Тараққиёт кушандаси

/
Бугунги глобаллашув жараёнида, мамлакатлар ва минтақалараро интеграция кучайган, чегаралар шаффофлашган даврда ҳеч бир давлат, алоҳида олинган ҳудуд коррупциядан холи ҳолда фаолият юритолмайди. БМТ Тараққиёт дастури жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 2,6 триллион доллар маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хафли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани келтиришини бот-бот таъкидлаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, давлатларнинг сиёсий тузилиши, иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасидан қатъи назар, коррупция бутун дунёнинг кенг кўламли муаммосига айланиб бўлган.
Хўш, коррупция нима ўзи? Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган лотинча “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Қонунларимизда бу атамага шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши сифатида таъриф берилган. Демак, ўз-ўзидан аёнки, давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Бошқача айтганда, муайян давлатда коррупциянинг ривожланиши ўша давлатнинг иқтисодий-маънавий таназзулига олиб келади. Айни пайтда, тарихий тажриба ва давримиз воқеликлари, хусусан, баъзи янги мустақил давлатларда юз бераётган сиёсий силсилалар коррупция хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид солишини яққол намоён этмоқда.
Албатта, бу ўринда умумий жиҳатларини, ўхшашликларини эътироф этган ҳолда, коррупциянинг вужудга келиш ва ривожланиш сабаблари турли мамлакатларда тарихий босқич ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт даражасига мутаносиб равишда турлича бўлиши мумкинлигини эътироф этиш лозим. Шу сабабли коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам беришнинг ягона, ҳаммабоп йўриқномасини, универсал маъмурий-ҳуқуқий воситаларини ишлаб чиқиш амалда анча мушкул иш.
Чиндан ҳам, агар коррупция соф иқтисодий ҳодиса бўлганида эди, дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари бу иллатдан буткул холи бўларди. Ваҳоланки, жаҳоннинг обрўли ижтимоий тадқиқот марказлари ҳамда Жаҳон банки маълумотларига қараганда, коррупция даражаси Канадада – 19, Германияда – 21, Буюк Британияда – 22, Японияда – 24, АҚШда – 26, Грецияда 31, Италияда эса 57 фоизни ташкил этади! Бу борадаги кўрсаткичнинг энг қуйи даражаси 8 фоизни (Дания, Швеция, Финляндия), энг юқори даражаси эса 92 фоизни (Сомали, Жанубий Судан) ташкил этаяпти.
Жаҳон мамлакатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш мақсадида жуда кўплаб конвенция, пактлар ва бошқа турдаги халқаро ҳужжатлар қабул қилиниб келинмоқда. Жумладан, БМТнинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган, ниҳоят 2003 йил 9 декабрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси мазкур ҳуқуқий меъёрларнинг энг асосий халқаро ҳужжати ҳисобланади. 2004 йилдан бошлаб 9 декабрь Халқаро коррупцияга қарши кураш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Мамлакатимиз мазкур халқаро ҳужжатга қўшилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан “Бирлашган миллатлар ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги қонун 2008 йил 24 июнда қабул қилиниб, ўша йилнинг 27 июнида Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланди ва 2008 йил 28 августдан эътиборан кучга кирди.
Айни пайтда коррупцияга қарши изчил кураш олиб боришда иқтисодий-сиёсий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади. Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Бироқ ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмайди. Чунончи шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш коррупциянинг олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжини вужудга келтирди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шак-шубҳасиз, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу иллатга қарши курашнинг ҳуқуқий механизми яратилган, давлат ва жамият тақдири, халқ келажагига, қолаверса, ҳар бир фуқарога дахлдор бўлган муҳим ҳужжатдир. Шуни мамнуният билан айта оламизки, 2017 йилдан бошлаб юртимизда коррупцияга қарши курашнинг сифат жиҳатдан янги, жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаб, бартараф этишга асосланган босқичи бошланди. Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан 50 дан ортиқ бандни қамраб олган ва 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши кураш бўйича давлат дастури фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириб, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашдаги фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилмоқда. Республикамизда коррупцияга қарши кураш идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши натижасида коррупцияга қарши кураш тизимидаги бир-бирининг функциясини такрорлаш, бир-бирига халал бериш, каби салбий ҳодисаларга барҳам берилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, «...шу йилнинг 9 ойида коррупция билан боғлиқ жиноятлар ўтган йилга нисбатан 33 фоизга камайди. Биз бундай натижаларни коррупцияга қарши кураш борасидаги узоқ ва давомли фаолиятимизнинг дастлабки самараси деб қабул қилишимиз, бу йўлда янада қатъий иш олиб боришимиз шарт».
Шу билан бир қаторда коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш давр талабидир. Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етук бўлган фуқаролар коррупцияга йўл қўймайдилар.
Шу сабабли ҳам биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият, жумладан, сиёсий партиялар, депутатлар назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ана шундагина коррупцияга қарши кураш изчил ва тизимли равишда, муросасизлик билан амалга оширилади.
Тошпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Азалдан маҳалла институти юртимизда ҳукм сураётган тинч-осо­йишта ҳаёт, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, ёшларни миллий ҳамда ...
01 янв 1970
Яқинда Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда 2020 йил Давлат бюджети параметрларини сўзсиз ижро этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган маса...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида су...
01 янв 1970
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда....