Ватан шаънини улуғлаш — энг буюк бахт

/
Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида август-сентябрь ойларида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча жабҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон манфаатлари, халқимизнинг эзгу орзу-истаклари рўёбига хизмат қилаётгани, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётганини таъкидлади. Ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида спортни ривожлантириш ва оммалаштиришга Президентимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бераётганини қайд этиб, спорт оламининг нуфузли мусобақалари – ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимизга муваффақият тилади.
Мустақиллигимиз шарофати билан спортчиларимиз жаҳон спорт ареналарида она Ватанимиз номидан беллашувларга чиқиб, улкан ғалабаларни қўлга киритаётгани, давлатимиз мадҳиясини баралла янгратиб, байроғимизни сарбаланд этаётгани қалбларимизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан спортнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳанинг ривожланиши учун халқаро стандартлар талаблари даражасида асос яратиш мақсадида 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил қилинди. Ўтган давр мобайнида жамғарма томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларида замонавий спорт иншоотлари барпо этилди. Бугунги кунда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг қарийб 60 фоизи спорт секцияларига қатнашмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда олимпия ҳаракати кенг тус олди. “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақаларидан иборат уч босқичли спорт ўйинлари мунтазам ташкил этилмоқда. “Кичик Олимпиада” мақомини олган бу мусобақалар бугун минглаб спортсевар ёшларнинг иқтидору маҳоратини юзага чиқариб, уларнинг жаҳон спорт ареналарига чиқишида катта парвоз майдонига айланди.
Президентимизнинг ҳеч бир соҳа мамлакатни спортчалик дунёга тез танита олмайди, деган сўзларининг исботини юксак мақсадлар сари курашадиган, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар етишиб чиқаётганида, уларнинг Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида муносиб қатнашиб, юксак ғалабаларни қўлга киритаётганида яққол кўришимиз мумкин.
Мамлакатимиз спортчилари Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ўйинлари ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этиши бунинг далилидир.
Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори спортчиларимизни ушбу нуфузли спорт анжуманларига пухта, босқичма-босқич тайёрлаб боришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Олимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритиш ва ушбу мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаш имконияти юқори бўлган истиқболли спорт турлари аниқланиб, улар бўйича федерацияларнинг фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси доирасида 2013 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Жамғарма маблағлари республика спорт федерацияларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда. Олимпия ва Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон спортчи ва мураббийларига стипендия тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиб, спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси фойдаланишга топширилди, Ўзбекистон спортчиларини тиббий-биологик хизмат ва спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилди. Спортчиларимиз мамлакатимиз ва хорижда ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиб, тажриба ва маҳоратини оширди.
Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳрида Олий маҳорат спорт мактаблари барпо этилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси М.Усмонов мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал ривожланаётганини алоҳида қайд этди. Сўзга чиққан спортчиларимиз Олимпия ўйинларида ўзларининг маҳоратини намойиш этиб, юксак ғалабалар билан қайтишга ваъда бердилар. Бу ғалабалар мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфа бўлажагини таъкидлади.
Президентимизнинг 2016 йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ва иштироки тўғрисидаги қарори спортчиларимизнинг мазкур нуфузли мусобақаларда муносиб қатнашишини таъминлашга хизмат қилади.
Агар, 2012 йили бўлиб ўтган Лондондаги мусобақаларда 63 спортчимиз иштирок этган бўлса, бу йилги ўйинларда 100 га яқин спортчимиз қатнашиши кейинги тўрт йил ичида профессионал спортимиз шиддат билан ўсганини яққол кўрсатади.
Олимпия ўйинларида спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича баҳслашади. Улар орасида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари бўлган тажрибали спортчилар билан бир қаторда ушбу мусобақада илк маротаба иштирок этадиган ёш спортчилар ҳам кўплиги мамлакатимиз спорт салоҳияти юксалиб бораётганидан далолат беради.
Бу йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинлари Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ташкил этилаётгани ҳам ўзига хос маъно-мазмунга эга. Зеро, истиқлолимиз туфайли истеъдоду салоҳиятда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган, жаҳон майдонларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб юксак ғалабаларни тантана қиладиган спортчилар етишиб чиқаётганидан фахрланамиз.
Спортчиларимиз бу йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни қалбига жо қилиб, бўлажак беллашувларда юксак натижаларни қўлга киритишга ва энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб туҳфа билан қайтишга аҳд қилган.
– Мени Президентимиз асос солган уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари тарбиялади, истеъдодимни юзага чиқарди. Биз Бразилияга йўл олар эканмиз дилимизда ҳам, тилимизда ҳам “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиор билан курашга киришамиз, – дейди бокс бўйича Осиё чемпиони, жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев. – 2015 йилда Оқсаройда “Шуҳрат” медалини топшираётганларида Президентимиз мени бағрига босиб, «Сен Олимпиададан албатта чемпион бўлиб келишинг керак!» дея юксак ишонч билдирдилар. Юртбошимизнинг бу сўзлари юрагимдан мустаҳкам ўрин олган. Олимпия ўйинларидан албатта чемпион бўлиб, Ватанимга ёруғ юз билан қайтаман.
– Лондонда ўтган Олимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритганимдан кейин Президентимиз мени “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирлаганида, бу юксак мукофот мен учун олтин медалдан ҳам қадрлироқ эканини ҳис қилдим, – дейди дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, икки карра Олимпия ўйинлари совриндори Ришод Собиров. – Мен Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпиадада “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” дея беллашувларга киришаман ва Президентимизнинг, халқимизнинг ишончини оқлайман!
– Ҳар бир спортчимиз каби мен ҳам жаҳон майдонларида она Ватанимиз – Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш имконига истиқлол шарофати билан эришганимни чуқур ҳис қиламан, – дейди таэквондо (WTF) бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин. – Мен мана шундай юртда туғилиб, вояга етганимдан, спорт билан шуғулланиб, жаҳон спорт ареналарида Ватан шаъни учун беллашувларга кириш бахтига муяссар бўлаётганимдан фахрланаман. Жаҳон чемпионатида қўлга киритган олтин медалимни Олимпия ўйинларида ҳам такрорлашни мақсад қилганман. Чунки “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори қалбимдан мустаҳкам жой олган. У менга куч-қувват беради.
– Мамлакатимизда спортнинг қизларга хос турлари, жумладан, бадиий гимнастикани ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик минглаб спортсевар қизларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида, орзуларининг рўёбга чиқишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпиони Луиза ўаниева. – Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан Олимпиададан ёруғ юз билан қайтишга ваъда берамиз.
Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид Ўзбекистон спорт делегациясига бўлажак мусобақаларда омад ёр бўлишини тилаб, янги шеърини ўқиб берди.
Санъаткорлар иштирокида намойиш этилган концерт спортчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
ХХХI Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари анъанага мувофиқ Мустақиллик ва эзгулик монументи, Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гул қўйди.
– Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш асносида халқаро майдонларда эришаётган барча ютуқларимиз истиқлол туфайли эканини яна бир бор чуқур ҳис этдик ва ушбу муаззам майдонда туриб Олимпиададан ёруғ юз билан қайтишни мақсад қилдик. Президентимиз халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида мени бағрига босиб, Олимпия ўйинларида чемпион бўлишимга ишонч билдирди. Президентимизнинг ишончи менга далда бўлади! – дейди бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Баҳодир Жалолов. – Олимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб чиқиш менга топширилганидан фахрланаман. Президентимиз томонидан спортчиларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликка жавобан Олимпия ўйинларида юксак натижаларга эришиш учун барча куч ва салоҳиятимизни ишга соламиз.
– Спорт оламининг энг нуфузли мусобақаси – Олимпия ўйинларида жонажон Ўзбекистонимиз байроғини баланд кўтариб, мадҳиямизни янгратиш биз, спортчилар учун юксак шарафдир, – дейди юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионати совриндори Элмурод Тасмуродов. – Чунки ўз тақдирини мана шу юрт тақдири билан муштарак кўриш, Ватан шаънини ҳимоя қилиш – энг улуғ бахтдир!
– Биз не-не улуғ алломаларга бешик бўлган буюк юрт фарзандлари эканимиздан фахрланамиз, боболаримизга муносиб ворис бўлишни бурчимиз, деб биламиз, – дейди таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нигора Турсунқулова. – Мақсадимиз Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган XXXI ёзги Олимпиадада Ўзбекистон спортчилари истеъдоду салоҳиятда, тажриба ва маҳоратда ҳеч кимдан кам эмаслигини ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини яна бир бор исботлашдир.
Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов иштирок этди.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА мухбирлари
Т.МАМАДАМИНОВ,
О.МИРСОАТОВ,
Ё.ШАМСИДДИНОВ,
О.ўуломов
(ЎзА) олган суратлар

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб болалар ва ўсмирлар ўртасида бокс бўйича вилоят о...
01 янв 1970
Cўнгги пайтларда “Бунёдкор” футбол клуби атрофида юз бераётган воқеалар ҳеч бир футбол мухлисини беэътибор қолдирмаяпти....
01 янв 1970
Ўзбекистон болалари ҳеч кимдан кам эмас, деб доим таъкидлаб келамиз. Тўғри, кимгадир бу сўзлар баландпарвоз туюлиши мумкин. ...
01 янв 1970
Юртимизда амалга ошрилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида шаҳарларимизда нуфузли тадбир ва мусобақаларни ўтказиш учун қулай шарт-шароитлар ярат...