариб ол. Бўлмаса, ёмон бўлади”, дейди. Командир бўлса баттар баланддан келаверади. Хуллас, укам чидай олмайди. Қулочкашлаб унинг юзига мушт туширади...
Бугров адолатли одам экан. Икки ой деганда кўп югур-югур, азоб-уқубатлар билан бўлса-да, Шукуралини қамоқдан олиб чиқишди. Бу ишларни адо этиш, ўша пайтларда қаҳрамонлик билан тенг эди, деса лоф бўлмас.
***
Ҳайиталига йилнинг энг севимли ойи август. Бунинг сабаблари кўп. Биринчиси ва энг муҳими, 1991 йилнинг 31 август куни Ватанимиз мустақил деб эълон қилинди. 1991 йилнинг августида унинг орзуси ушалиб фермер бўлди. 2004 йилнинг августида эса бош фарзанди Жонибек туғилди.
1991 йилнинг августида у барча ака-укаларини бир жойга тўплади.
– Акалар, укалар фермер бўламиз. Ҳаммамиз муштни бир жойга қўйиб, бир жону бир тан бўлиб ишлаймиз.
– Фермеринг нима ўзи? Аввал бизга шуни тушунтириб бер, – деди Ражабали.
Шу ерда Ҳайиталининг тили тутилди. Бу янги ҳаракат учун ҳали низом, тузукроқ йўл-йўриқ бўлмагани учун маънилироқ қилиб тушунтириб бера олмади.
– Бирга ишлаш. Бирга ишлаб, фойдани тенг бўлиб ейишдир, – деди сўнг.
Аммо бирга ишлаб фойдани тенг бўлиб ейиш осон бўлмади. Фермерлик ҳақида одамлар тугул, ҳатто раҳбарларда ҳам тузук-қуруқ тушунча бўлмагани учун улар ака-укалар устидан кулгандай бўлди. Баъзи оғзи каттароқлари эса фермерлик Ҳайиталига идорада ўтириб чўт ташлаш, иқтисодчилик қилиш эмас, ҳали кўрамиз, бир ойга қолмай далани ташлаб қочмаса, дейишди.
Бошқалар бўлганда, балки қочишарди. Уларга ажратилган ер ташландиқ, захира ер эди. Энг ёмони, сув келиши минг азоб эди. Ерга урилган кетмон осмонга сапчирди. Буёғи техника йўқ. Ёрдамга келганлар эса, мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида ишлашарди.
Шундай кунларнинг бирида дала бошига туманнинг ўша пайтдаги раҳбари Иноятулла Суннатов келиб қолди:
– Янги ишнинг ташвиши кўп бўлади. Тўғри, ерларинг анча нобоп экан. Мен ака-укаларнинг қўш қанот бўлганларидан қувониб турибман. Қўрқманглар, чунки бу ишнинг бошида давлатимиз раҳбарининг ўзлари турибдилар. Билиб қўйинглар, қийнала-қийнала пиширилган ошнинг таъми бўлак бўлади.
Бу гаплар ака-укаларга далда бўлди. Эл бирлашиб пуфласа, бўрон бўлади деганларидек, фермерликнинг биринчи йилиёқ далага саховат ёғилди. ўалла мўл бўлди – гектарига қирқ центнердан. Пахтанинг серҳосиллиги туфайли одам пахтазорда суратга тушгиси келарди.
***
Отаси Ўроқбой аканинг «Йигитлар, ҳамма нарса секинлик билан бўлади, аввал озроқ ерда ишлаб кўринглар-чи, кейин бир гап бўлар, бу далани сенларга синов даласи деса ҳам бўлади, энг муҳими, ҳамжиҳат бўлинглар», деган гаплари ҳам далда бўлди. Отанинг ҳар бир гапини ҳаёт ҳикмати деб билган йигитлар ғайрат билан ишлай бошлади. Сув танқислиги ишнинг пайига тепа бошлагач, қудуқ қазишга тушишди. Қудуқдан насос орқали ер ости сувидан чиқариб суғоришга киришдилар. Ҳамжиҳатлик имкониятларга йўл очди. Дастлабки ерга йил сайин ер қўшилиб, тумандаги йирик фермерлардан бирига айландилар.
2010 йилда 30 гектарга пахта, 30 гектарга ғалла экиб, гектаридан қирқ уч ва эллик центнердан хирмон кўтарилди. Бу юксак кўрсаткичлар қадр топди. Хўжаликка «Олтин фермер» мақоми берилди.
2016 йилда ғалла режасини салкам бир ярим ҳиссага етказдилар. Пахта режасини 120 фоизга адо этишди. Самарадорлик йил сайин ошиб борди ва 2016 йилда 29,4 фоиз бўлса, 2017 йилда эса 32,3 фоизга кўтарилди.
Эскиларнинг «Отлиқнинг ризқи олтита, аммо олтитаси ҳам нақд, пиёданики битта, у ҳам бўлса насия», деган гапи бор. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги «Навбаҳор» фермер хўжалигининг бошлиғи Ҳайитали Неъматов ҳам олти ризқли одам. Нега десангиз “Дамас” минади – пойи пиёда юрмайди. Бунинг сабаби бор. 2013 йили республика Бош вазири, ҳозирги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан «Режадан ташқари 50 тонна сара дон» деган ташаббус ўртага ташланган эди. Бу ташаббусни қизғин қўллаган «Навбаҳор» фермер хўжалиги миришкорлари режадан ошиқча 50 тонна сара дон топширишга муваффақ бўлдилар. Шунда улар «Дамас» русумли машина билан тақдирланганди.
Далани меҳнат безайди, меҳнат обрўлантиради. Меҳнат туфайли ташландиқ дала олтин далага айланади. Бу ерга кўплаб раҳбарлар қизиқиб қолишди. 2015 йили бу ерга ташриф буюрган республика қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев далани эринмай айланди. Ўсимликлар кўркидан руҳланиб, «Шуларни сизлар ўстираяпсизларми, балосизлар-ку, бу ерга олимлар келиб, иш ўрганса бўларкан», деди. Бу гаплар Ҳайитали фермернинг қулоқлари тагида ҳозиргача жаранглайди.
***
Яқинда Ҳайитали Неъматов хонадонида бўлдик. Уй-жой фермерга ярашиқли. Кўзга ташланган ҳар нарсада уй соҳибининг диди сезилиб турибди. Ҳовлида барқ урган гуллар. Диққатимни уйнинг чап тарафидаги улкан стенд тортди. Стендни «Навбаҳор»нинг 27 йиллик тарихи деса бўлади. Эҳ-ҳе, ундаги суратлар...
Кўнгиллар очилиб, суҳбат қизғинлашиб кетди. Ҳайитали гапга ғоят чечан. Гапларига шеър қўшиб, фикрини чиройли баён этади.
1998 йили университетнинг иқтисодчилик соҳаси бўйича дипломини олган йигит мен билан бир истеъдодли ёш шоирнинг шеъри ҳақида гурунглаша кетди. Хаёлимдан «Худо берган йигит экан» деган фикр ўтди.
Ҳайитали фермерга ҳам ҳайрат, ҳам ҳавас билан қарайман...
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...
01 янв 1970
Ҳар бир байрамнинг ўзига хос шукуҳи, дилларга руҳ бағишлайдиган қувончи, миллатни, халқни улуғлайдиган қудрати бўлади. ...
01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...