Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда янги қонун мустаҳкам ҳуқуқий асосдир

/
Юртимизда мустақиллик йилларида баркамол авлод камолоти, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўғил-қизларни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига ўзига хос тарзда, замонавий усуллар асосида ёндашилмоқда, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари тизимли равишда такомиллашиб бормоқда.
Бугун мамлакатимиз ёшлари томонидан эришилаётган улкан ютуқлар замирида истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб ёшлар тарбияси, таълими, умуман, кадрлар тайёрлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилгани мужассам. Мамлакатимизда ёшларга берилаётган эътибор, уларга давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик миқёси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Истиқлол йилларида давлатимиз томонидан ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, баркамол авлод камолоти учун хизмат қилувчи ҳуқуқий асосларни яратиш борасида ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилди. Хусусан, ўтган йиллар давомида ёшларга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 20 дан ортиқ қонун, мамлакатимиз Биринчи Президентининг 30 дан ортиқ фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 100 га яқин қарорлари қабул қилинди.
Айниқса, 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур қонун тайёрланиш жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча фракциялар қатори Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан ҳам кенг муҳокама қилинди ва партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларидан келиб чиқиб, илгари сурилган қатор таклифлар асосида маромига етказилди. Ушбу қонундаги асосий янги қоидалар ёшларни ҳар томонлама, айниқса, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида партиямиз томонидан илгари сурилган ғояларга мос эканлигини алоҳида қайд этиш ўринлидир.
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги қонун ўз моҳиятига кўра, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни назарда тутади. Қонуннинг амалга татбиқ этилиши ижтимоий ҳимоянинг махсус чора-тадбирларига муҳтож бўлган ёшларга доир муносабатларни қўшимча иш жойлари ва ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака оширишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, ташкилотлар томонидан уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйишда ёрдам бериш йўли билан тартибга солиш имконини беради.
Мазкур қонундаги энг муҳим янгиликлар сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
Биринчидан, мазкур ҳуқуқий ҳужжат замонавий қонун ижодкорлиги тажрибасидан келиб чиқиб, барча талаблар ҳисобга олинган ҳолда яратилди. Аввало, қонунда энг асосийси “ёшларга оид давлат сиёсати”, “ёшлар (ёш фуқаролар)”, “ёш оила”, “ёш мутахассис”, “ёшлар тадбиркорлиги” каби тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган. Жумладан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилиши белгилаб қўйилди. Ёш оила деганда эса, 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила тушунилади.
Иккинчидан, қонунда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи ижтимой, иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар ўз аксини топган. Ўз навбатида, ушбу қонуннинг мақсади ва асосий принциплари Конституциямизга, амалдаги қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳужжатлар нормаларига асосланган.
Учинчидан, қонунда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органлари, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда мазкур жараёнда иштирок этувчи таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маданият ва спорт ишлари бўйича органлар, меҳнат органлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа ишлари бўйича органлар ҳамда бошқа қатор муассасаларнинг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ҳар бир субъектнинг ваколатлари аниқ белгиланди.
Тўртинчидан, янги қонун орқали ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми, шунингдек, улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқ ва манфатларини рўёбга чиқариш мақсадида тузилган ва фаолият олиб бораётган 600 дан ортиқ ННТлар мавжудлигини ҳисобга олсак, улар фаолиятининг асосий кафолатлари қонунда алоҳида ёритилгани эътиборга моликдир.
Бешинчидан, ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари янада кучайтирилди. Хусусан, қонун ҳужжатларида ёшлар учун мустаҳкамлаб қўйилган қўшимча кафолатлар: бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битирганидан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар алоҳида моддаларда кўрсатилди.
Шунингдек, мазкур қонун орқали мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни ташкил этишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш орқали истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам тартибга солинади.
Хулоса қилиб айтганда, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқ-манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучаётганлигини англатиш баробарида эртанги кунда мамлакатимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қайд этганидек, “Мамлакатимизнинг келажаги, ўзбек миллатининг, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай жой олиши бугун ёшларга бераётган тарбиямиз, кўрсатаётган ғамхўрлигимизга боғлиқ”.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда....
01 янв 1970
Халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди...
01 янв 1970
Инсоният тараққиётининг бугунги босқичида ахборот ва интернет технологиялари иқтисодий юксалишнинг муҳим омили сифатида ҳаётимизнинг барча соҳалари...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. ...