Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботнинг бош мезони

/
Мустақиллигимизнинг ўтган чорак асри мобайнида халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, шубҳасиз, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди. Ўзбекистоннинг бу борадаги эришган ютуқларини бугун бутун дунё эътироф этмоқда.
Бу ҳақда гап кетганда, юртимизда хотиржамлик ҳукм суриши, аҳолининг осуда ҳаёт кечириши, эркинликлари муҳофаза этилиши, кўп жиҳатдан, ички ишлар тизими фаолиятига бевосита боғлиқ эканлиги барчамизга маълум.
Жорий йилнинг 12 августида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 24 августда маъқулланиб, 17 сентябрда матбуотда эълон қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ички ишлар органлари мақоми, фаолиятининг шакл ҳамда усулларини ҳар томонлама тартибга солиш баробарида, унинг кенг кўламли ишини янги босқичга кўтарди. Саккизта боб ва 49 та моддадан иборат мазкур ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинган кундан олти ой ўтгач, кучга киради.
Хўш, ушбу қонун билан тизимда қандай янгиланишлар юз беради, унинг оддий фуқаролар учун аҳамияти нимада?
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайёрланиб, парламентнинг қуйи палатасига киритилган эди.
Мазкур қонунни қабул қилиш кўпгина омиллар билан боғлиқ бўлиб, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ҳамда бошқарувини янада демократлаштириш зарурати билан белгиланади.
Шу билан бирга, қонун ички ишлар органлари тизими ҳамда тузилишини, уларнинг мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва ваколатларини, уларнинг ходимларига нисбатан қўйилган талабларни, шунингдек, уларни ижтимоий ҳамда ҳуқуқий муҳофаза қилиш чораларини аниқ белгилаб беради.
Қонун билан ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилди. Ички ишлар органлари зиммасига фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, шахс, жамият ҳамда давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш вазифалари юклатилгани уларнинг жамият ва давлат олдидаги масъулиятини сезиларли даражада оширади.
Шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари сифатида қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этиш ва ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ҳамда қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофлик каби умуминсоний қадриятлар мустаҳкамланган.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос равишда қонунда ички ишлар органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳимоя қилинишини таъминлаши белгиланди.
Шу билан бирга, унда ички ишлар органларининг умумий ва махсус компетенцияси, яъни мажбурият ҳамда ҳуқуқлари, ваколатларини аниқ белгилашга қаратилган нормалар мустаҳкамланди. Ички ишлар органида хизматни ўташ тартиби ва шартлари, ички ишлар органлари ходимлари ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси кафолатларига доир нормалар белгиланди.
“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун республикамизда ички ишлар органлари ҳамда унинг ходимларининг ҳуқуқий мақомини тартибга солувчи яхлит ҳужжат сифатида ички ишлар органлари обрўсини янада мустаҳкамлаши баробарида, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, ички ишлар органларининг бошқа орган ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлигини кенгайтиради ва ходимларнинг ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш бўйича масъулиятини янада оширади.
Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг тўла кучга кириши учун олти ойлик муддат белгиланганига сабаб амалдаги бир қатор қонуности ҳужжатларини унинг нормаларига мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарур.
Бир сўз билан айтганда, янги қонун юртимизда фуқаролар ҳаёти, соғлиғи, ҳуқуқ ва эркинликлари, мол-мулки, жамият ҳамда давлат манфаатларини ҳар қандай ғайриқонуний тажовузлардан ҳуқуқий ҳимоялашни юқори поғонага кўтаришга хизмат қилади.
Ушбу ҳуқуқий ҳужжат Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлаш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга кенг жорий этиш каби энг муҳим дастурий мақсадларимиз рўёби йўлида ҳуқуқий асос бўлиши билан ҳам биз учун аҳамиятлидир.
Умиджон СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2016 йил 11 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди ва к...
01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. ...
01 янв 1970
Сурхон дарёсидан уч километрча узоқликда жойлашган “Узунқишлоқ” ҳудуди дарёнинг ўнг қирғоғи тарафида 2-3 километрга чўзилиб кетганлиги ...