Сув келтирган элда азиз

/
Сурхон дарёсидан уч километрча узоқликда жойлашган “Узунқишлоқ” ҳудуди дарёнинг ўнг қирғоғи тарафида 2-3 километрга чўзилиб кетганлиги диққатингизни тортади. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, қишлоқнинг номи ҳам шундан келиб чиққан экан. Қишлоқ аёллари касаначилик билан шуғулланишмоқда. Каштачилик ва гилам тўқиш яхши ривожланган. Маҳалла аҳли эса асосан деҳқончилик билан тирикчилик қилади. Шунинг учун сувнинг қадрини жуда яхши билишади.
“Адолат” газетасининг ўтган сонида “Узунқишлоқда ичимлик суви таъминоти яхшиланди” сарлавҳали мақолани ўқиган қишлоқдаги мухлислар Сурхондарё вилоят партия ташкилотига қўнғироқ қилиб, аввало, бу хайрли ишдан мамнун эканликларини айтиб, дил сўзларини таҳририятга ҳам етказиб қўйишимизни сўрашди.
— “Узунқишлоқ” МФЙга қарашли ушбу қишлоқда мавжуд қудуқлар таъмирталаб, сув жуда лойқа ва ичишга яроқсиз бўлиб қолган эди, — дейди маҳалла раиси Одилжон Умрзоқов. — Бу муаммони ҳал этишга маҳалланинг қурби етмасди. Тоза ичимлик суви таъминоти масаласи узоқ йиллардан буён қишлоқ аҳлини қийнаб келганлиги рост. Мураккаб экологик шароитда муаммонинг жиддийлигини эътиборга олиб, унга ечим топишда Узун туманидан Қонунчилик палатасига сайланган депутат, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаровдан амалий ёрдам сўраш ҳақида келишиб олдик. Жорий йилнинг июнь ойи бошида Наримон Умаров бошчилигида депутатлар Узун туманида аҳоли билан мулоқотлар ўтказиб, қишлоғимиз аҳлидан ҳам ҳол-аҳвол сўрашди. Қишлоқ аҳли ичимлик суви таъминотидаги муаммолар ҳақида баён этишди.
Тез орада Н.Умаров ташаббуси билан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида лойиҳа ишлаб чиқилиб, уни амалга оширишга киришилди. Маҳалладаги сув иншоотларини реконструкция қилиш ва таъмирлашга каттагина маблағ керак эди. Депутатнинг таклифи асосли ва пухта бўлса, ҳомийларни жалб этиш мақсади ҳам самарали тарзда амалга ошар экан. Муҳими, бу хайрли ишга республика “Экосан” халқаро экология ва саломатлик жамғармаси катта ҳисса қўшди. Мазкур жамғарма томонидан 30,5 миллион сўм ҳомийлик маблағи ажратилди.
Газетада чиққан мақолада таъкидланганидек, лойиҳага мувофиқ бир қатор ишлар қилинди. Маҳалладаги 2 та артезиан сув қудуғи, сув минораси таъмирланиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган 500 метр узунликдаги сув қувурлари янгиланди. Молиялаштирилган маблағ ҳисобидан ЭЦВ-6 сув насоси ва унга тегишли электрокабеллар, каскад қурилмаси ва сув қувурлари харид қилинди. Эзгу ишга бош қўшиб, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш юмушларини бажарган Сариосиё туманидаги “Изоляция” кичик корхонаси бунёдкорларидан ҳам хурсандмиз.
Ҳозирда нафақат қишлоғимиз аҳолиси, балки “Узунқишлоқ” МФЙга қарашли “ўунча” қишлоғида истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам ичимлик суви келганидан қувониб, мазкур сув иншоотидан фойдаланишмоқда. Бу икки қишлоқ йўлнинг икки тарафида жойлашган, демак, девор-дармиён қўшнилармиз.
— Аввал эскириб қолган артезианлардан бир амаллаб сув олиб, тиндирардик. Узоқ йўл юриб қўшни қишлоқлардан ичимлик суви таширдик. Айтишга осон, ёзги жазирама ёки қишнинг совуқ кунларида бу юмуш кўп ноқулайликлар пайдо қиларди. Бунинг учун махсус ускуна, транспорт хизмати йўлга қўйилмагани боис одамлар арава ёрдамида, ўз шахсий автоуловларидан фойдаланиб сув ташиб келтиришарди, — дейди маҳаллада яшовчи Гулсара Менглиева. — Бу ҳам вақтимизни оларди, ҳам бошқа фойдали ишларимизни орқага сурарди. Эндиликда қишлоқдошларимиз ҳаёт манбаи бўлган сув таъминотининг яхшиланганидан миннатдор бўлишмоқда.
Хуллас, минглаб фуқаролар яшаётган иккала қишлоқ аҳолиси яратилган янги қулайликлардан, беками кўст ишлаётган сув иншоотидан фойдаланишмоқда.
“Узунқишлоқ” МФЙга келтирилган сув қувури маҳаллада жойлашган 11-умумтаълим мактаби жамоасини ҳам қувонтирди. 400 нафарга яқин ўғил-қиз таълим олаётган мазкур мактабнинг қирққа яқин педагог-ходимлар жамоаси сув таъминоти яхшиланганининг ҳаётий аҳамиятини чуқур англайди. Боиси мактабдаги санитария ва гигиена қоидаларига доимий риоя қилиш, аввало, ичимлик суви таъминотига боғлиқ. Мактабда ходимларнинг узоқ жойдан сув ташиб келтиришига тўғри келганини, эндиликда бундай оворагарчилик барҳам топгани ҳақида муаллимлар ҳам сўзлаб беришди.
— Болалар соғлом бўлиши учун бошқа омиллар билан бир қаторда тоза ичимлик суви алоҳида ўрин тутади. Бу ҳаётий неъмат мактабда ҳар бир ўқувчининг кундалик эҳтиёжига етарли тарзда бўлиши шарт, — дейди 11-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Даврон Эргашев. — Буни ўқувчиларнинг таълим-тарбияси, соғлиғига масъул жамоамиз аҳли яхши тушунади. Муаммо ечим топди, депутатнинг саъй-ҳаракати туфайли сиёсий партияга хайрихоҳлигимиз ортганини алоҳида таъкидламоқчиман.
— Халқимизда сув келтирган элда азиз, деган нақл бор, — дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Иномжон ота Умрзоқов. — Депутат кўмаги билан икки қишлоқ аҳли тоза сувдан баҳраманд бўлмоқда. Ҳомийлар ҳам, қурувчилар ҳам қараб тургани йўқ, ўз ёрдамини аяшмади. Ҳаммаси эл дуосини олишди, барака топсин. Биз, кексалар маҳалламиз учун хайрли ва савобли ишлар қилаётган фидойи инсонларга раҳмат айтамиз.
Бу фикр-мулоҳазалар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган хайрли иш қишлоқ аҳлининг партиямизга бўлган ишончини оширганлигини ҳам ифодалаб турибди.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Сурхондарё вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Халқимизнинг қўлга киритган энг муҳим бойлиги бу, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик десак, асло муболаға бўлмайди...
01 янв 1970
Мамлакатимизда бугун ёшлар учун яратилаётган ша­роитлар, имкониятлар минглаб иқтидор эгаларини кашф этишга хизмат қилмоқда. Айниқса, ташкил эти...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакатимизнинг бугунги тараққиёт босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун ло...
01 янв 1970
Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг л...