Бўлажак чемпионлар мактаби

/
Футболнинг «миллионлар ўйини» дейилиши бежиз эмас. Ер юзида 300 миллионга яқин киши спортнинг шу тури билан шуғулланади. Футболнинг ашаддий ишқибозлари эса миллиардлаб. Демак, дунёнинг исталган нуқтасида футбол мусобақаси учун майдон, ўйинчилар ва уларга мухлислик қиладиган томошабинлар топилади.
Айниқса, болалар футболга ўзгача меҳр қўйгани, ирқи, тили ва ота-онасининг ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, барчаси яшил майдонда тўп суриб, агар бундай шароитга эга бўлмаса, кўча-кўйдаги очиқ жойда футбол ўйнаб, қалблари қувончга тўлиши маълум.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) келишувига кўра, 19 июнь — “Жаҳон болалар футболи куни”, деб белгиланган. Мазкур сана муносабати билан бутун дунёда ўтказиладиган спорт тадбирлари, мусобақалар орқали жаҳон ҳамжамияти эътибори яна бир карра ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга қаратилади.
Мамлакатимизда ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришнинг асосий мезони сифатида спорт ривожлантирилмоқда. Бугунги ёшларга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Истиқлол шарофати билан навқирон авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, иқтидорини тўла намоён этиши, ўзи қизиққан спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча қулайликлар яратиб берилди. Шу ўринда, кейинги ўн йилда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг 744 миллиард сўмлик маблағи ҳисобидан барча вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда 1 минг 700 дан зиёд замонавий спорт иншоотлари бунёд этилгани, охирги ўн йил давомида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси болалар ва ўсмирлар ўртасида 30 фоиздан 57 фоизга, қиз болалар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Болалар футболи равнақига қаратилаётган алоҳида эътибор замирида ҳам юксак орзу-мақсадларимиз бўй кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 1 майда қабул қилинган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги қарорига биноан мамлакатимизда Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Мазкур жамғарма томонидан болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, янги ўқув-машғулот масканлари, хусусан, сунъий қопламали футбол майдонлари барпо этиш, футбол мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
...Дарвозага тўп киритган боланинг майдон узра югуриши, жамоадошлари уни ўраб гол учун миннатдорлик билдириши, томошабинларнинг олқиши-ю, рақиб ўйинчиларнинг юз ифодасидаги мағлубият алами — барча-барчаси табиий, одатда, профессионал футболчилар иштирокида ўтказиладиган мусобақаларда айнан шундай ҳолатлар кузатилади.
Тўп думалоқ, майдон эса текис. Олдиндан қайси жамоага ғолиблик насиб этишини айтиш қийин. Бу ўйинчиларнинг маҳорати, қолаверса, омадга ҳам боғлиқ жараён. Мусобақа якунида ҳисоб қандай бўлишидан қатъи назар, икки жамоа аъзолари — болакайлар ҳақиқий футболчилар каби бир-бирининг қўлини сиқиб, гўёки “Биз ўйиндагина рақиблармиз. Ҳаётда эса дўстмиз, ўртоқмиз”, дегандек самимий хайрлашди.
Юқорида келтирилган лавҳалар Чилонзор туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида, 2006 йилда туғилган болалардан иборат футбол жамоалари ўртасида ўтказилган ўртоқлик учрашувидан олинди.
— Икки йилдан буён тўгарак машғулотларида иштирок этиб, футболга қизиқишим янада ортди, — дейди 210-умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчси Самандар Каримов. — Келажакда таниқли футбол клубларида ўйнашни, Одил Аҳмедов, Луис Альберто Суарес, Лионель Месси, Неймар Жуниор каби машҳур футболчи бўлишни орзу қиламан. Бунинг учун, аввало, устоз-мураббийлардан ўйиннинг ўзига хос сирларини ўрганиб, маҳоратимни ҳам ошириб бораман.
— Мен Сардор Рашидов, Сервер Жипаров, Жасур Ҳасанов сингари Миллий терма жамоамиз ўйинчиларига ҳавас қиламан, — дейди 35-умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Шералиев. — Футбол тўгарагига уч йил давомида қатнаб, кўплаб дўстлар орттирдим. Ўйин пайти ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиш, бир-биримизни яхши тушуниш муҳим эканини англадим. Ҳозир барча футбол ишқибозлари қатори “Евро — 2016” ўйинларини кузатиб бораяпман. Тахминимча, Англия 1-ўрин, Германия 2-ўрин, Испания эса 3-ўринни эгаллайди.
Чилонзор туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан эрта-ю кеч, дам олиш кунлари ҳам ёш спортчи — ўғил-қизларнинг қадами узилмайди. Футбол майдонида тўп тепаётган болалар, теннис билан шуғулланаётган қизалоқлар маҳорати кишига завқ бағишлайди. Бу масканга фарзандларини олиб келган ота-оналар уларни бирон тўгаракка ёздириб қўйиш билан чекланиб қолмасдан, мураббийлар ўтказаётган машғулотларни кузатишни ҳам канда қилишмайди.
— Бугунги кунда бадиий гимнастика, футбол, стол тенниси, камондан ўқ отиш, енгил атлетика, таэквондо, баскетбол, дзюдо, турон якка кураши, қиличбозлик, теннис каби спорт тўгараклари 90 гуруҳга бўлинган ҳолда фаолият олиб бораяпти, — дейди спорт мактаби директори Асқар Абдураимов. — Ўқув машғулотларини ўз йўналишлари бўйича спорт устаси, етук мутахассис ҳисобланган 45 нафар мураббий ўтказмоқда. Жами шуғулланувчи болалар сони 936 нафар, шундан 430 нафари қизлар. Ўғил болалардан 234 нафари эса айнан футбол тўгарагига қатнайди. Шундан ҳам футбол энг оммавий ўйин эканини билиш мумкин.
Чунончи, футбол болаларда таянч-ҳаракат тизими, нафас олиш ва юрак-қон томир тизимлари фаолиятини яхшилайди, тезлик, чаққонлик, чидамлилик, мураккаб вазиятда тез ва оқилона ечим топиш қобилиятини ривожлантиради. Ушбу ўйин асосан очиқ ҳавода ўтказилиши сабабли биринчидан, жисмоний чиниқишга олиб келади, иккинчидан, ўйинчилар тана аъзоларининг атроф-муҳит таъсирига чидамлилигини оширади.
Маълумки, футболда ғалабага эришиш учун ўйинчилардан якдил бўлиб ҳаракат қилиш талаб этилади. Шу боис уларда, аввало, ўзига ишонч, ўртоқлик, бир-бирига ёрдам бериш каби фазилатлар тарбиялаб борилади.
Мухтасар айтганда, бугун мураббийлари кўмагида ўз маҳоратларини ошираётган, “миллионлар ўйини” сирларини қунт билан ўрганаётган ёш футболчилар келгусида жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонамиз.
Суюндик МАМИРОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда имконияти чекланган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун барча имкониятлар яратилган. ...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда юртимизда ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилди. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
Бугун Индонезия пойтахти Жакартада Осиё ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Осиё ўйинлари қитъамиз атлетларининг энг нуфузли спорт тадбирлари...