Ўсимликлар карантини хизмати фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

/
Ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш устида қизғин иш олиб борилмоқда. Республикамиз ҳудудига ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган ўсимликлар карантинидаги зарарли организмлар кириб келишининг олдини олишда ушбу қонуннинг аҳамияти катта бўлди.
Таъкидлаш жоиз, амалдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, у бугунги кун талаблари, айниқса, илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни амалга жорий этиш нуқтаи назаридан мазмунан эскирган эди. Умуман, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётни жадал ривожлантиришда ўсимликлар дунёсига зарар етказиши мумкин бўлган зарарли организмлардан ҳимояланиш алоҳида аҳамиятга эга.
Ушбу масаланинг долзарблигидан келиб чиқиб, 2017 йил 30 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекциясини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга асосан, ўсимликлар карантини қоидалари ва фитосанитария нормаларининг бажарилиши устидан давлат назорати тизимини янада такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мақбул фитосанитария шароитларини таъминлаш мақсадида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги таркибидан чиқарилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида Инспекцияга айлантирилди. Унинг зиммасига жуда муҳим вазифалар юклатилди.
Мазкур фаолият ташкилий тузилмасининг ўзгариши унинг ҳуқуқий асосларини ҳам такомиллаштириш лозимлигини тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси асосида янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг лойиҳаси киритилди.
Ушбу лойиҳани парламент қуйи палатаси депутатлари биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилди. Мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш ва уни маромига етказишда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасининг муҳокамасида ўсимликлар карантини соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар, олимлар, агрономлар билан фикрлашган ҳолда иш олиб борилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари ўз сайлов округларига борганда мутахассислар билан мазкур қонун лойиҳасини муҳокамадан ўтказдилар. Уларнинг таклифлари асосида лойиҳани такомиллаштирмоқдамиз.
Умуман, янги таҳрирдаги “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштиришга, карантин хизмати фаолиятига замонавий хорижий технологиялар ва иш услубларини жорий этишга ҳамда халқаро савдо алоқаларини ривожлантиришда ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари билан савдо алоқаларини йўлга қўйишда фитосанитар хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, импорт ва экспорт билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари амал қилиши керак бўлган зарарли ўсимлик касалликлари, ҳашаротлар ва бегона ўтлар кириб келишининг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва нормаларни жорий қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, қонуннинг қабул қилиниши амалиётда юзага келаётган муаммоларни ва қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган бўшлиқларни бартараф этиши билан аҳамиятлидир.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш мақсадида Президентимиз томонидан қабул қилинган бир қатор фармон ва қарорлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари жорий йилдаги фаолиятида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратм...
01 янв 1970
Очиғини айтганда, бугун фуқароларимиз соғлиқни сақлаш соҳасидан рози эмас. Қайси вилоятга чиқманг, фуқаролар тиббий хизматлар сифатининг қониқа...
01 янв 1970
Мақсадга эришишда инсонга билдирилган ишонч энг катта қадамлардан бири саналади. Айнан мен каби ёшларга бундай имкониятнинг берилиши ёшларнинг ўз в...